Исрофдан сақланишлик - динимиз кўрсатмасидир.
28 март 2017 й.
2738 марта ўқилди.

 Исрофдан сақланишлик - динимиз кўрсатмасидир.

 
Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ таолонинг суюкли ҳабиби Муҳаммад Мустафо (с.а.в) га салавоту саломлар бўлсин!
Муқаддас Ислом динимиз сизу-биз инсонларни Аллоҳ таоло ато қилган неъматларни бирортасини ҳам исроф қилмасликка чақиради. Аллоҳ таолонинг неъматларини исроф қилишлик, албатта бу - гуноҳ амаллардан ҳисобланади.
Аслида "Исроф" араб тилидан таржима қилинганда "ҳаддидан ошиш" , "ҳисобсиз тарзда ишлатиш" деган маъноларни англатади. Халқимиз орасида эса, одатий муомалада "исроф" сўзи "нест-нобут қилиш", "неъматни қадирламаслик ", "увол қилиш" каби сўлар билан ишлатилади.
Бу ҳақда Аллоҳ таолонинг муборак каломида шундай деб марҳамат қилинган: 
 وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай. (Аъроф сураси 31-оят)
 ( Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тафсир ҳам бор. Ҳорун ар-Рашиднинг бир насроний ҳозиқ табиби бор эди. У бир куни уламолардан Али ибн Ҳусайн ибн Воқидга: “Қуръон китобларингизда табобат хусусида ҳеч нарса йўқ. Ваҳоланки, илм икки хилдир. Бири – дин илми, иккинчиси – бадан, яъни тиб илми”, деганида, у жавобига: “Аллоҳ таоло табобатнинг ҳаммасини яримта оятга жойлаб қўйган”, – деб, мазкур оятни ўқиб берганида табиб: “Пайғамбарингиз бу хусусда ҳеч нима демаган”, – дебди. Шунда олим: “Аксинча. Ошқозон дард манбаи, парҳез – барча давонинг боши. Баданни унга мос нарса билан парвариш қил!” - деган ҳадисларини ўқиб берибди. Шунда табиб: “Китобингиз билан Пайғамбарингиз Жолинус ҳакимга табобатдан ҳеч нарса қолдирмабди”, – деган экан .)
Банда Аллоҳ таоло унга ато қилган неъматларидан эҳтиёжига яраша фойдаланишлиги, эҳтиёжидан ортиқчасидан эса тийилишлиги лозим. Зотан, эҳтиёжидан ортиқчаси исроф бўлади. Исрофгарни эса Аллоҳ таоло ёқтирмаслигини юқоридаги оятда таъкидлаб ўтилди.
Албатта Аллоҳ таолонинг бандалари устидаги неъматлари ҳар туроли кўринишда бўлади. Банданинг зиммасидаги вазифа эса ўша ато қилинган неъматларни исроф қилмаган ҳолда фойдаланишдан иборат.
Сувни исроф қилиш.
Сув бу - ҳаёт манбаи. Биз ҳаётимизни сувсиз тасаввур қила олмаймиз. Сувдан ҳам ўзимизнинг истеъмолимиз учун, чорполаримиз, набототу-ўсимликлар учун ҳам, баданимизни, кийимларимизни поклашлик учун ҳам фойдаланамиз.
Аллоҳ таолонинг муборак каломи Қуръонда бу ҳақида шундай дейилган:
أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاءَ الَّذِي تَشْرَبُونَ
Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?!
أَأَنْتُمْ أَنْزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنْزِلُونَ
Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?!
لَوْ نَشَاءُ جَعَلْنَاهُ أُجَاجًا فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ
Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, (шу оби ҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?! 
(Воқеа сураси 68-70 оятлар)
Барчаларимизга маълумки Ер шарининг 3/2 қисми сувдан иборат, қолган бир қисми эса қуруқликдан иборат. Лекин, Ер юзасининг кўп қисми сув билан қопланганлигига қарамасдан ўша 3/2 қисм сувнинг бор-йўғи 3 фоизигина истеъмолга яроқли бўлган ичимлик (чучук) сувдан иборат холос. Аммо бизлар кўпинча ушбу ичимлик сувининг исроф бўлаётганига гувоҳи бўламиз. Кўпчилигимиз шунга одатланиб қолганмизки ёзнинг жазирама, иссиқ кунларида қовун-тарвуз, ичимликларни салқинлатиш мақсадида, тоза ичимлик сувидан фойдаланамиз. Ахир бу ҳам ичимлик сувини исроф қилишликка киради. Яна кимлардир эса ҳовлини салқинлатиш мақсадида ушбу ичимлик сувидан фойдаланиб, сувни исроф қилишади. Ўша мева-чевалар, ичимликларни ёки ҳовлни бошқа йўл билан ҳам салқин қилинса ҳам бўлади. Айнан ичимлик сувидан эмас, балки ариқ сувлари орқали, турли музлаткичлар ёрдамида ёки яна бошқа бир усуллар орқали совитилса ичимлик сувининг исрофидан сақланилган бўлар эдик. Худди шунингдек машинани ювганда ҳам сувнинг жўмрагини очиб қўйиб, сувни бекордан-бекор увол қилиб эмас, балки ўша сувни бирор-бир челакка олиб сувни увол қилмасдан ишлатилса, албатта бунда ҳам сувни исроф қилишнинг олди олинган бўлар эди. 
Таҳорат, ғусул қилганда ҳам сувни тежаб ишлатишлик лозим бўлади. Авваллари таҳорат олишлик учун идишларда сув иситилиб, сўнгра ўша сувдан оз-оздан қуйилиб таҳорат қилишарди. Ҳозирда эса сувлар барча ерларда трубалар орқали жўмракларда иссиқ ва совуқ сувлар муҳайё қилиб қўйилган. Лекин бу сувнинг жўмрагини очиб қўйиб сувни бемалол ишлатаверинг дегани эмас, балки сувни тежаб, ортиқча исроф қилмасдан ишлатишлик лозим бўлади. Зотан Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг таълимотларида ҳам таҳорат пайтида сувни исроф қилмасдан ишлатишлик таъкидлаб ўтилган. Жумладан Ўзларининг муборак бир ҳадисларида шундай деб марҳамат қилганлар: "Гарчи оқар дарёда бўлсанг ҳам, таҳоратда сувни ортиқча ишлатиш исрофдир " (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Бизлар бир нарсани ёдимиздан чиқармайлик, бизлар бу ерда сувдан бемалол фойдаланиб турган пайтимизда, ер юзининг қайсидир чекка-чекка жойларида биз бемалол ишлатиб турган сувга қанчадан-қанча инсонлар муҳтож ҳолдадир. Албатта бу Аллоҳ таолонинг улкан неъматидир. Ушбу сув неъматини қадирлашликни, уни исроф қилмасдан тежаб фойдаланишни аввал ўзимиздан, ана ундан кейин эса қавму-қариндош, қўни-қўшни, ёру-дўстларимизга ўргатадиган бўлсак, ушбу амалимиз билан аҳолинигн сув етиб бормаган минтақаларига, ичимлик сувини етиб боришлигини таъминлаган бўламиз ва шу туфайли бу дунёда улкан ютуққа, Аллоҳнинг ҳурига борганимизда эса улкан ажрга сазовор бўлган бўламиз.
Озиқ-овқатлардаги исрофгарликлар.
Яратганга беҳисоб шукроналар бўлсинки ҳозирда барчаларимиз тўкин-сочинлик, мўл-кўлчилик, тинчлик бир замонда яшаяпмиз. Лекин, ҳозирги кунимизда кўпгина нозу-неъматлар, озиқ-овқатларнинг исрофи жуда ҳам кўпайиб кетди. Айниқса тўй-ҳашамларда, марака-маросимларда, ҳаттоинки баъзи таъзия маросимларида ҳам исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда. Бирор-бир тўйга, маракага ёки баъзи бир таъзияларга борадиган бўлсангиз даврадаги нозу-неъматларнинг кўплигидан пиёлани қойишликка жой тополмай қоласиз. Албатта нозу-неъматларнинг кўплиги бу яхши, лекин ҳар бир нарсанинг ўзига яраша ҳад-ҳудуди, чегараси, меъёри бор. Ушбу чегарадан чиқмаган ҳолатда, неъматларни нобут, исроф қилмасдан туриб ишлатишлик, албатта бу ҳақиқий мўъминлик белгиси ҳисобланади. Баракатопкур, ахир ушбу неъматларни Аллоҳ таоло инсониятга бир-бирови билан ким ўзарга мусобақалашишлик учун эмас, балки инсон ўзининг эҳтиёжига ярашасини ишлатсин деб ато қилган. Неъматни исроф қилиб, увол қилиш, албатта бу ҳаром амалдир. Ваҳолангки Аллоҳ таоло сизу-биз мўъмин-мусулмонларни ўзаро гуноҳ, маъсият ишларда эмас, балки  эзгу, савобли ишларда мусобақалашишга чақирган. Ўтган улуғларимиз, саҳобаи киромларимиз ҳам бир-бирлари билан савобли, эзгу амалларда мусобақалашишган.
Банданинг таомни ҳаддан ошиқ истеъмол қилиши ҳам аслида исрофга киради. Таомни ҳаддан ошиқ истеъмол қилишлик ҳам аслида инсоннинг соғлиғига кону зарардир.
Киндий (р.а) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар (с.а.в) шундай деб марҳамат қиладилар: "Одам боласи тўлдирадиган идишнинг энг ёмони - қорнидир. Кишига ҳаракат қилиши учун керак бўлган миқдордаги таомни истеъмол қилиш кифоя қилади, ёки бўлмаса қорнини уч қисмга бўлсин , бир қисми таом учун, бир қисми сув учун, яна бир қисми нафаси учундир" (Имом Аҳмад ривояти). 
Яна бир ҳадиси муборакда Набий (с.а.в) шундай деб марҳамат қиладилар: "Исроф қилмаган ҳолингизда еннглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни истайди" (Имом Аҳмад ривояти).
