ИСТИҚЛОЛ МУБОРАК
01 сентябр 2021 й.
721 марта ўқилди.
ИСТИҚЛОЛ МУБОРАК
Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик шодиёналарига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шукуҳли кунларда халқимиз босиб ўтган йўлга назар ташлар эканмиз, бугунги фаровон ҳаёт, улкан ютуқ ва марралар замирида халқимиз манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ва халқимизнинг фидокорона меҳнати мужассам экани намоён бўлади.
Мустақиллик Ўзбекистон халқининг ҳаётида кўп ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Руҳий ва маънавий эркинликлар инсон учун қадрли ва азиз неъматлар ҳисобланади. Айнан ана шу маънавий эркинлик ўтмишдаги аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни билиш, бутун оламга устоз бўла олган боболаримиз шахсини ўрганиш, улар билан фахрлана олиш мустақиллик шарофати билан юзага келди.
Мустақиллик бу сўз замирида қанчадан-қанча аждодларимизнинг йиллар давомидаги орзу ва армонлари, курашлари, эртанги кунга умидлари мужассам. Дархақиқат, истиқлол эл-юртимиз учун ўз такдирининг эгаси бўлиб, кадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у ҳар бир одамнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустаҳкам заминидир. Мустақиллик биз учун миллий давлатчилигимизни, ўзлигимиз, инсоний хақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни тиклаш, урф-одат ва анъаналаримизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимизнинг табаррук номларини улуғлаш, соғлом ва баркамол янги авлодни шакллантириш бўйича беқиёс имкониятлар очиб берди.
Мустақиллик йиллaридa жаҳон илм-фани, маданияти ривожига, инсоният маънавияти такомилига улкан ҳисса қўшган буюк aждoдлaримизнинг бeбaҳo меросини ўрганиш, шу билан бирга, уларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, беназир кашфиётларининг жаҳоншумул аҳамияти ҳақидаги билимларни оммалаштиришга қаратилган ҳаракат бугун ўз самарасини бермоқда. Ҳозирги кунда ислом дини ва унинг тарихини ўрганишда жуда ноёб бўлган муҳим тарихий манбалар ва асарлар, жумладан, Қуръони карим, Имом Бухорий, Имом Термизийнинг ҳадис тўпламлари, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро ҳикматлари, Бурҳониддин Марғиноний каби алломаларнинг инсонни етукликка чорловчи диний, маърифий, маданий, фалсафий, ахлоқий ва ҳуқуқий асарлари ўзбек тилида чоп этилмоқда.
Ромитан туман “Хокимулломир” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Муротов
«орқага