ИСТИҚЛОЛ – УЛУҒ НЕЪМАТДИР
01 сентябр 2016 й.
«орқага
2586 марта ўқилди.
ИСТИҚЛОЛ – УЛУҒ НЕЪМАТДИР
Муборак Ислом дини қадриятлари бой ва буюк маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Юртбошимиз бундай деганлар: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри холда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар хаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз биз ўзимизни йўқотамиз”.
Истиқлол туфайли она диёримиз мусулмонлари ҳаётида ҳам катта ижобий ўзгаришлар юз берди. Давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини юксалтириш, имон-эътиқодли қилишга катта эътибор қаратилди.
Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда зикр этган:
“Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” – (Товба сураси, 18-оят) ояти каримаси мазмунига мувофиқ мустақиллик йилларида Ўзбекистонда икки мингдан зиёд масжид обод бўлди ва намунали фаолият кўрсатмоқда.
Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро марказнинг фаолият бошлаши ҳам мамлакат маънавий ҳаётида катта воқеа бўлди. Бу ерда ҳадис илми бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда, юртимиздаги масжидларнинг имом-хатиблари ўз малакаларини оширмоқда.
Истиқлол шарофати билан Ҳазрати Имом мажмуасининг асл тарихий қиёфасини тиклаш учун бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик ишлари олиб борилди. Мана Тошкент марказида янги муҳташам Минор жоме масжиди қурилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. Вилоят ва шаҳарларда ҳам янги масжидлар барпо этилмоқда.
Буларнинг ҳаммаси мустақиллик берган имкониятлар ва эркинликлардир. Мўмин-мусулмонларимиз Аллоҳ таоло ато этган мустақиллик неъматига, ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишлари лозим.
Кишилар ўз тарихларини ўзлари яратадилар. Инсон, унинг фаолиятидан ташқарида тарих ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди.
Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Осойишталик ҳар кимга, ҳар жойда ҳам зарур. Киши хотиржам бўлсагина, ҳаётда кўзлаган мақсад ва орзу-ҳавасларини амалга ошириш йўлида саъй ҳаракат қила олади.
Мустақил юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Ҳукуматимизнинг дин сохасида олиб бараётган сиёсатига оддийгина бир мисол, мустақилликдан олдин мана бундай масжидларни тўлдириб, ёшу қарилар эмин эркин ибодатларимизни адо этишимиз қаёқда эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” – деганлар.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Юртбошимиз ўз сўзларида жамиятимиз олдида турган барча вазифаларни ҳал этишнинг энг асосий омилларидан бири маънавий тарбия эканлигини алоҳида қайд этади. «Агар биз бу масалада (маънавий тарбия масаласида-изоҳ бизники) ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзбилармончиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас диний қадриятларимизга йўғирилган ва улардан озиқланадиган маънавиятимиздан… айрилиб, умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин».
Ислом инсонларни эзгулик, тинчлик, бағрикенгликка йўналтирувчи дин бўлганлиги боис у асрлар давомида маънавиятни юксалтириш омили бўлиб хизмат қилиб келмоқда ва унинг бу борадаги мавқеи тобора ошиб бормоқда.
Бу ўринда қуйидаги рақам-фактларга назар солайлик: 1880 йилда дунё аҳолисининг 13,7 фоизи мусулмонлар эди. 20-асрнинг 80-йилларига келиб бу кўрсаткич 16,9 фоизга, минг йилликнинг охирига келиб эса, 21 фоизга етди.
Кейинги йилларда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш мақсадида виждон эркинлиги билан боғлиқ масалаларни Конституциямизда акс этиши одилона сиёсатнинг мавж уришидан дарак беради. Унда, “ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади ҳар бир инсон ҳоҳлаган диниган эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деб ёзиб қўйилган(31-модда). Шундай экан, бу муқаддас заминда яшайдиган хар бир инсон конституциямизни ҳурмат қилиши унда белгилаб қўйилган фуқаролик бурчларини яхши англаб олиши лозим. Давлатимиз томонидан мусулмонларга ибодатларни эркин адо этишлари учун барча шарт шароитлар яратиб берилган. Жумладан, муборак ҳаж сафарига борувчи ҳожилар учун катта қулайликлар яратилган. Уларнинг эмин-эркин, ҳеч қандай қийинчиликларсиз ибодатларини адо этиб, соғ-саломат уйларига қайтишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртимиздан борган ватандошларимиз ҳам Байтуллоҳни зиёрат қилиб, бугунги кунда соғ-омон қайтиб келмоқдалар. Шунингдек, икки ҳайит кунларини дам олиш кунлари этиб белгиланиши ихлосман халқимиз учун катта бахт ҳисобланади. Бу каби неъматларга шукур қилмоқ ҳар биримизни зиммамизга вожиб.
Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага қараб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, - деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан ватанини ташлаб, бошқа юртларга кетган кимса энг оғир дамларида уни қумсаб, кўз олдига келтириши ва туғилиб ўсган замини хақида бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши ҳам ватанга бўлган муҳаббатнинг белгисидир.
Дарҳақиқат, мустақиллигимизнинг илк йилларида мўмин-мусулмонлар учун энг улуғ кун саналган Рамазон ва Қурбон ҳайитларининг биринчи кунлари ҳукуматимиз томонидан дам олиш кунлари деб эълон қилиниши ва уларни байрам тарзида нишонланиши айни муддао бўлди. Илгарилари расмий фаолият олиб борган 80 та масжиднинг сони ҳозирги кунга келиб икки мингдан ошиб кетди. Ҳар йили ҳукуматимиз томонидан юртимиздан минглаб кишиларнинг муборак ҳаж зиёратини эмин-эркин адо этиб, соғ-саломат қайтишлари учун тегишли кўмак берилмоқда. Биргина мисол, 1969 йил...Москвадан маълум синовлар ва танловлар асосида не қийинчиликлар билан Совет Ҳукумати бўйича атиги 25 киши муборак Ҳаж сафарига бориши учун, Москвадан самалиётда Қоҳира ёки Хартумга бориб тушган. У ердан Парон ва бошқа воситалар орқали Жиддага борган. Маккада эса, ҳожалар учун турар жой, озиқ-овқат у ёқда турсин, ичимлик суви жиддий муаммо бўлган. Борган ҳар бир ҳожини Маккада яшаётган ўзбек ватандошларимиз хонадонларига атига икки нафарини меҳмон қилиш имкони бўлган холос. Истиқлол шарофати билан, муборак ҳаж сафарига борувчи ҳожилар учун катта қулайликлар яратилган. Уларнинг эмин-эркин, ҳеч қандай қийинчиликларсиз ибодатларини адо этиб, соғ-саломат уйларига қайтишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Дунё мўмин-мусулмонлари қатори юртимиздан борган ватандошларимиз ҳам Байтуллоҳни зиёрат қилиб, бугунги кунда соғ-омон қайтиб келмоқдалар. Шунингдек, икки ҳайт кунларини дам олиш кунлари этиб белгиланиши ихлосман халқимиз учун катта бахт ҳисобланади.
Халқимиз она юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларимизнинг тарихи билан янгидан танишиб, уларнинг ислом аҳли учун ёзиб қолдирган илмий ва маънавий меросларини ўрганиб, ҳаётига татбиқ қилиш имкониятига эга бўлди. Ўтмишда ўтган азиз кишиларнинг руҳи покларини шод қилиш мақсадида ҳамда келажак авлодга маънавий озуқа бўлиши учун зиёратгоҳ ва қадамжолар обод қилинди. Диний уламоларимиз радио ва телевидение орқали турли мавзуларда чиқишлар қилиб келмоқдалар. Албатта, буларнинг барчаси Аллоҳнинг марҳамати ила берилаётган неъматлар бўлиб, унинг шукрини адо этмоғимиз лозим бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, - деб марҳамат қилган (Иброҳим сураси, 7-оят).
Президентимизнинг ислом динига нисбатан ғамхўрона сиёсатига жавобан, биз, ўз навбатида ислом динининг мусаффолигини сақлаш, унинг асл моҳиятини халққа тушунтириш, ёш авлодни турли ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган фаол тарғибот олиб бормоғимиз, турли террористик ҳаракатлар динимизга ёт эканини, муқаддас ақидамизда бегуноҳларни ўлдириш ёки уларнинг ўлимига сабаб бўлиш ҳаром эканини барчага етқазмоғимиз лозим.
Абу Ҳурайра (р.а)дан .ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз: “Ким инсонларга (улардан кўрган яхшиликлари эвазига) шукр қилмаган экан, демак Аллоҳга шукр қилмабди” - деганлар .
Демак биз мусулмонлар динимиз ривожи учун ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликни Аллоҳнинг марҳамати деб қабул қилишимиз ва албатта унинг шукронасини адо этишимиз даркор.
Аллоҳ таоло барчаларимизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларни қилишимизга насиб айласин!
Азиз ва муборак Истиқлолимизнинг йигирма тўрт йиллик шодиёналарини шоду-хуррамлик, масрурлик, тинчлик-омонлик ва ўзаро иттифоқлик билан ўтказишимизда Парвардигор ёру мададкор бўлсин!
Хусниддин АБДУКАРИМОВ
Чилонзор тумани бош имом хатиби