Исрофсиз ҳаёт – барака ва тинчлик қўргони
06 август 2025 й.
406 марта ўқилди.
Исрофсиз ҳаёт – барака ва тинчлик қўргони
Бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири – исрофгарчиликнинг олдини олишдир.
Юртимизда тинчлик ва фаровонлик ҳукм сураётган, жамиятимиз тараққиёт сари интилган бир пайтда ҳар бир инсоннинг ҳаётида ҳам одоб, ҳам масъулият устувор бўлиши шарт.
Исроф – фақат еб-ичишда эмас. У қуйидагиларда ҳам намоён бўлади:
кераксиз сарф-харажатлар;
ортиқча кийим-кечак ва тўкин дастурхон билан мақтаниш;
тўй ва маросимларда дабдабани куйлаб, халқ орасида мусобақалашиш;
вақтни, соғлиқни ва ҳатто сўзни бекорга сарфлаш.
Бундай одатлар бараканинг йўқолишига, оилаларда қарздорлик ва маҳаллаларда носоғлом муҳит пайдо бўлишига олиб келади. Демак, исроф – фақат шахсий муаммо эмас, балки жамият учун ҳам хавфли иллатдир.
Ихчамлик – ақл ва барака белгиси
Дастурхонимиздаги нон ҳам, байрамларимиздаги шодлик ҳам шукрона билан бўлса, моддий ва маънавий бойликка эга бўламиз.
Фарзандига тўй қилмоқчи бўлган ёки янги уйга кўчган ҳар бир оила ортиқча харажатсиз, муҳаббат ва самимиятга тўла маросим ўтказиши мумкин. Бу обрўга таъсир қилмайди, аксинча халқ орасида оқила оналик ва самимият намунаси сифатида қабул қилинади.
Отинойилар – барака тарғиботчилари
Биз, отинойилар, ҳар бир маҳаллада, ҳар бир тадбир ва тўйда сўзимиз, насиҳатимиз билан иштирок этамиз. Шу боис, исрофни танқид қилишдан кўра, унинг ўрнига ихчамлик ва баракани тарғиб қилишимиз зарур.
Буни қуйидаги йўллар билан амалга ошириш мумкин:
масжид ва маҳалла йиғилишларида хотин-қизлар билан учрашувларда;
оила қуриш арафасидаги ёшлар билан суҳбатларда;
тўйга тайёрланаётган оилалар билан мулоқотларда;
телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлар орқали чиқишларда.
Самимий, ҳаётий мисолларга бой суҳбатлар орқали халқимизни онгли ва ибратли йўлга бошласак, юртимизда барака, осойишталик ва муҳаббат янада мустаҳкам бўлади.
Исрофни тўхтатиш – баракани сақлаш демакдир.
Ҳар бир хонадонда барака бўлишини истасак, ҳар бир фарзанд бахтли бўлишини хоҳласак, ортиқча харажатлардан, зўрма-зўраки тантаналардан воз кечишимиз шарт.
Биз, отинойилар, халқ қалбига етадиган овоз, маънавият тарғиботчиси ва фахрли элчи ҳисобланамиз. Келинг, биргаликда содда, самимий ва баракали ҳаёт тарзини юртимизда кенг ёяйлик.
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар
масалалари бўйича ўринбосари Р. Бахрамова
масалалари бўйича ўринбосари Р. Бахрамова
«орқага















