Иймон Аллоҳ учун энг севикли амалдир
13 апрел 2016 й.
«орқага
3174 марта ўқилди.
ИМОН АЛЛОҲ УЧУН ЭНГ СЕВИКЛИ АМАЛДИР
Ислом дининиг бешта устунидан биринчиси Аллоҳга имон келтиришдир. Имон келтирмоқ ҳар бир аёлу эркакка фарз. Имон – тил билан иқрор қилиб, қалб билан тасдиқ қилмоқдан иборат. Биргина иқрорнинг ўзи имон бўлмайди, шунингдек, қалб билан тасдиқ бўлмагунча маърифатуллоҳга эришиб бўлмайди. Имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳамда мотуридия уламолари имонни қуйидагича таърифлаганлар. “Ал-имон-ал-иқрор бил лисон ват тасдиқ бил қалб бимо жаа биҳи мин индиллоҳи Муҳаммадур Расулуллоҳи cоллаллоҳу алайҳи васаллам”, яъни “Имон – Муҳаммад расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг ҳузуридан келтирган нарсаларни тил билан иқрор қилиб, қалбан ишониш, тасдиқлаш”дан иборат. Имон – Аллоҳ томонидан қалбларга тавфиқ, ҳидоят, маърифат ва муҳаббатнинг эҳсон қилинмоғи ҳамда Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларида бир эканлигини билмоқ, мислсиз ва шериксиз эканлигига ишонмоқдир. Имон Аллоҳ таолонинг ҳидоят ва тавфиқи ҳамда банданинг иқрори ва тасдиғидан иборат. Тил билан имон келтириб, дилда имон келтирмаслик имон эмас, балки, имонсизликка интилишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло моида сурасининг 41-оятида шундай дейди: “Эй, Расул! Оғизлари билан: “Имон келтирдик” дейдиган, (лекин) диллари имон келтирмаганлардан... (бир қисми) куфр сари интилаётганлари Сизни хафа қилмасин!...”
Расулулоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам:“Аллоҳ наздида амалларнинг севиклироғи Аллоҳга имон келтирмоқликдир” дедилар. (Бухорий ривояти, Жомиъус саҳиҳ 166-рақам).
Аллоҳга имон келтириш – бу тавҳиддур яъни ибодатда Аллоҳнинг бирлиги, у уч қисмдур.
1.Тавҳиду улуҳия: - бу бандаларнинг феъллари билан Аллоҳнинг бирлигидир. Намоз, қурбонлик, назр, дуо, умид, хавф, таваккул, рағбат, қўрқиш, инобат, қутқаришни сўраш ва ёрдам сўраш каби.
2.Тавҳиду рубубийя - бу Ўзининг феъллари билан Аллоҳнинг бирлигидир. Яратишлик, ризқ бериш, тирилтириш, ўлдириш ва қайта тирилтириш каби.
3.Исм ва сифатларининг бирлиги: - бу Қуръони каримда ворид бўлган ҳамда саҳиҳ ҳадисларда келиб, Аллоҳни ўзи васф қилган исм ва сифатлари, шунингдек расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг исм ва сифатларидан сифатлаган нарсаларнинг ҳаммасига имон келтириш. Аллоҳга ҳеч нарсани баробар қилмаслик ўша сифатларга бирор нарсани кайфиятидан, мисол келтиришдан, ўхшашидан, таъвил қилишдан, ўзгартириш ёки бузишдан жуда эҳтиёт бўлиш.
Эътиқод қиламизки Албатта Аллоҳ: “Унинг мислидек бирор нарса йўқдур. У эшитувчи ва
кўргувчидир” (Шўро сураси 11 – оят).
Аллоҳ таъоло ихлос сурасида “(Эй Муҳаммад!) Айтинг:“У Аллоҳ ягонадир, Аллоҳ эҳтиёжсиз,(лекин) ҳожатбарордир. У туғмаган, туғилмаган ҳам. Шунингдек, Унинг ҳеч бир тенги йўқдир” - дейди.
Бир инсон имон ва куфр нима эканлигини билмаса, ҳидоят залолат ва диндан чиқиш нима эканлигини ҳам англай олмайди. Калимаи тавҳиднинг одат тақозоси билан айтилиши одамни фақатгина тўлиқсиз чала имонга келтиради. Бу имони билан эса мукаммаллик, ҳақиқат, ва илмга бориб бўлмайди.
Агар имон инсонни тили билан бирга қалбида ҳам мукаммал жойлашса, қалбнинг муҳаббати ва зийнатига айланади. Ҳужурот сурасининг 7-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди. “Лекин Аллоҳ Сизларга имонни суюкли қилди ва уни қалбингизда зийнатлади”. Ҳақиқатда қалбнинг зийнати бўлган имонимизни агар бу дунёнинг жамики моли мулки билан ўлчасак нархига етмайди. Худо берган бебаҳо имонимизни нархи шу қадар қимматки агар осмонлару ердаги жамики бойликлар йиғилса ҳам имонни нархлай олмайди. Қайси бир бандасига Аллоҳ таоло имон берган бўлса, у банда бебаҳо неъматни қўлга киритган бўлади. Энг нозик жиҳати шуки, Аллоҳ агар бандасига имон бермаса уни ҳеч нарса билан қўлга киритиб бўлмайди. Ҳатто Ҳазрат Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлатуриб ўғиллари ҳақида қанчадан қанча дуо-ю илтижолар қилсалар ҳам Аллоҳ хоҳламади, ўғиллари беимон кетди. Иброҳим алайҳиссалом оталари Озар буттарошни ҳар қанча имонга чақирсалар ҳам, Аллоҳ таоло ҳидоят қилмади оталар имон даъватини қабул қилмай бу улуғ неъматдан бенасиб ўтди. Пайғамбаримиз cоллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибни йиғлаб, дуолар қилиб имон билан кетишини хоҳласалар ҳам, Аллоҳ таоло хоҳламади, охир оқибат беимон кетди.
Демак имонга ҳеч ким молу дунё, истеъдод, қобилият, мансабга ўхшаб инсон хоҳласа қўлга киритиш имконияти мавжуд бўлган феъл ва амаллар билан эришиб бўлмайди. Шу ўринда матасаввиф шоир шох Машрабнинг қуйидаги ғазалларини ибрат тариқасида ёдга оламиз:
Гар Худо раҳм этмаса, тасбиҳу тоъатидун на суд,
Варна имон бўлмаса, хайру саховатдин на суд.
Жумлайи аҳли шаҳодатни Худо бандам десун,
Сарнавиштнинг каж агар бўлса шаҳодатдин на суд.
Хожа хурсанд бўлмаса, қул хизмати бекордур,
Гар ижобат қилмаса, кашфу карматдин на суд.
Тухми нуронини то арзи дилингга экмасанг,
Раҳбари кулл муттақи бўлған мақоматдин на суд.
Тан дурустликда ўлимни ёд этиб қон йиғлағил,
Жон берур вақтингдаги ашки надоматдин на суд.
Бўлди Шайтон шарридин дил холи қил қабрини кўр,
Минг Азозил қайдида этгандек кароматдин на суд.
Машрабингни зарраи оҳига олам ўртанур,
Мурдаға жон бермаса, бу ишқи ҳолатдин на суд.
Бандаларга берилган бебаҳо имонни сақлаб, авайлаб асраш учун бор кучимизни сарфлаб диний илм ва ақидани ўрганишимиз даркор. Минг афсуслар бўлсинки бугунги кунда баъзи бир илмсиз, қони қайноқ ёшларимиз, умумбашариятни маънавияту-маърифати, дину-эътиқоди, миллату-мамлакатини юксалтириш учун, илму-маърифат чироғи бўлган бобокалонларимизнинг босиб ўтган маънавий йўлларидан юриш, уларни бебаҳо асарларини ўрганиб эзгу ишлар қилиш ўрнига, динни ўрганаман деб динсизлик, имонга кираман деб имонсизлик, маърифатли бўламан деб жаҳолатга кириб ватанига миллатига имонига қарши қурол кўтариб, Худо томонидан берилган бебаҳо имонига хиёнат қилишмаяптими, деб гоҳида ўйланиб қоласиз. Ноҳақ одам ўлдириш, юртига миллатига хиёнат қилиш, қуръон ва суннатга қарши чиқиш ўғрилик, зино, гиёҳвандликка ўхшаш баъзи бир гуноҳи кабиралар қилинганда имон қалбдан чиқиб кетади. Қачонки имон қалбдан чиқиб кетсагина инсон бундай гуноҳларга қўл уради. Имон қалбга собит турса, инсон гуноҳ қила олмайди. Агарчи ўзини мажбур қилса ҳам Пайғамбаримиз cоллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида “Зинокор зино қилаётган пайтида мўъмин бўлмаган ҳолда зино қилади. Ўғри ўғрилик қилаётганида мўъмин бўлмаган ҳолда ўғрилик қилади. Ичувчи ароқ ичаётган пайтида мўъмин бўлмаган ҳолда ичади. Лекин тавба ҳали-ҳамон таклиф қилингандир”. деганлар. (Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти).
Ажабланарлиси шуки инсон бир ёлғон гапирганда юз минг, бир миллион ва ҳоказо фойда қолса ёки бошқа бир ёлғон билан обрўсини сақласа-ю бебаҳо имондан жудо бўлса. Озгина нафсни роҳати учун зино қилса-ю, жаннату-ҳурларни бой бериб имондан ажраса, гиёҳвандликка ружу қилиб, бир пиёла ароққа имонни сотса, миллату мамлакатга хиёнат қилиб имондан чиқса... Баъзиларимиз имонни нималигини, нақадар қадрли, бебаҳо ва юксак эканлигини билганимизда эди, Аллоҳ бизга қиёматгача умр бериб, туғилганимиздан ўлганимизгача кайфу сафода бўлсак ҳам, дунё моли мулкини бизнинг ихтиёримизга бериб ўрнига биздан имонимизни олишни талаб қилганда иккиланмасдан, ҳеч қачон рози бўлмасдик. Биродарлар имонимизни асрайлик имон деган бебаҳо неъматни қадрига етайлик.
Шофиркон туман
“Қори Фазлиддин”
жоъме масжиди
имоми М.Исоев.