ИСТИҚЛОЛ ИМКОНИЯТЛАРИ
29 август 2016 й.
«орқага
2513 марта ўқилди.
ИСТИҚЛОЛ ИМКОНИЯТЛАРИ
“Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни
ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркордир ... ”
“Ватан” атамасига улуғлар, донолар, турли сифатлар беришган. Бугунги кунда бир қанча шиорлар остида “Ватан” мадҳини улуғланиши барча ўзбек миллатининг меҳр – муҳаббат тушунчасини зиёдалигидан далолатдир. Бугун жаннатмакон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги байрамини дилда қувонч ва катта шодиёналар билан кутиб олиш тараддудида, мустақиллик тантаналари “Гўзал ва бетакроримсан,муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним !” шиори остида шаҳар ва қишлоқларимизда, олис ва яқин туманларимизда юқори кайфият ва юксак тайёргарлик олиб борилаётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлигининг, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда.Шунингдек, ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди. Мустақиллик бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Натижада, ҳалқимиз ўзлигини таниб турмушнинг барча жабҳаларида миллийлик нашидаларини сурмоқда. Юртдошларимиз динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига муяссар бўлди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёратгоҳлар таъмирланди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, дунё талабларига жавоб берадиган замонавий кўринишдаги янги жомеъ масжидлар қурилди. Буларнинг ҳаммаси, албатта, истиқлолимизнинг шарофатидандир.
Бир устозимизнинг обод- кўркам жомеъ масжидларга хизмат сафари билан келганларида истиқлол имкониятлари ила безанган жомеъ масжидларимиз шарт шароитларини кўриб, махаллаларида бўлиб ўтган бир воқеани сўзлаб бердилар.
Бир ёши улуғ отахон махалламиздаги жомеъ масжид тахоратхонасига тахорат олишга кирганларида ногахон тахоратхона ўриндиғи синиб, отахоннинг оёқлари шикастланибди. Бу ходисани эшитган намозхон жамоатчиларидан бирлари ҳовлиларидаги ўрик дарахтидан кесиб келиб, синган тахоратхона ўриндиғини тузатибди. Хеч қанча вақт ўтмай тахоратхона ўриндиғини тузатган отахонни мустабид тузими кишилари “ким сенга у ўриндиқни тузат” : деди “Имомми?”, “Муфтийми?”, “Ким ?” деб қирқ кун сўроқ қилишган экан.
Бу воқеани эшитган ҳар бир мўмин- мусулмон кишининг кўзида ёш келади. Сабаб бугунги эришилган ютуқлар ўз- ўзидан бўлган эмас. Ота боболаримиз хизматлари ва албатта мустақиллик шарофатидандир.
Ҳеч кимни бахт ўз-ўзидан қучган эмас,
Қуш ҳам кўкка машаққатсиз учган эмас.
Ойдин тунлар, осойишта, тиниқ тонглар
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.
Бу бинолар қайдан бино бўлди экан?
Ким боболар қаддин расо қилди экан?
Нечук бизни бугун дунё билди экан?
Озодлик ҳам, ободлик ҳам ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.
Шижоатнинг, жасоратнинг маҳсули бу,
Ироданинг, заковатнинг маҳсули бу,
Улуғ Инсон танлаб олган ҳақ йўли бу,
Ўзбекистон, бундайин бахт ўзи келмас,
Ойдан тушган эмас, кўкдан тушган эмас.
Атоқли шоиримиз Иқбол Мирзонинг қаламига мансуб ушбу сатрларда, Ватан мадҳи, Ватан равнақи, Мустақиллик шодиёнаси, Истиқлол неъматларига эришишда ота-боболаримизнинг юрак қонлари, юртбошимиз ташаббуслари, халқимиз азалий абадий орзулари синган. Ушбу неъматларнинг қадрига етиб, тинчлик хотиржамлигимизга такрор-такрор шукроналар айтсак албатта тинчлигимиз ҳамда мустақиллигимиз барқарор бўлғуси муқаррардир. Зеро Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримда “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта уларни янада зиёда қилурман. Борди-ю ношукрлик қилсангиз, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир. ” (Иброҳим,7 ) Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизга насиб айласин!
Азиз ва муборак Истиқлолимизнинг йигирма беш йиллик шодиёналарини шоду-хуррамлик, масрурлик, тинчлик-омонлик ва ўзаро иттифоқлик билан ўтказишимизда Парвардигор ёру мададкор бўлсин!
Ғиждувон туман бош имомхатиби :
Ж.Муродов