ИСТИҚЛОЛ БУЮК НЕЪМАТДИР
29 август 2020 й.
«орқага
880 марта ўқилди.
ИСТИҚЛОЛ БУЮК НЕЪМАТДИР
Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин. Қўшалоқ байрамлар ҳаммамизга муборак бўлсин! Аввало янги кириб келган ҳижрий 1442-йил барча мусулмон аҳлига муборак бўлсин ва шу қаторида мусулмонлар учун улуғ кун саналган “Ашуро” куни муборак бўлиб Аллоҳ ушбу куннинг баракотидан барчаларимизни насибадор айласин. Парвардигори олам барча учун Карамли Зотки шу қўшалоқ байрамлар устига яна неъмат қилиб бизларга мустақиллишимизни 29 йиллигини нишонлашлик бахтини берди. Албатта, ҳар бир киши учун Ватан сўзи муқаддас калимадир. Ҳар бир инсоннинг киндик қони тўкилган ери бу унинг жонажон Ватани бўлади ва у жой жуда қадрли ва қимматли даргоҳ бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб борганларидан сўнг туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, туғилиб ўсган ердаги бор нарсаларни ардоқлаш, узоққа борилганда соғиниб яшаш ҳар бир кишида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғулардир.
Она юртимизнинг мустақиллик байрамини шоду хуррамлик билан ўтказамиз. Чунки бу истиқлол Аллоҳ таолони бизлар учун берган буюк неъматидир. Бу неъмат туфайли бизларга икки дунё саодатига етакловчи иймонимиз қайтди. Бемалол 5 вақт намозни, жумъа намозларни хоҳлаган масжидимизда ўқиймиз, ахир мўмин – мусулмон учун биринчи ўринда намоз туради-ку. Рамазон рўзаси, ифторликлар, таровеҳлар булар бир катта байрамдек ўтади. Ўлкамиз мусулмонлар ўлкаси бўлгани учун Юртбошимиз икки ҳайитни дам олиш куни деб эълон қилганликлари, бу совет тузумида ота-боболаримиз орзу қилган кунлари эмас-ми? Ҳаж ва умра зиёратларига йил сайин мусулмонларимиз кўпайиб бораётганликлари, масжидлар очилиб бораётганликлари, халқимизнинг диний илмини ошириш учун мадрасалар очилганлиги, ахир булар жаннатга, Парвардигорнинг розилигига сабаб бўладиган омиллар-ку! Бу неъматлар ватанимиз мустақил бўлгандан кейин бўлди-ку.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « نِعْمَتَانِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ الصِّحَّةُ وَالْفَرَاغُ ».
“Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмати борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. (Имом Бухорий ривояти)
Қуръони каримда бизга ибрат бўлиши учун Иброҳим алайҳи саломнинг Макка ҳақига қилган дуоларида келтирилган. Ушбу оятда Маккага тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. Бу ҳақида шундай дейилади:
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَدًا آمِنًا وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنَ الثَّمَرَاتِ مَنْ آمَنَ مِنْهُمْ بِاللَّهِ (126)
“Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин”
Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш шу жойда тинчлик бардавом бўлсин дейишни ифодалайди.
Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқданда муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади. Тинчликнинг энг катта неъматлардан эканлиги Унинг қадрига етмоқ, уни асраб авайламоқ биз мусулмонларнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Қолаверса, бу барча пайғамбарларнинг суннатидир.
Шундай экан, ушбу Ўзбекистон юрти заминида яшагувчи ҳар бир инсон Аллоҳдан ушбу тинчликни бардавом бўлишини сўраб, шукроналик ҳар бир инсоннинг вазифаси эканлигини унутмаслиги лозим. Аллоҳ барчаларимизни шукр қилгувчи бандалардан қилсин.
Бухоро шаҳар “Масжиди Баланд” жомеъ
масжид имом-хатиби М.Саидов