Жиноятчиликни олдини олиш — иймон ва адолат асосидир
31 январ 2026 й.
327 марта ўқилди.

 Жиноятчиликни олдини олиш — иймон ва адолат  асосидир

Жамият тинчлиги ва тараққиёти инсоннинг ахлоқи, иймони ва қонунга итоати билан боғлиқ. Ислом дини жиноятчиликнинг барча турларини қатъий қоралайди ва унинг олдини олиш учун иймон, тарбия ва адолатни асос қилиб қўяди. Қуръон, Суннат ва саҳобалар сўзлари бунга очиқ далилдир. Жиноятчилик иноният ер юзида ҳаёт керчиришни бошлаган аввалги даврлардан буён қиёматгача бани башарнинг энг катта хафли душмани бўлиб келган.   Одамлар орасида тез ва кенг тарқаладиган айрим жиноят турлари борки уларнинг зарарлари дунёда ҳам охиратда  ўта оғир оқибатларга сабаб бўлади. 
1. Порахўрлик — жамиятни емирувчи иллат
Бугун жамиятда кўзга ташланаётган жиноятлардан бири порахўрликдир. У аввал қарашда “оддий йўл билан иш битириш”дек туюлиши мумкин, аммо аслида у жамиятнинг адолат устунини синдирадиган, ҳалол меҳнатни қадрсизлантирадиган ва ишончни йўқ қиладиган хавфли иллатдир. Порахўрлик кенгайган жамиятда ҳақ эгаси ҳақини ола олмайди, қонун кучини йўқотади, инсонлар ўртасида нафрат ва беэътиборлик авж олади. Шу боис порахўрлик — фақат ҳуқуқбузарлик эмас, балки жамиятни ич-ичидан емирувчи маънавий касалликдир. Аллоҳ таоло бу борада марҳамат қилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ
 Яъни: “Молларингизни ўзаро ноҳақ йўл билан еманг ва одамларнинг молидан гуноҳ (йўл) билан еб олиш учун уни ҳокимларга пора қилиб ташламанг”. (Бақара сураси,  188- оят)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
لَعَنَ اللَّهُ الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ
 Яъни: “Аллоҳ пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатлаган”. (Имом Термизий ривояти)
Порахўрлик — шахсий манфаат учун адолатни сотишдир. У ҳалол меҳнатга ишончни йўқ қилади, ҳақни ботил билан алмаштиради ва жамиятни тенгсизликка етаклайди. Пора билан ҳал бўлган ишда барака бўлмайди, ундан келган наф эса дунёда ҳам, охиратда ҳам зарар келтиради. Шунинг учун порахўрликка қарши кураш — фақат қонун талаби эмас, балки ҳар бир виждонли инсоннинг иймоний бурчидир. Жамиятни сақлаб қолишни истасак, адолатни порадан устун қўйишимиз шарт.
2. Ичкилик ва наркотик моддалар — ақл ва насл душмани
Маст қилувчи ичимликлар, наркотик моддалар Парвардигор томонидан бекорга манд этилмаган. Чуники бу иллатга гирифтор кишиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати бузилади. Истеъмол қилувчи киши Аллоҳ таоло омонат қилиб берган жисму-жонига жиддий зарар етказиб ўзини ўзи аста секинлик билан ўлдиради.
Аллоҳ таоло айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ… رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Ичкилик ва қимор — шайтон ишидан бўлган нажосатдир”. (Моида сураси, 90-оят)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
كُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ
 Яъни: “Ҳар қандай маст қилувчи нарса ҳаромдир.”
Наркотик ва маст қилувчи ичкиликларга ружу қўйиш энг аввал ақлни йўқ қилади. Бу нарсаларни истъмол қилувчининг жамиятда мавқеъи тушади. Ишхонада, оилада  у билан бошқаларининг бўлган муносабатлари ёмонлашади. Кўп ҳолларда ишдан ҳам, оиладан ҳам айрилади. Бу иллатлар одамлар орасида авж олса, жиноят ва зўравонлик кўпаяди. Охиратда эса оғир ва аламли азобга сабаб бўлди. 
Бугунги кунда айрим ёшлар ва ҳатто мактаб ёшидаги болалар орасида психотроп таблеткаларни итеъмол қилиш ёки уларни яширинча сотиш хафли одатга айланиб бормоқда. Бу нафақат қонунга хилоф, балки шариъатда қатъий манд этилаган жиноят ҳисобланади. Ислом дини инсонни ақл, жон, насл ва молини асрашга чорлайди. Психотроп моддалар эса айнан шу беш муқаддас неъматни вайрон қилади.
3. Аёлларга зўравонлик — иймон заифлигининг аломати.
Ислом дини инсон қадрини, айниқса аёл-қизларнинг шаъни, ҳуқуқи ва хавфсизлигини олий неъмат сифатида эъзозлайди. Аёлга нисбатан зўравонлик қилиш, унинг розилигисиз ёки тайёр эмас пайтида барвақт турмушга бериш — нафақат инсонийликка, балки шариат қоидаларига ҳам очиқдан-очиқ зид ҳисобланади. Чунки никоҳ мажбурият эмас, балки розилик, ақл-ҳуш ва масъулият асосида қуриладиган муқаддас аҳддир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад  соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга озор беришни қаттиқ  қоралаганлар.  Шунинг учун ожизаларга нибаттан зўравонлик иймон заифлигининг белгиси, барвақт ва мажбурий турмуш эса аёл-қизнинг ҳаёти, саломатлиги ва келажагига нисбатан зулмдир.
Бундай ҳолатлар нафақат бир оиланинг, балки бутун жамиятнинг таназзулига олиб келади: соғлом оила бузилади, она ва бола руҳан жароҳатланади, ажримлар кўпаяди, тарбиясизлик авлоддан-авлодга ўтади. Демак, аёл-қизларни асраш, уларга адолатли муносабат қилиш, уларни илму-маърифатли қилиб тарбиялаш — бу фақат ҳуқуқий ёки ижтимоий масала эмас, балки шаръий ва ахлоқий бурчдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи саваллсам бу ҳақида дедилар:
خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ
“Сизларнинг энг яхшиларингиз — аҳли оиласи(аёл)га энг яхши муомала қилганларингиздир”.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиз фарзанд тарбиясининг масъулиятини эслатиб ўтиб жумладан: “Кимнинг учта қизи бўлса, уларни сабр билан ўстирса, топганидан уларни кийинтирса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлади”, дедилар.
Умар ибн Хаттоб  розияллоҳу анҳу айтганлар:
ما أكرم النساء إلا كريم، ولا أهانهن إلا لئيم
Яъни: “Аёлларни фақат олижаноб одам ҳурмат қилади, уларни фақат пасткаш инсон  таҳқирлайди”.
Аёл- қизлар ҳуқуқини поймол қилиш: оила парокандалиги, фарзанд тарбиясининг бузилиши, жамиятда меҳр йўқолишига олиб келади.
 4. Фарзанд тарбиясига бефарқлик — келажакка хиёнат
Бугунги кунда жамиятимизда тобора кўпроқ кўзга ташланаётган энг оғир иллатлардан бири — фарзанд тарбиясига нисбатан бефарқликдир. Бу бефарқлик баъзан “вақт йўқ”, “боланинг ўзи катта бўлиб кетади”, “кўча тарбия қилади” каби баҳоналар билан оқланади. Аммо аслида бу ҳолат — бир оилага эмас, балки бутун келажакка қилинган хиёнатдир. Чунки бугун эътиборсиз қолган бола эртага жамият олдида жавоб беришга мажбур бўладиган шахсга айланади.
Фарзанд — омонат. Унинг қалби пок саҳифа каби. Агар у саҳифага меҳр, ахлоқ ва маърифат ёзилмаса, уни бошқалар ўз манфаати йўлида бузуқ ғоялар, зўравонлик ва ёмон одатлар билан тўлдириб қўяди. Натижада ўғрилик, зўравонлик, ичкилик, наркотикка ружу қўйиш каби жиноятлар айнан тарбиясизлик замирида пайдо бўлади.
Шунинг учун ҳам гўзал тарбия — фақат ота-онанинг шахсий иши эмас, балки жамият хавфсизлигининг пойдеворидир. Меҳр билан берилган тарбия, масъулият билан ўргатилган одоб ва иймонли муҳит — жиноятларнинг энг кучли олдини олувчи воситадир. Келажакни асрашни истаган киши, аввало фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмаслигимиз шарт. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли оилангизни дўзахдан сақланг.” (Таҳрим сураси, 6-оят)
Пайғамбар с.а.в дедилар:
كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ
 Яъни: “Ҳар бирингиз масъулсиз ва қўлингиз остидагилардан жавоб берасиз.”
 Юқорида келтирилган оят ва ҳадислар очиқ-ойдин кўрсатадики, фарзанд тарбиясига бефарқлик — оддий камчилик эмас, балки Аллоҳ олдида жавобгарликка сабаб бўладиган улкан омонатни эътиборсиз қолдиришдир. Бугун тарбиясиз қолган бола эртага нафақат ўзини, балки атрофидагиларни ҳам зарарга олиб келиши мумкин. Шу боис гўзал тарбия — маънавий фазилат бўлиш билан бирга, жамиятни жиноятдан асрайдиган энг ишончли қалқондир. Фарзандни меҳр, одоб ва иймон билан тарбиялаш — келажакни сақлаб қолишдир.
Хулоса қилиб айтганда баён этилган барча масалалар  порахўрлик, коррупция, ичкилик ва психотроп моддалар, аёл-қизларга зўравонлик, барвақт ва мажбурий никоҳ, фарзанд тарбиясига бефарқлик — бир-биридан алоҳида бўлган иллатлар эмас. Улар бир илдиздан озиқланади: иймон заифлиги, масъулиятсизлик ва ахлоқий бўшлиқ. Шунинг учун ҳам жиноят — фақат қонунни бузиш эмас, балки инсон қалбини ва жамиятни ич-ичидан емирувчи маънавий касалликдир.
Жиноятнинг дунёдаги зарари очиқ кўринади: тинчлик йўқолади, ишонч синади, оилалар пароканда бўлади, болалар руҳан жароҳатланади, ёшлар жиноят йўлига кириб кетади. Ҳаром йўл билан топилган мол барака келтирмайди, зўравонлик муҳаббатни ўлдиради, тарбиясизлик эса жамият келажагини қоронғу қилади. Натижада жамият қўрқув ва беқарорлик домига тушиб қолади.
Охиратда эса жиноятнинг зарари янада оғир ва узлуксиздир. Ҳар бир зулм, ҳар бир ҳақ поймол қилиниши, ҳар бир бузилган тақдир учун инсон Аллоҳ олдида жавоб беради. Мазлумнинг дуоси, ҳаромдан озиқланган тан, бузуқ йўлга солинган ёшнинг гуноҳи  буларнинг барчаси ҳисоб куни инсоннинг пешонасига қўйилади. У кунда на мол, на мансаб, на баҳона фойда беради.
Шу боис жиноятчиликка қарши энг кучли кураш — жазо билангина эмас, балки иймонли қалб, гўзал тарбия ва адолатли муносабат билан бўлади. Фарзандни тарбиялаш, аёл-қизни ҳурмат қилиш, ёшларни офатлардан асраш, ҳалолни ҳаромдан ажратиш — булар жамият тинчлигининг пойдеворидир. Келажакни асрашни истасак, бугун гуноҳ ва жиноятга йўл қўймасликка, ҳар бир амалимиз учун Аллоҳ олдида жавобгар эканимизни унутмасликка мажбурмиз. 
Аллоҳ таоло жамиятимизни ҳаромдан, зулмдан ва фасоддан асрасин, фарзандларимизни солиҳ ва ватанга фойдали инсонлардан қилсин. Омин.
Орифжон Тўқсанов,
Бухоро шаҳар “Абу Бакр Ас-Сиддиқ” жоме масиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:15
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram