ИЙМОНСИЗЛИК – ЖИНОЯТ МАНБАИ
05 август 2019 й.
1403 марта ўқилди.

 

ИЙМОНСИЗЛИК – ЖИНОЯТ МАНБАИ

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида:  
«Бирор кишидан «одамлар бузилиб кетди», деган гапни эшитсангиз билингки, ўша одамнинг ўзи бузилгандир», дейилади.
Бироқ шу кунларда ҳатто бева-бечораю, етим-есирларнинг ҳақидан ҳам қўрқмайдиган диёнатсиз одамлар кўпайиб кетди…
Ҳақиқатдан, Пайғамбаримизнинг ҳадисларида шу маънодаги фикр собит бўлган. Бу дегани одамларнинг нотўғри йўлдан юрганини, бузилганини кўриб туриб индамай туриш керак, деган маънони бермайди. Ундан мақсад одамларнинг ўртасига таҳлика, ноумидлик соладиган, айбни бошқаларга тўнкаб, кишилар ўртасида нотўғри миш-мишлар кўтарадиган гапларни айтмаслик керак демакдир. Одамлар бузилди, замон бузилди, деган гапларни кўп такрорлайдиган, ривож топтирадиган кишиларнинг ўзига бир назар солинг-а! Улар бекорчи, қўлидан бир иш келмайдиган, турли миш-мишлар тарқатиб, халқ ичида парокандалик, тушкунлик, нотўғри тушунчаларнинг тарқалишига имкон туғдирадиган кимсалар бўлади. Унинг ўрнига, жиддият билан шу бузилган одамни тузатиб, айниган соҳани ислоҳ қилишга астойдил киришиш керак. Ана шунда ҳақиқий мўминлик вазифасини адо этган бўлади.
Мўминман, мусулмонман деган ҳар бир банда амри маъруф ва наҳи мункар қилмоқлиги даркор бўлади. Агар жамиятнинг баъзи бир аъзолари ёмонлик қилсалар-у, бошқалари уларга томошабин бўлиб турсалар, жамият аъзоларини Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло умумий азобга қўйиши бир неча бор таъкидлаб айтилган. Пайғамбаримиз саалоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида, сизлардан аввалги умматларнинг ҳалок бўлиш сабабларидан бири амри маъруф ва наҳи мункарни тарк қилганликларидадур, деб айтилади. Шунингдек, бани Исроил ҳалок бўлиш сабаби ҳам, улар амри маъруф ва наҳи мункар қилмаганликларидан бўлган деб айтадилар. Демак, жиноятчиликка қарши курашиш, кишиларни ёмон йўлдан сақлаб қолиш ҳаммамизнинг ишимиз бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалам марҳамат қилиб айтганларким: 
«Сизлардан ким бир ёмон ишни кўрса – қўли билан қайтарсин, қўли билан қайтаришга қодир бўлмаса – тили билан қайтарсин, бунга ҳам ҳозир бўлмаса – дили билан қайтарсин. Мана шу «дили билан» қайтариши имоннинг заифлигидандир».
Бундан келиб чиқадики, ҳеч бўлмаганда, дилимиз билан жиноятчиликни инкор қилишимиз лозим. Биз ғоят ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилганимиздагина жиноятчилик ва ножўя ҳолатларнинг олдини олиш, кўпчиликнинг ғамини ейиш ишларига ўтган бўламиз. Албатта, бева-бечора, етим-есирларнинг ҳақиқатдан қўрқмайдиган диёнатсизларга қарши шафқатсиз кураш олиб бориш керак.
Жиноятчилик ҳам, аввало, динсизликдан, эътиқодсизликдан деб биламиз. Чунки, 70 йилдан узоқ муддатда кишилар фақат ўз фойдасини кўзлайдиган, бандадан уялмайдиган, дўзахдан қўрқмайдиган, манман бўлиб ўсдилар. Бу мусибатнинг жабрини энди тортяпмиз. Лекин жиноятчиликнинг четдан келганлиги қисман тўғри. Чунки аввалги пайтда ўлкамизда ўғрилик деган нарса бўлмаган. Кишилар дўконларини, уйларини қулфлаш нималигини билишмаган. Бироқ миллий қўшилув; четдан келганларнинг «ўзига хос» тарбияси оқибатида мана шундай ҳолга тушиб қолдик. Рўзномаларимиз ўзга жумҳуриятлардан, фоҳишалар Тошкентга ва бошқа ерларга келиб, пул, мол орттириб кетишаётганини ёзишди. Шунингдек, ўғрилар, жиноятчилар ва қотиллар ҳам вақти-вақти билан шунақа сафарлар уюштириб туриши ҳаммага маълум. Улар келиб, махсус белгиланган жойларда жиноятлар, ўғриликлар қилишиб, яна келган жойларига хотиржам қайтиб кетаётирлар. Хуллас, бу муаммо кўп тарафдан мураккаблашиб кетган. Шунинг учун уни ҳаммамиз муолажа қилишимиз, даврлаш йўлини ўйлаб чиқишимиз керак.
Илгари «Кишиларнинг молини ноҳақ ейишга ўч одамлар қиёмат куни дўзахга маҳкумдирлар», деган диний қоиданинг таъсири кучли бўлган. Ҳозирда босқинчилик билан бировнинг қонини тўкиб, молини талаган одамлар ҳам ўзини мусулмон санайди…
Ҳақиқатдан, қиёмат кунига ишониш, Аллоҳнинг ҳисоб-китобидан қўрқиш кўпчилик кишиларни ёмон йўллардан тўсиб турадиган асосий нарса. Мана шу сезги йўқолганидан кейин, одамлар хоҳлаганини қиладиган бўлиб қолганлигини мана ўзимиз кўриб турибмиз. Аммо иймонли, Аллоҳга ишонган кишидан заррача ёмонлик чиқмайди. Негаки, улар ўнг елкаларидаги фаришта қилаётган яхши ишларини, чап елкаларидаги фаришта ёмон ишларини ёзиб боришига ишонишади.
Босқинчилик қилиб, бировнинг қонини тўкиб, молини талаётган кишиларнинг ўзларини мусулмон деб санашларига келсак, бунга уларнинг асло ҳақлари йўқ. Ноҳақ одам ўлдирган кишига ҳеч вақтда мусулмончилик сифати берилмайди. Қуръони Каримда бир оят борким, «унинг жазоси жаҳаннам бўлади ва дўзахда абадий қолади ва гуноҳлари кечирилмайди» демакдир. Шунингдек, кишиларнинг молларини талаганларнинг ҳам, агар бу дунёдан тавбасиз ўтиб кетсалар, жойлари жаҳаннамдадир. Умуман, ўғрилик билан мусулмончилик, мўъминлик бир ерда жам бўла олмайдиган нарса. Лекин Аллоҳнинг раҳмати кенг, марҳамати улуғ. Олдиндан Аллоҳ йўл-йўриқларини билмай ўғрилик қилиб юришган бўлса-ю, ҳозир тавба қилишса, бу йўлларидан қайтишса, Аллоҳ барча қилган гуноҳларини кечиради. Ишончим комилки, кўпгина ёшларимиз динсизлик, жоҳиллик туфайли ўғрилик, босқинчилик нима эканини, унинг Исломда тутган ўрни қандайлигини билмай туриб, баъзи бировларнинг таъсирида жиноятчилик кўчасига кириб қолишган. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, мана, энди билиш-тушуниш вақти келди. Астойдил тавба қилиб, тўғри йўлга кирсалар, иншооллоҳ ҳамма ишлари дуруст бўлур. Ҳатто улардан жуда яхши мўъминлар чиқиши, жамиятга фойдали кишилар бўлиши турган гап. Фурсатдан фойдаланиб, шундай адашиш оқибатида жиноятчилик йўлларига кириб қолган барча биродарларга мурожаат қилиб айтамизким, тавбанинг эшиги доим очиқ, тезда гуноҳ ишларини тарк этиб, бу ёмонликларини иккинчи қайтиб қилишмаса, Аллоҳ таоло албатта гуноҳларини кечади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг вақтларида қамоқхона бўлмаган. Қуръон ояти билан тасдиқланган машҳур воқеа бор: уч киши мусулмонларнинг кўпчилигидан четда қолиб, гуноҳ иш қиладилар, шунда пайғамбаримиз: «Учовларига гапирилмайди», деб қўядилар. Шунда бутун жамият улардан юз ўгиради, ҳеч ким сўрашмайди, гаплашмайди, ҳатто бола-чақалари, қариндош-уруғлари ҳам шундай қилишади. Натижада улар кўзларига ер юзи тор бўлиб кетадиган даражада қаттиқ изтироб чекадилар ва Аллоҳга ёлвориб, тавба қиладилар.
Энди бировнинг молини билдирмасдан ўғирлаб кетиш ҳақида. Бу йўл билан ўғриланган мол белгиланган нисобга (вақт, шароит, кишиларнинг моддий фаровонлигини эътиборига олиб нисоб миқдори белгиланади) этган бўлса, ўғрининг қўли кесилади. Қуръони Карим оятига биноан шариатнинг ҳукми шундоқ. Қолган ҳолатларда эса қилган жиноятга қараб турли ҳукмлар чиқарилиши мумкин. Улардан бири «дия»дир. Масалан, бир одам ов чоғида ҳайвонни овламоқчи бўлиб ўқ отганида ўқ инсонга тегиб, у ҳалок бўлди, дейлик. Бундай ҳолатларда айбдор «дия» тўлайди. Ўзининг қурби етмаса, қариндош-уруғлари тўлайди. Бу ўша жиноятнинг олдини олмагани учун, жамиятга зарар етказадиган кишини тарбия қилганлари боис қариндош-уруғларига ҳам жазо бўлади. Кейинчалик ўз уруғларидан бундай одам чиқмаслигига қаттиқ уринишсин ва буларни кўрган бошкалар ҳам сабоқ олсин, деб шундай қилинади. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу жазоларни амалга оширишда ўртага тушиш, пора бериш, бировни кечириб, иккинчисини жазолаш каби ишларга Исломда мутлақо йўл қўйилмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вақтларида бир аёл ўғирлик қилиб қўли кесилиши маълум бўлганидан сўнг унинг қабиласи аъзолари жуда ташвишга тушадилар. Ораларидан қўли кесиладиган одам чиқиши ўзларига ор деб биладилар ва восит ахтариб Усома ибн Зайд исмли саҳобадан: «Сиз пайғамбар алайҳиссаломнинг яхши кўрган кишиларидансиз. Сизнинг гапингизни бу зот қайтармайдилар. Орага тушиб, қабиламиздан ўғри бўлиб қўлга тушган аёлнинг қўлини кесмасликлари ҳақида гаплашиб беринг» деб илтимос қиладилар. Усома розиаллоҳу анҳу пайғамбар алайҳиссаломга бу гапни айтганларида, у киши ниҳоятда қаттиқ ғазабланадилар ва одамлар намозга туришганда: «Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилса ҳам, унинг қўлини албатта кесаман», деб айтадилар.
Шундай қатъият билан ҳар бир жиноятчи қилмишига яраша жазолаб борилганидагина жиноятчиликнинг йўлини тўсиш мумкин.  Бу гаплардан сўнг кўз олдингиздан тўда-тўда қўли кесилган кишилар ўтиши мумкин. Чунки ҳозирги кунда ўғрилик қилмаган кишини кундузи чироқ ёқиб ҳам топиш қийин бўлиб қолди. Лекин шундай ҳукм чиқарилишининг ўзи кўплаб жиноятларнинг олдини олади. Бунга далил шуки, ўғрининг қўлини кесиш тўғрисидаги оят нозил бўлгандан сўнг, шунча даврдан бери атиги бир неча кишининг қўли кесилган холос. Юқорида зикр қилиб ўтилган аёл ва яна бир-икки кишининг қўли кесилганлиги тўғрисида ривоят бор, бироқ шу билан бутун жамиятда ўғрилик тугаган ва ҳеч ким бу ишни қилмай қўйган. Ислом дини бир ҳукмни чиқаришдан олдин уни татбиқ қилишга кишиларни тайёрлайди, тушунтириш ишлари олиб борилади. Шу жиноятни қилмасликнинг турли йўлларини кўриб, у содир бўладиган сабабларнинг олдини олади. Бизнингча, Исломнинг мана шу қоидаларидан ўрнак олиб, жамиятимизда ҳам қатъият ва ошкоралик билан ҳар бир жиноятчининг қилмишига яраша одилона жазосини бериб бориш керак.

Бухоро шаҳри “Волидаи Абдулазизхон” жомеъ
масжиди имом хатиби
Қудратов Зариф
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:16
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram