Урф-одатларимиздаги исрофгарчилик ва унинг оқибатлари
15 январ 2026 й.
345 марта ўқилди.

Урф-одатларимиздаги исрофгарчилик ва унинг оқибатлари

Халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналари асрлар давомида шаклланиб, миллий ва диний қадриятлар билан уйғун ҳолда ривожланиб келган. Меҳмондўстлик, саховат, эҳсон ва хайр-садақа каби фазилатлар халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бироқ сўнгги йилларда айрим урф-одатларнинг асл мазмунидан чекиниб, исрофгарчилик ва кераксиз дабдабага айланиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бу эса нафақат иқтисодий, балки диний ва ахлоқий муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Ислом динида исрофгарчилик қатъий қораланади. Исроф — эҳтиёждан ортиқча сарф қилиш, неъматнинг қадрига етмаслик, уни ноўрин ишлатиш демакдир. Қуръони каримда исрофгарчиклар ҳақида огоҳлантириб шундай дейилади: “Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”. (Аъров сураси, 31-оят)
Бу оятдан маълум бўладики, ислом ҳалол неъматлардан фойдаланишни ман этмайди, аммо меъёр ва мувозанатни сақлашни буюради. Исроф эса шайтоний хулқлардан бири сифатида баҳоланади ва инсонни кибру-ҳаво, риё ва манманликка етаклайди.
Бугунги кунда исрофгарчилик ҳолатлари айниқса тўй-маросимлар, аза ва бошқа оммавий йиғинларда яққол намоён бўлмоқда. Баъзи оилалар ўз имкониятидан ошиб, қарзга ботиб бўлса ҳам дабдабали тўй қилишга уринади. Бу ҳолат “одамлар нима дейди” деган нотўғри ижтимоий босим билан янада кучаяди.
Шунингдек:
• ортиқча таом тайёрлаб, унинг катта қисмини чиқиндига ташлаш;
• ҳашаматли либос ва буюмларни риё учун харид қилиш;
• фарзандларнинг келажаги учун ажратилиши лозим бўлган маблағни бир кунлик маросимга сарфлаш
каби ҳолатлар исрофгарчиликнинг кенг тарқалган шаклларидир.
Исрофгарчиликнинг оқибатлари
Исрофгарчиликнинг оқибатлари биргина моддий зарар билан чекланмайди. Унинг диний, ахлоқий ва руҳий салбий таъсири ҳам мавжуд:
1. Барканинг йўқолиши
Ислом таълимотига кўра, исроф қилинган мол-дунёдан барака кетади. Кўп сарфлаган одам кўп фойда кўрмаслиги айнан шу сабаб билан изоҳланади.
2. Қарз ва ижтимоий тенгсизлик
Дабдабага берилган оилалар қарзга ботиб, кейинчалик оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолади. Бу эса жамиятда ижтимоий тенгсизликни кучайтиради.
3. Риё ва кибру-ҳавонинг кучайиши
Исроф кўпинча бошқаларга кўриниш, мақтаниш ва обрў орттириш нияти билан қилинади. Бу эса ихлос ва самимиятга зид ҳолатдир.
4. Ахлоқий қадриятларнинг заифлашуви
Ёш авлод дабдаба ва кўр-кўрона тақлид муҳитида улғайса, меҳнат, қаноат ва шукр каби фазилатлар қадрсизланиб боради.
Ислом дини исрофгарчиликка қарши қаноат, тежамкорлик ва меъёр тамойилларини илгари суради. Қаноат — борига шукр қилиб, ҳалол йўл билан яшашдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари бунга энг гўзал намуна бўлиб, улар оддий ҳаёт кечирганлар ва умматни ҳам шунга даъват этганлар.
Хулоса қилиб айтганда, ўзбек урф-одатларидаги исрофгарчилик ҳолатлари диний таълимотларга зид бўлиб, жамият ва оила барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади. Асл анъаналаримиз исроф эмас, балки саховат, қаноат ва ихлос асосига қурилган. Шунинг учун урф-одатларни адо этишда исломий меъёрларга амал қилиш, дабдаба ва риёдан тийилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Суннатуллоҳ Фахриев,
“Ҳазрати бобо” жомеъ масжиди имом-хатиби 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:44
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram