Истиғфор фазилати
13 ноябр 2015 й.
3482 марта ўқилди.

 Истиғфор фазилати

Истиғфор банданинг Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлганида илтижо қилиб билиб-билмай қилган гуноҳларини кечиришини сўрашдир. Одам боласи бор экан ҳар соатда турли хил катта-кичик гуноҳларга, хатоларга йўл қўйиши мумкин. Баъзан шариат кўрсатмасидан чекинамиз, илоҳий буйруқларни бажаришда эринчоқлик қиламиз. Ана шундай ҳолларда  мусулмонларнинг иши осон, улар дарров истиғфор айтишга шошилишади, Аллоҳдан қилган гуноҳларига мағфират  сўрайди. Рахмати кенг бўлган Аллоҳ бандасининг гуноҳи денгизни кўпигича кўп бўлса ҳам кечиришга ваъда қилган. Гуноҳларни мағфират этишини, кечиришини сўраб Аллоҳга ёлвориш истиғфордир. 
 
Аллоҳ таоло каломида:
 «Бас, ўз Раббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир», дедим. «У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир, деб марҳамат қилади.(Нуҳ сураси 10-12 оят). Демак, банда ҳар доим истиғфор айтса, у Аллоҳнинг раҳматига сазавор бўлар экан.
 
Имом Ҳасан Басрий  олдиларига бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилди. Унга «Истиғфор айт!» дедилар. Яна бир одам фақирлигидан шикоят қилди, унга ҳам «Истиғфор айт!» дедилар. Бошқа бир киши келиб фарзанди йўқлигини изҳор қилди. Унга ҳам «Истиғфор айтишни!» буюрдилар. Одамлар буни сабабини сўрашганда Нуҳ сурасининг юқоридаги икки оятини ўқиб,  истиғфор барча ҳожатнинг эшигини очишини айтдилар. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган бўлса-да, истиғфор айтишни ҳеч канда қилмас эдилар. Абдуллох ибн  Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мажлисда   юз марта «Роббим мени мағфират қил, тавбамни қабул эт! Ҳақиқатда сен тавбаларни қабул қилувчи Зотсан! » деганларини санадик.» дейдилар. (Имом Термизий).
    
Ким истиғфор айтиб, гуноҳига иқрор бўлса, камчилигини тан олса, бу иши уни Парвардигор ҳузурида  хокисорлигини, инсонлар олдида камтарлигини оширади. Инсоннинг кўп хатолари ғийбат қилишлари ва гуноҳлари тилидан содир бўлади. Бундай  гуноҳлар чин тавба билан  кўп истиғфор айтиш ва хайр садақа билан кечирилади. Фахри коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга, аниқса аёлларга аҳлоқий ва маънавий нуқсонларни кўрсатиб, булардан қутулиш йўли бу кўпроқ  истиғфор айтиш деб марҳамат қилганлар. Ҳадисларда намозлардан кейин, мажлислар ва одам бошига ташвишлар тушганда истиғфор айтишга тарғиб қилинади. Истиғфор айтиш билан ибодат ва сўзларда, ҳаракат ва амалларда содир бўлган хато ва нуқсонлар кечирилади. Абу Довуд (р.а.) дан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким истиғфорни кўп айтса, Аллоҳ таоло унга хар бир тангликдан чиқиш йўлини очади. Ҳар турли ғамдан енгиллик, ўйламаган томонидан ризқ беради.»дедилар. Истиғфор айтган  банда Аллоҳга яна яқин бўлади. Самимий ва  чин дилдан айтилган истиғфор: қалбларни таскин топишига, аҳлоқ ва ақл юксалишига, истиғфор айтган одамнинг ўзи, оиласини турли бало-фитналардан омонда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ истиғфорни кўп айтувчини мол-мулкига барака ато қилади. Аллоҳ барчамизни  қилган гуноҳларимизга дарҳол истиғфор айтадиган солих бандаларидан бўлишимизни насиб айласин.
 
 
Бухоро шахар Сайфиддин Бохарзий
 масжид  имоми Камолов Равшан
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram