ИХТИЛОФ-ЗАРАР
19 май 2023 й.
Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий”
«орқага
653 марта ўқилди.
ИХТИЛОФ-ЗАРАР
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Бугунги дорул омон кунларимизда муқаддас ислом дини номидан ҳар хил оқимларнинг ўзларини жозибадор номлар билан номлаб олиб, гўёки тўғри ва аниқ йўлни даъво қилиб, ғаразли мақсадлари йўлида ушбу ниқобдан фойдаланиш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда.
Баъзан, мустаҳаб бўлган амалларда ҳар-хилликни келтириб чиқариб, шариатимизда ҳаром саналган – ўзаро ихтилофларга сабабчи бўлинмоқда. Улардан: “Нега бундай ихтилоф чиқармоқдасиз?”, – деб сўралса, “Биз Қуръон ва ҳадисга амал қиламиз” ёки “Шу масалада Шофеъий мазҳабнинг йўлини тутганмиз”, – дейишади. Алоҳида таъкидлаймизки, фиқҳий мазҳабларга амал қилиш – Қуръон ва суннатга мукаммал амал қилишдир! У мазҳабдан бир масалани, бошқа мазҳабдан бошқа масалани олишни уламоларимиз “талфиқ” дейдилар ва бунинг ҳукми ҳам – ҳаромдир. Ҳаром ишни қилиш эса – катта гуноҳдир. Юртимизда бу ихтилофларнинг ечими сифатида – минг йиллардан бери синалган ва давом этиб келаётган Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабига амал қилиш, деб биламиз. Ана шунда бутун куч-ғайратимиз, ҳимматимиз бир-биримизга душманчилик эмас, фойдали ишларга сарф бўлади.
Ихтилофлар ва фирқаларга бўлиниш, натижада уруш-жанжал ва низолар келтириб чиқариш ҳаром амал эканига қуйидаги ҳадис далил бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:“Ихтилоф қилманглар, яна қалбларинг ҳар-хил бўлиб қолмасин!” (Имом Муслим ривояти).
Азал-азалдан муборак динимизда фирқаларга бўлиниш ва ихтилофларга асосий сабаблардан бири – илмсизлик, динни яхши тушунмасликдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон динини аслида кимлиги номаълум кимсаларнинг узуқ-юлуқ маърузалари ёки интернетда ин қуриб олган қўштирноқ ичидаги “мулла”лардан эмас, балки мўътабар олимлар, устозлар ёзиб кетган китоблардан ўқиб-ўрганиш керак. Шундагина бизлар адашмаймиз, турли ихтилофлар қурбонига айланиб қолмаймиз.
Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий”
масжид имом-хатиби Равшан Камолов