Шу жумладан энг азиз, қадрли бўлган нон неъматини ҳам увол қилишликдан сақланишлик лозим. Қадимдан буён ота-боболаримиз нонни эъзозлашликка, уни увол қилмасликка ундаб келганлар, ҳатоинки бир донагина увоқни ҳам териб ейишликка даъват этганлар. Чунки биламизки доно халқимиз орасида бир мақол бор: "Нон ҳам нон, увоғи ҳам нон". Увоқларни жам қилинса бутун бошли нон таркиб топади. Албатта, неъматнинг катта-кичиги бўлмайди. Каттаси ҳам неъмат, кичиги ҳам ўша неъмат ҳисобланади.
Оиша (р.а) дан ривоят қилинган   муборак ҳадиси шарифда шундай дейилади: "Набий (с.а.в) уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари ерга тўкилган увоқларга тушди. Уларни териб олдилар ва тозалаб едилар. Сўнгра:"Карим (сифатли Аллоҳ таоло берган неъматлар) ни қадирлагин. Зеро, у (неъматлар) бирор қавмдан олиб қўйилса бошқа қайтиб берилмайди! " дедилар" (Ибн Можа ривояти) . Шунинг учун Аллоҳ таоло ато қилган неъматларнинг барчасини қадирлашлик банданинг зиммасидадир.
Кийим-кечаклардаги исрофгарликлар.
Инсон кийинганида ҳам исрофга йўл қўймасдан, ўзининг эҳтиёжига ярашасини олиб кийишлиги лозим бўлади. Баъзи инсонларда эса бунинг аксини кўришимиз мумкин. Моданинг ортидан қувибми ёки такаббурлик оқибатиданми билмадигу, лекин баъзилар тўртала фасл учун, ҳамда тўйга, меҳмондорликка, ёки сафарга чиққанда кийиладиган эҳтиёжидан ортиқча алоҳида-алоҳида икки-уч жуфтдан кийим бош, оёқ кийимлар муҳайё қилиб қўйилган.
Албатта инсон кийинганида чиройли, гўзал, тозо-озода ҳолда кийиниб юришлиги бу яхши, аммо кийинишда ҳам меъёр бор. Шу жиҳатларга ҳам эътибор берилса жуда яхши бўлар эди.
Табиий ресурслар (газ, электр энергияси ва шунга ўхшаш нарсалар) дан фойдаланишдаги исрофгарликлар.
Табиий газ, элетр энергияси булар ҳам Аллоҳ таолонинг сизу-биз бандаларига инъом этган улуғ неъматларидан ҳисобланади. Ушбу неъматлардан ҳам бошқа неъматлар сингари ўз меъёрида, исроф қилмаган ҳолда, керак бўлганда ишлатиб, кераксиз вақтда эса ўчириб қўйиб, оқилоналик билан ишлатилса, бунда ҳам албатта неъматни увол қилишликнинг олди олинган бўлар эди.
Ато қилинган неъматлар орасида инсон учун энг қадирлиси эса унинг умри ҳисобланади. Бошқа неъматлар қўлдан кетадиган бўлса, уни яна қўлга киритишлик мумкин, аммо инсоннинг умрини, вақтини, ёшлигини ортга қайтариб бўлмайди. Албатта барчаларимиз учун олтинданда қимматли бўлган умримиз, ўтаётган ҳар бир вақтимизнинг қадрига етайлик. Умримиздан самарали фойдаланиб қолайлик. Ўтаётган қимматли умримизни бекорчи, беҳуда нарсалар билан, гуноҳ амаллар, фисқу-фасод ишлар билан эмас, балки савобли ишлар, Аллоҳни рози қиладиган, эл-юртга манфаат келтирадиган хайрли амаллар билан ўтказмоқлигимиз лозим. Айниқса, фарзандларимизнинг ёшлик умрларини беҳуда, бекорчи кампьютер ўйинлари билан ёки интернет клубларида, тунги клубларда кераксиз, фойдасиз ишлар билан машғул бўлишликларини олдини олишлигимиз, бунинг ўрнига эса уларни илму-маърифат билан, китоб ўқишлик билан, спорт билан машғул бўлишликларини таъминлашлигимиз зарур ҳисобланади.
Албатта, элимиз, ота-боболаримиз азал-азалдан Аллоҳ таоло ато қилган ҳар бир неъматни қадрлаб келганлар, уни завол қилишдан, исроф қилишдан, неъматни уволидан сақланишган. Бизлар ҳам ота-боболаримизга муносиб авлод бўлиб, ҳар бир неъматнинг қадрига етиб, неъматни завол, исроф қилишликдан сақлансак, Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизнинг, элимиз, халқимизнинг файзу-баракасини бундан ҳам зиёда айлаб, Яратган Ўзининг неъматларини яна ҳам зиёда қилиб бераверади!
                                                                                                                      Олимжон Иллиев,
                                                                                                   Когон шаҳар "Шом" жомеъ масжиди 
                                                                                                                           имом хатиби .                    
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:48
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram