ИСТИҚЛОЛ ШУКУҲИ – ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК
30 август 2016 й.
«орқага
2598 марта ўқилди.
ИСТИҚЛОЛ ШУКУҲИ – ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК
Яратганга шукрлар бўлсинки, мустақиллик неъмати мустабид тузум даврида топталган диний қадриятларимизнинг ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида тафсир, ҳадис, фиқҳ, Ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид ўнлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Қуръони карим ва ҳадис тўпламларининг таржимаси ва шарҳлари бу соҳадаги энг муҳим ютуқларимиздан бўлди.
Халқимиз барча соҳада эмин-эркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби, динимиз кўрсатмаларини, Ислом арконларини хотиржамлик ила адо этиш бахтига муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Ўнлаб зиёратгоҳлар таъмирланиб, диний идора ихтиёрига топширилди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар.
2007 йилнинг биринчи ярмида пойтахтнинг энг йирик зиёратгоҳларидан бири бўлмиш Ҳазрати Имом мажмуасида бунёдкорлик ва таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Бу жойдаги кўҳна исломий обидалар қайтадан чирой очди. Республикадаги жоме масжидларнинг энг йириги ва ҳашаматлиси саналмиш Ҳазрати Имом жоме масжиди ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси учун замонавий ва шарқона услубда қурилган маъмурий бино қад кўтарди. Халқимизнинг энг дурдона мероси саналмиш Ҳазрати Усмон мусҳафи учун Мўйи муборак мадрасасининг биноси таъмирланиб, музей сифатида ишга туширилди. Буларнинг ҳаммаси Истиқлол шарофати ҳамда муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари ва ҳикматли сиёсатлари туфайли юзага келганини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим бўлади. Аллоҳ таолонинг бизга ато этган ушбу улуғ неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борсак, барчамиз учун яхши бўлади.
Маълумки, бу йил Тошкентга юксак мақом берилди – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити ватанимиз пойтахтида бўлиб ўтди. Албатта, бундай юксак мақом Тошкент шаҳри тимсолида бутун Ўзбекистонга берилган баҳо экани шу муборак заминда истиқомат қилаётган барча халқимиз учун қувончли воқеа бўлди.
Бу йил 25 йиллиги нишонланаётган ҳур, озод ва обод она Ватанимиз мустақиллигининг қадрига етиш, бу улуғ неъматлар учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиб яшаш юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир мўмин-мусулмоннинг зиммасидаги бурчдир. Барчамизнинг азиз ватанимиз саналмиш ҳур Ўзбекистон диёри равнақига ҳисса қўшиб, Ватан олдидаги масъулиятни яхши англаган ҳолда хайрли ва савобли ишларни амалга ошириб боришга ҳаракат қилиб бориш ҳар биримиз учун фуқаролик бурчи ва айни пайтда муқаддас динимиз кўрсатмаларига амал қилиш демакдир.
Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида «Ватанни севмоқ иймондандир» деб марҳамат қилганлар.
Бинобарин, ҳар биримиз жонажон Ватанимизнинг равнақига муносиб улуш қўшишга ҳаракат қилиб борсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига амал қилган умматларидан бўлар эканмиз.
Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги намоён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб, шундай деганлар:
«Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир».
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг беҳисоб буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки ношукрлик қилиб, унга путур етказиб қўйишдан сақланишлари ҳам лозим.
Осойишталик ҳар кимга, ҳар жойда ҳам зарурдир. Киши хотиржам бўлсагина ҳаётда кўзлаган мақсад ва орзу-ҳавасларини амалга ошириш йўлида саъй-ҳаракат қила олади. Хотиржамлик кўнгилнинг тинчлиги ва фикрнинг бир нуқтага жамланишидир. Бирор кишининг фарзанди бетоб бўлса ёки уйи нотинч бўлса, унинг хаёли паришон, фикри айқаш-уйқаш бўлиб, ўйлаган ишларини бажаришга қўли бормайди, доимо фикру зикри бетоб фарзандида ёки оиласида бўлади. Бола соғайиб, оиласи тинч бўлса, кўнгли хотиржам бўлсагина маъюслиги кетиб, кўзлари чақнайди, фарзандларининг таълим-тарбияси билан шуғулланиш, уларни келажак ҳаётга тайёрлаш иши билан машғул бўлишга имкон топади.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг бир-бирига бўлган ўзаро ишонч ва садоқати, меҳр-мурувватининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларни мукаммал ва хотиржам адо этиши учун аввало тинчлик ва осойишталик лозим экан. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:
«Эй иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!» (Бақара сураси, 208-оят).
