Исрофгарчиликдан сақланайлик!
30 август 2018 й.
2023 марта ўқилди.

 Исрофдан сақланайлик!

 Аллоҳ таоло инсонларни турли миллат ва элат шаклида яратиб, уларни Ер юзини макон тутиб, ундаги неъматлардан фойдаланиб ҳаёт кечиришга буюрди. Яна бандаларига беҳисоб неъматларни ато этиб қўйдики, буларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этади:  яъни: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир”. (Нахл сураси, 18-оят) Аммо инсонларга шунча неъматларини ато этиб қўйган Аллоҳ таоло уларни бу неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, асло исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони карим бундай таълим беради:  яъни: “...Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.  (Аьроф сураси. 31-оят)  Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг зарари, исрофгарнинг мазаммати ҳақида бир неча ояти карималар бор.  яъни: “(Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”. (Фуркон сураси. 67-оят)
Абдуллоҳ ибн Аббосдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди”. Яна бир ҳадисда: “Исрофгар жаннатга кирмайди”, дейилган. Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда  исрофдан сақланишга эътибор бермаймиз, исрофгарга айланиб қолаётганимизни сезмаймиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда. Ахлат уюмлари орасида энг азиз неъмат бўлмиш нон ҳам пайдо бўлгани айниқса ачинарли ҳолат. Тўйлар, байрамлар, тантаналар ва бошқа маросимлардаги исрофгарчиликлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ейишга яроқли қанча неъматлар увол бўлиб кетади.   Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Лекин тўй маросимларини меъёрида, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда ўтказишимиз керак. Ҳукуматимизнинг бу ҳақдаги қарорларига ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фатвосига амал қилган ҳолда иш тутишимиз лозим бўлади. Тўйларда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса айни савобли иш қилинган бўлади, ҳали кийишга яроқли кийимларимизни, пойабзалларимизни “урфдан қолди” деган сабаблар билан чиқариб ташлаяпмиз. Бошқалардан ортда қолмаслик учун деярли янги уйларни бузиб, ўрнига бошқасини қуряпмиз. Албатта, қурби етса бу тўқчиликдандир, лекин мен сендан қолмайман қабилида иш тутиб, қарзга ботиб, ризқни кесиб иш юритиш бу инсофдан эмас, исрофдир. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунёда  жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтожлигига қарамай,  жуда кўп мамлакатларда миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна бўлиб, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизлар тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. “Нега бундай?” десангиз, “совуқда музлаб қолади”, деб баҳона топамиз. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, салқинлатиш учун ҳовлиларимизга, кўчаларимизга ичимлик сувини сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса тежамкорлик деган нарсани батамом унутилганига иқрор бўласиз. 
Гугуртни тежаш ёки хонани иситиш мақсадида газимиз кун бўйи ёқилганича қолади. Зарурати бўлмаса ҳам уйларимизда, хонадонларимизда, ишхонамизда электр чироқлари соатлаб ёниқ туради, ҳеч ким кўрмаётган телевизорни ўчириб қўймаймиз, компьютерларимиз зарурати бўлмаса ҳам ишлайверади. Ахир, ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан”, дейди. Энг ачинарлиси, одамларимиз ҳатто исрофгарликлари билан мақтанадиган бўлиб қолишди. Буни эса болалармизга салбий таъсир қилишини сезмай қолаяпмиз. Болаларимиз катталардан ўрнак олиб, неъматнинг қадрини билмайдиган, нарсаларини бўлар-бўлмасга ташлаб юборадиган ҳолга келишди. Улар китоб-дафтарларини, ўйинчоқларини, кийим-бошини авайламайдиган, ота-оналари машаққат билан топган пул ва мулкини тежамайдиган бўлиб қолаяптилар. «Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Машаққат ва ҳамма нарсадан тежаш эвазига йиллаб йиққан молини ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборади.  Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам исрофнинг кўринишларидандир. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам, жумладан бундай дейилган: яъни: “Аллоҳнинг нозу неъматларидан хоҳлаганча еб-ичинглар, хайру эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўймангизлар!”. Ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса  буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир эҳтиёжманд оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир муҳтожни қўллаб юбориш мумкин-ку!  Исрофгарликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади.  Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади.  Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади.  Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир.  
“Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди”, дейишади. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этайлик. Ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидан эканини бирор сония ҳам унутмайлик. Шунда чин мусулмон бўламиз, чунки чин мусулмон исрофгар бўлмайди! Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳақ йўлидан чекинмаган, неъматларини исроф қилмайдиган, неъматларга шукр ва тежамкорлик билан муносабатда бўладиган солиҳ бандаларидан айласин!
 
Вобкент туман  «Хожа Махмуд Анжир Фағнавий» 
жомеь масжиди имом хатиби  Ғ. Очилов.   
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram