НИКОҲ, ТЎЙ ВА УНДАГИ ИСРОФГАРЧИЛИК
15 апрел 2026 й.
431 марта ўқилди.

 НИКОҲ, ТЎЙ ВА УНДАГИ ИСРОФГАРЧИЛИК

Бугунги кунда жамиятимизда энг долзарб масалалардан бири — тўй маросимларида ортиқча сарф-харажатлар ва исрофгарчилик ҳолатларидир. Ислом динида исроф қилиш, яъни ортиқча харажатга йўл қўйиш қатъий қораланади. Қуръони каримда: “Исроф қилувчилар шайтоннинг биродарларидир”, деб таъкидланган (Исро сураси, 27-оят).

Аслида тўй — бу янги оила қуриш муносабати билан ўтказиладиган қутлуғ маросим бўлиб, яқинлар ва дўстлар билан қувончли лаҳзаларни баҳам кўришга хизмат қилади. Бироқ бугунги кунда айрим ҳолларда тўйлар ортиқча дабдаба, керагидан зиёд харажат ва ижтимоий босим таъсирида ўтказилаётгани кузатилмоқда. Бу эса нафақат оилавий бюджетга салбий таъсир кўрсатади, балки ёш оиланинг келгуси ҳаётига ҳам оғир юк бўлиб тушиши мумкин.

Кўпинча “бошқаларникидан кам бўлмасин” деган тушунча сабабли 300–500 нафар меҳмонга мўлжалланган катта зиёфатлар уюштирилади. Қимматбаҳо келин либослари, куёв кийимлари, тўйхоналарни ҳашаматли безаш, хизмат кўрсатиш турларининг ортиқча кўплиги катта харажатларни талаб қилади. Айниқса, тўйларда тайёрланган таомларнинг катта қисми истеъмол қилинмай, исроф бўлиб кетиши ачинарли ҳолдир.

Шу боис, тўй маросимларини оқилона ва меъёр асосида ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, тўй олдидан аниқ харажатлар режасини тузиш, ҳар бир сарфни оила бюджетига мос равишда белгилаш, фақат яқин қариндош ва дўстларни таклиф этиш мақсадга мувофиқдир. Катта дабдабали зиёфат ўрнига ихчам ва самимий маросим ўтказиш ҳам маъқул ечим бўла олади.

Шунингдек, келин либоси ва куёв кийимларини ижарага олиш ёки нисбатан арзон вариантларни танлаш, тўйхона ва безакларни содда, бироқ нафис услубда ташкил этиш орқали ортиқча харажатларнинг олдини олиш мумкин.

Энг муҳими, “ким нима дейди?” деган фикрдан воз кечиб, тўйни бошқаларга тақлид қилиб эмас, балки ўз имконият ва истаклардан келиб чиқиб ўтказиш лозим. Зеро, тўй — бир кунлик дабдаба эмас, балки янги оиланинг бахтли келажагига қадамдир.

Хулоса қилиб айтганда, тўйларнинг асосий мақсади — барокатли оила қуришдир. Шунинг учун исрофгарчиликдан йироқ бўлиб, тежамкорлик ва оқилона ёндашувни танлаш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Чунки тежамкорлик — бу донолик белгисидир.

Жамиятимизда тўйхоналар нафақат шодийона маскани, балки маънавият ўчоғига айланиши, бу борада катта авлод ва жамоат фаоллари ўзлари ибрат кўрсатиши мақсадга мувофиқдир.

Шофиркон тумани, Дўрмон МФЙ отинойиси
Ойнисо Йўлдошева

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:30
Пешин: 13:10
Аср: 18:10
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:35
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram