ИСТИҒФОР ВА ТАВБАНИНГ ФАЗИЛАТИ.
25 март 2021 й.
912 марта ўқилди.

 
ИСТИҒФОР ВА ТАВБАНИНГ ФАЗИЛАТИ.

Инсон гоҳо билиб - билмай хатолар қилиб қўяди. Ўзининг хатосини тан олган киши қайтиб бу ишни қилмасликка ҳаракат қилади. Чунки инсон ўзи қилган ишларни тафаккур қилиши лозим. У хато қилганда тавба қилиш имконияти борлигини англайди. Аллоҳ таоло унга имконият беради. Чунки У ўта меҳрибон ва шафқатли Зотдир.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтган ва келаси барча гуноҳларини мағрифат қилинганига кафолат борлигига қарамасдан, у зот ҳар куни етмиш мартадан ортиқ истиғфор айтган ва тавба қилганлар”, - дейилади. (Имом Бухорий ривояти).
Одам алайҳиссалом айтади: “Аллоҳ Муҳаммад умматига менга бермаган тўртта афзалликни берди: биринчиси, менинг тавбам Маккада қабул бўлди. Муҳаммад уммати қаерда тавба қилса ҳам, Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилади. Иккинчиси, мен осий бўлган вақтимда, Аллоҳ либосимни олиб қўйди, аммо Муҳаммаднинг уммати яланғоч ҳолда осий бўлса ҳам, Аллоҳ уларни либослантиради. Учинчиси, осий бўлган вақтимда аёлим билан орамиз ажратиб қўйилди. Аммо Муҳаммаднинг уммати осий бўлса-да, улар билан хотинларининт ораси ажратиб юборилмайди. Тўртинчиси, мен жаннатда осий бўлган эдим, Аллоҳ мени у ердан чиқариб юборди. Аммо Муҳаммаднинг уммати жаннатдан ташқарида Аллоҳга осий бўлади, лекин тавба қилса, Аллоҳ уларни жаннатга киритади”.
Ҳар бир мўминга тавба қилиш вожиб ҳисобланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿وَيَٰقَوۡمِ ٱسۡتَغۡفِرُواْ رَبَّكُمۡ ثُمَّ تُوبُوٓاْ إِلَيۡهِ يُرۡسِلِ ٱلسَّمَآءَ عَلَيۡكُم مِّدۡرَارٗا وَيَزِدۡكُمۡ قُوَّةً إِلَىٰ قُوَّتِكُمۡ وَلَا تَتَوَلَّوۡاْ مُجۡرِمِينَ٥٢﴾

«Эй қавмим! Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар. Жиноятчи бўлиб кетманг!». (Ҳуд сураси, 52-оят).
Кунларнинг бирида Робиъа Адавийянинг уйига тунда ўғри киради ва бир обдаста сувдан бошқа ҳеч нарса топа олмайди. У уйдан чиқиб кетиш учун эшик томон юраётганида Робиъа унга: “Эй фалончи, агар сен ростдан ҳам ўғри бўлсанг, уйимдан қуруқ чиқиб кетма”, дейди. Ўғри талмовсираб: “Мен ҳеч нарса олганим йўқ”, дейди. Робиъа: “Обдастани олда, таҳорат қилиб, ҳеч бўлмаса икки ракат намоз ўқиб чиқиб кет”, дейди. Ўғри унинг айтганини қилади, таҳорат олиб намоз ўқишга киришади. Робиъа осмонга қўлини кўтариб: “Эй Раббим, мана бу банданг менинг эшигимга келиб ҳеч нарса топа олмади, уни Сенинг даргоҳингга жўнатдим, фазлингдан бебаҳра қайтарма”, дейди. Ўғри икки ракат намозни тугатиб, ибодат лаззатини бутун вужуди билан ҳис этади ва тонг отгунича ибодат қилади. Тонг чоғи Робиъа унинг олдига кирса, боши саждада Яратганга муножот қилар эди.
Эрталаб Робиъа унга: “Тунни қандай ўтказдинг”, дейди. “Раббим ҳузурида синиқлик билан ибодат қилдим, тавба ва истиғфор айтдим, хато ва гуноҳларим кечирилишини сўрадим”, деди.
Робиъа қўлини дуога очиб: “Парвардигоро, бу банданг соатлаб Сенинг даргоҳингга қўл кўтариб турибди, уни ноумид қўйма”, деб дуо қилади.
Не мақсадлар билан кирган ўғри обида аёлнинг дуоси билан обид банда бўлиб чиқиб кетди.
Аллоҳнинг даргоҳи кенг, қилган хатоларимизни кечириши шаксиз, имконият бор, вақт ғанимат, фойдаланиб қолайлик, азизлар!

ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги 

Матбуот хизмати Жумаев Беҳруз 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:51
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram