Ихлос ва самимия
10 январ 2022 й.
725 марта ўқилди.

 
Ихлос ва самимия  

Мусулмон киши ҳар бир амалини ихлос ва самимият билан бажаради, Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир» (Баййина сураси, 5-оят).
“Ихлос” луғатда: “Тозалаш”, “холис қилиш” деган маънолар¬ни англатади. Шариатда эса бу: “Ибодатга, зикрга ва дуога фақат Аллоҳ лойиқ” деб ният қилишдир.    Абул Қосим Қушайрий сўзларига қараганда, ихлосли киши амалини одамларга яхши кўриниш, уларнинг мақтовини ёки мукофотини олиш учун эмас, балки ёлғиз Аллоҳнинг розилигини топиш, Унга қурбат ҳосил килиш ниятида қилиши керак. Бундай киши яхши амалларини халққа кўрсатиб, ёмонини беркитмаслиги лозим.    
Зуннун Мисрий айтади: “Уч нарса ихлоснинг аломатидандир:
1. Одамлар мақтаганда ҳам, мазаммат қилганда ҳам бир хил туриш;
2. Ўзи қилаётган яхши амалларни унутиш (ғурурланмаслик);
3. Қилган амалларининг савобини охиратга сақлаб қўйиш (тамагир бўлмаслик)”.
Ихлосга энг чиройли таърифни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) берганлар ва буни “эҳсон” деб атаб, уни бундай изоҳ¬лаганлар: “Эҳсон — банда ибодатини Аллоҳни кўриб тургандек адо этишидир. Чунки банда Аллоҳни кўриб турмаса ҳам, Аллоҳ уни кўриб туради”. Мана шу ихлосдир.
Ойша (розияллоҳу анҳо) айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай¬ҳи ва саллам): “Қайси бир одамнинг нияти дин арконларини адо этиш бўлса, унга албатта, Аллоҳ ёрдам беради”, дедилар» (“Фатҳул Кабир”, Имом Аҳмад ривояти).
Ихлос ҳар бир амалнинг савобини кўпайтиради. Буни янада оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, бир одам жамоат билан намоз ўқиш учун масжидга йўл олади ва ният қилади, агар йўлда бирор мазлумни учратсам, унга ёрдам бераман, агар йўлда одамларнинг ҳаракатига халал берадиган бирор нарса турган бўлса, уни йўлдан олиб ташлайман, агар кўзи ожиз одамни кўрсам, уни йўлга солиб юбораман, агар муҳтожни учратсам, унга эҳсон қиламан, агар жанжаллашаётган икки кишига дуч келсам, уларни яраштириб қўяман деса, Аллоҳ таоло жамоат намозидан ташқари унга нияти учун алоҳида савоб беради. Мана шундай яхшиликларни ният қилиш ихлос, дейилади. Шунингдек, ёмонликлардан, ҳаро¬му макруҳлардан, каттаю кичик гуноҳлардан ўзини сақлаш нияти ҳам ихлосдир.
Ихлос Аллоҳ таоло томонидан бандаларига берилган улкан мукофот ва неъматдир. Аллоҳ таоло қудсий ҳадислардан бирида: “Ихлос Менинг сирларимдан биридир. Бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, ўшанинг қалбига ихлосни жойлаганман. Унга фаришта таниш бўлиб, ёза олмайди ҳам, шайтон таниш бўлиб, буза олмайди ҳам”, деган.