Ушбу ояти каримадаги «кааффа» (ёппасига) сўзи араб тили қоидасига биноан ҳол вазифасини бажармоқда. Тафсир китобларида келтирилишича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутиши лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарор қилиш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради. Дарҳақиқат, тинчлик мавзуси ўта муҳим бўлганлиги боис, Қуръони карим оятларидан кўп марталаб ўрин олган. Араб тилидаги «салм», «силм», «салом» ва «ислом» сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлса-да, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.
Тинчлик – Исломнинг шиоридир. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзаро муомалаларни аввало бир-бирига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга киришга сабаб бўлувчи амаллардан бири саломлашиш эканлигини таъкидлаб, «Эй инсонлар! Бир-бирингиз билан овозингизни чиқариб, ошкора саломлашинг, муҳтожларга таом беринг, қариндошлик ришталарини маҳкам боғланг, тунда одамлар уйқуда ётган вақтда туриб ибодат қилинг, шунда жаннатга саломат кирасизлар» деганлар. Бошқа ҳадисда эса биринчи бўлиб салом берган киши Аллоҳга маҳбуброқ экани таъкидланган. Ҳатто диннинг устуни бўлмиш намоз ибодатида ҳам салом лафзи мавжудлиги унинг нақадар буюклигига далилдир.
Инсониятга Аллоҳнинг марҳамати, улуғ неъмати бўлиб келган Ислом дини бағрикенглик сифати билан машҳурдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ҳаққа мойил, бағри кенг бўлган дин билан юборилдим», деганлар.
Ислом динининг бағрикенглиги Қуръони каримда ўзининг ёрқин ифодасини топган бўлиб, Аллоҳ таоло унда бошқа дин вакиллари билан гўзал муомалада бўлишга буюриб, «Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаганларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади», деган (Мумтаҳана сураси, 8-оят).
Демак, кўнглида адовати бўлмаган ҳамда жамиятда зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш ва айни пайтда тинчлик ишига раҳна соладиган, Ислом дини равнақига зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муросасозлик қилиб ўтирмаслик динимизнинг талабидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эзгулик ва тақво(йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват(йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ Зотдир», деб марҳамат қилган (Моида сураси, 2-оят).
Динимизнинг асоси бўлмиш Қуръони карим ва суннати набавияда қўни-қўшничилик ва бошқа турли кўринишдаги ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида ғайридинга ҳам инсонийлик юзасидан яхши муомалада бўлишга тарғиб қилганлар. Бу борада саҳоба ва тобеъинлардан сизу бизга ибрат бўларлик кўпгина воқеалар ривоят қилинган. Жумладан, бир куни ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бошқа динга мансуб бўлган кекса чолнинг тиланчилик қилиб юрганини кўриб қоладилар ва унинг ҳолига ачиниб, «Ёшлик вақтингда сендан солиқ талаб қилсагу, кексайганингда ҳолингдан хабар олмай ташлаб қўйсак, инсоф қилмаган бўламиз» деб, унга давлат хазинасидан маълум миқдорда нафақа ажратганлар.
Динимизда қўни-қўшничилик ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Зеро, маҳалла – жамият таянчидир, унда турли дин ва миллат вакиллари истиқомат қилади. Қўшнилар ўртасида ўзаро ҳурмат ва самимият мавжуд бўлса, улар тинч ва осойишта ҳаёт кечирадилар.
Юқоридаги мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катталиги, бағрикенглик эса унинг негизи эканлиги яққол намоён бўлади. Инсон ўзи ато этилган неъматнинг қадрини у ҳақда мулоҳаза қилиш, бошқаларнинг шу неъматдан баҳраманд ёки бебаҳра эканини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса кишини Аллоҳга янада кўпроқ шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда «алҳамду лиллаҳ» дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ҳалол меҳнат қилишлари, ёшлар эса уни ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Аллоҳ таоло юртимизга ато этилган тинчлик-хотиржамлик неъматини, истиқлол неъматини бардавом айласин, омин.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ
Юнусобод тумани бош имоми,
Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,
“Мирза Юсуф” жоме масжиди имом хатиби