ИСТИҒФОР - ҚАЛБ ЖИЛОСИ.
01 апрел 2025 й.
1100 марта ўқилди.
ИСТИҒФОР - ҚАЛБ ЖИЛОСИ.
Гуноҳ-маъсият кўнгил ойнасини қорайтиради. Хатолар йиғилиб-йиғилиб, қалбни бутунлай эгаллаб олади. Қуръони Каримда бу ҳақида шундай дейилган: ''Йўқ, (ундай эмас)! Балки уларнинг қалбларини ўзлари қилган гуноҳлари қоплаб олган!''. (Мутаффифин сураси, 14-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни огоҳлантириб шундай деганлар: ''Агар банда гуноҳга қўл урса, қалбига битта қора доғ тушади. Борди-ю, (ўша ишни) ташласа, истиғфор айтса, тавба қилса, қалби сайқалланади. Агар яна (гуноҳ) қилса, (қора доғ) баттар кўпаяди. Бориб-бориб қалбини бутунлай чирмаб олади.
Бу - Аллоҳ Қуръонда зикр қилган - (қалбнинг) эгаллаб олинишидир''.
Ҳасан розияллоҳу анҳу: ''Гуноҳ устига гуноҳ қилиш билан қалб қораяди. (Шу тахлит давом этаверса, охири) ўлади'', деган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ''Қалб ҳам мис каби занглайди. Унинг жилоси истиғфордир'', деганлар. (Имом Байҳақий ривояти).
Гуноҳлар асорати қалбни занглатади. Агар дил зангласа, инсон шуури ўтмаслашади, ҳис этиш қобилияти заифлашади. Агар кўп истиғфор айтилса, қалб секин-аста покланади.
Пайғамбар алайҳиссалом: ''Мен сизларга касаллигингиз сабабини, унинг давоси нимадалигини айтайми? Огоҳ бўлинглар, гуноҳлар - сизларнинг касаллигингиз. Унинг давоси истиғфордир'', деганлар. (Имом Байҳақий ривояти).
Одамнинг юраги бирдан санчиб қолганда дори ичса, оғриқ тўхтайди. Лекин қалбимиз оғриса-чи? Бунга қандай чора кўрамиз?
Гуноҳ-маъсият қалбни жароҳатлайди. Лат еган қалбга кўрсатиладиган биринчи ёрдам истиғфордир. ''Астағфируллох, астағфируллох'', деб ихлос билан Аллоҳга илтижо қилинса, қалб яраси аста-секин тузалади.
Ривоят қилинишича, Рабийъ ибн Хайсам шогирдларига: ''Касаллик нима? Унинг давоси-чи? Шифо нимадалигини биласизларми?'' деб савол бериб, кейин: ''Касаллик - гуноҳлар. Унинг давоси - истиғфор. Шифо эса гуноҳдан тавба қилиб, бошқа такрорламасликдир'', деб айтган.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: "Бир аъробий Набий алайҳиссаломнинг масжидларига кирдида: "Аллоҳумма, инний астаъийзука ва атубу илайка", деб тез айтиб, Аллоҳу акбар деб (намозга киришди). У намозини ўқиб бўлгач, унга Алий розияллоҳу анҳу: "Нима бу? Тил билан тез истиғфор айтиш ёлғончиларнинг тавбаси бўлади. Сенинг тавбанг тавбага муҳтождир", деб айтди.
Аъробий: "Эй, мўъминлар амири! Тавба нима?" деб айтди.
Али розияллоҳу анҳу: "Олтита маънони ўз ичига олган исмдир:
1. Ўтган гуноҳларга надомат қилиш.
2. Адо қилинмаган фарзларни қайтадан қилиш.
3. Бировларнинг ҳаққини қайтариш.
4. Нафс маъсиятда қандай эриган бўлса, тоатда ҳам шундай эриши.
5. Нафс маъсиятнинг ширинлик таъмини тортиб кўргани каби, тоатнинг аччиқ таъмини ҳам тортиб кўриши.
6. Барча кулгуларинг эвазига йиғлашинг", деб айтдилар.
Ўткинчи дунё матоҳларига ҳирс қўйиш, мол-дунёга ўчлик, шуҳратпарастлик дилни занглатади. Булар йиғилиб - йиғилиб, қалбни печакдай чирмаб олади. Айнан мана шу иллат инсонни ихлосдан тўсади. Шунинг учун ибодатдан олдин истиғфор айтиш тавсия этилади. Уламолардан бирига: ''Тасбеҳ афзалми ёки истиғфор?'' деб савол беришибди. Шунда олим: ''Агар либос топ-тоза бўлса, унга атир сепиб хушбўй қилинади. Борди-ю кир бўлса, аввал кийимни совун билан иссиқ сувда яхшилаб ювиш керак'', деб жавоб берган экан.
Бухоро шаҳар “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Рахимов Абдулбосит.
«орқага