Ривоят қилинишича, тасаввуф аҳли пешволаридан Имом Шиб¬лий халқ орасида катта обрўга эга пири муршид эди. Бир куни шогирдларидан бири Шиблийга: “Шаҳарнинг нариги чеккасида истиқомат қиладигап бир новвойнинг ихлос ва муҳаббати жанобингизга жуда баланд. Юрган-турганда номингизни тилдан қўймасдан: “Шиблий ҳазратларини бир кўрсам эди”, деб такрорлагани-такрорлаган. Лекин хизматда жуда банд бўлгани учун зиё¬ратингизга келолмайди”, деди. Имом Шиблий дарҳол шогирдига: “Ундай бўлса, унинг зиёратига мана биз борамиз!” деди ва ўзини танитмаслик учун эскироқ либос кийиб, новвой ҳузурига йўл олди. Новвой тандир олдида куймаланиб, янги пишган нонларни узиб, ёнидаги саватга ташларди. Имом Шиблий новвойга аста яқинлашди ва: “Аллоҳ учун нонингдан менга битта бер!” деди. Новвой Имом Шиблийни танимай унга ўқрайиб қаради ва: “Иссиқ нонни пули борлар ейди, пулинг бўлса нондан ол. Бу савдога Худони аралаштирма”, деди.
Имом Шиблий новвой ёнидан узоқлашди. Уни танийдиган ҳунармандлардан бири новвойга қараб: “Эсинг жойидами, ўзинг яхши кўриб, доим номини тилингдан қўймайдиган Имом Шиблий ҳузурингга ўз оёғи билан келса-ю, сен унга ҳурмат бажо келтирмай ҳайдаб юбординг?!” деб танбеҳ берди. Новвой қаттиқ ҳаяжонланиб: “Имом Шиблий шу одаммиди?” деди ва орқасидан югуриб, Шиблийга етиб олди. Қаттиқ ёлвориб: “Эй ҳазратим, мен сизнинг мухлисингизман, сизни танимабман, узримни қабул этинг!” деди. Имом Шиблий унга қараб норози оҳангда: “Бу ҳолатда сенинг узрингни қабул этолмайман. Агар сен минг тилло харажат қилиб, уйингда катта зиёфат ташкил этсанг, унга шаҳарнинг барча казо-казоларини таклиф қилсанг, ўшандагина ўша зиёфатга келиб, меҳмонлар олдида сенинг узрингни қабул қиламан ва гуноҳингдан ўтаман”, деди.
Новвой рози бўлди ва зиёфат куни белгиланди. Катта зиёфат дастурхони атрофига ҳамма жам бўлганида, ўтирганлардан бири шундай таклиф киритди: “Муҳтарам Шиблий ҳазратлари, хонадон соҳиби новвой катта саховат кўрсатиб, эҳсон қилибди. Фурсатни ғанимат билиб, саховатнинг фазилати, сахийларнинг жаннат¬га кириши, жаннат ва аҳли жаннатнинг қандай бўлиши ҳақи¬да маъруза қилиб берсангиз”. Имом Шиблий ўтирганларга қа¬раб: “Муҳтарам меҳмонлар, жаннат ва жаннатийларнинг қандай бўлишини билмайман-у, аммо аҳли дўзахийларнинг қиёфасини кўраман десангиз, мана шу новвойга, унинг қиёфасига қаранглар!” деб хитоб қилди. Ўтирганлар бараварига: “Эй ҳазрат, саховат билан шундай катта зиёфат қилиб, унга таклиф этган бир яхши одамни сиз дўзахий деяпсизми?” деб эътироз билдирди. Шунда Имом Шиблий уларга: «Мен новвойга: “Аллоҳ учун менга битта нон бер!” десам у: “Аллоҳни аралаштирма!” деб мени ҳайдаб юборди. Менинг Шиблий эканимни билганидан сўнг эса, менинг розилигим учун минг тиллолик зиёфатга рози бўлди. Аллоҳга ихлос қилмасдан, унинг бир бандасига ихлос қилган, Аллоҳ учун бир нонни қизғаниб, унинг бандаси учун минг тиллони аямаган кимса албатта дўзахий бўлади-да», деди.
Ҳар бир ишда ихлос ва самимият нақадар муҳим экани барчага аён. Шунинг учун мўмин киши ҳар бир амалини чин ихлос ва катта самимият билан қилиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло ҳеч биримизни Ўзининг ихлосидан айирмасин!

Бухоро  туман «Имом Бухорий» жомеъ масжид

имом-хатиби Абдурахмон Бақоев 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:40
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram