Жамиятимиздаги иллат.
26 март 2021 й.
943 марта ўқилди.

 
Жамиятимиздаги иллат.

Дунёда инсонни диндан узоқлаштирадиган, имондан айрадиган иллатлар мавжуд. Бу иллат ва камчиликлардан узоқ бўлган киши дунё ва охиратда саломат бўлади.
Мукаммал ва гўзал динимизда фолбинларга ишонишдан қайтарилган ва бу ёмон иллат ширкка тенглаштирилган. Айрим жоҳил ва илмсиз, тилига эътиборсиз кишилар "фолга ишонма, фолсиз ҳам юрма" каби хато гапларни тарқатишади. Ақидаси бўш, диндан хабари йўқ бундай кишиларнинг сафсаталари динга ҳам, инсонлар ва жамиятга ҳам зарарлидир.
Имони заиф, ақидаси суст одамлар бошларига бирор мусибат етса, фолбинларга зир югуришади. Фолбинлар эса фақат тилда яхши сўзларни қалаштириб, содда одамлар ишончига кириб, оғир гуноҳга, гуноҳи кабирага қўл уришаётганини билишмайди. Ўзининг китоби Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: "Эй мўминлар, ароқ, қимор, бутлар ва чўплар (яъни, чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалларидан бўлган ҳаром (этилган, ёмон) ишдир", дея огоҳлантиради. (Моида сураси, 90-оят). Демак, фол ва фолбинлик қаттиқ қораланган катта гуноҳдир. Бу ишларни қилган инсонларнинг гуноҳлари кечирилмайди.
Жоҳилият даврида фол очтириш одатий ҳолга айланган эди. Ўша даврларда баъзи бир инсонлар ёнларида олиб юрадиган учта бир ҳил: бирида "қилгин", бирида "қилмагин" маъносини белгилари бор, учинчисига ҳеч нарса ёзилмаган чўплари билан фол кўриб кетаверишган. Афсуслар бўлсинки, бундай чиркин иллатларнинг асоратларини ҳозир ҳам баъзи кимсаларда кўриб қоламиз.
Ойша онамиздан (Аллоҳ рози бўлсин) ривоят қилинади: "Одамлар Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам фолчилар ҳақида сўрашди. У зот: "Фолчилар ҳақ эмаслар", дедилар. Шунда сўровчилар: "Ё Расулуллоҳ ,аҳён-аҳёнда уларнинг гаплари тўғри чиқади-ку?" дейишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Жин бир ҳақ гапни эшитиб, фолчиларга етказади. Улар эса юздан ортиқ ёлғонни аралаштириб айтишади", - дедилар". (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Яна бир ҳадисда: "Ким фолчидан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг қирқ кечалик намози қабул қилинмайди", дейилган. (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).
Ғайбни билиш Аллоҳ таолога хос илмдир. Бандаларни бу ишга уринишлари яхшиликдан эмас. Фол очиш ҳам, очтириш ҳам ширкка тенглаштирилган. Имом Аҳмад (Аллоҳ раҳмат қилсин) Абу Ҳурайрадан Аллоҳ рози бўлсин ривоят қилган ҳадисда: "Ким башоратчи ёки фолчига борса ва гапларига ишонса, Муҳаммадга соллаллоҳу алайҳи васаллам туширилган нарса (Қуръон)ни инкор этибди", дейилади. Демак, фолчи айтганини тасдиқлаган одамнинг диндан чиқиш эҳтимоли бор. Ҳазрати Али (Аллоҳ рози бўлсин): "Фолчи сеҳргардир, сеҳргарлик эса куфр ишдир", деганлар.
Фолчилар эшигида нажот излаб, соатлаб сарғайиб турган айрим кишилар оғир гуноҳ сотиб олишаётганини билишармикан?
Қуръони Каримда: "(У Зот) ғайбни билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас, фақат Ўзи рози бўлган пайғамбарларнигина (Ўзининг ғайбидаги сир-асрорнинг айримларидан огоҳ этар)", дейилган. (Жин сураси, 26-27-оят). Оятда пайғамбарлар ҳам ғайбдан хабардор қилинмагани, фақат баъзи сирларнигина билдирилгани таъкидланади. Умар ибн Хаттоб (Аллоҳ рози бўлсин) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қуруқлик ва денгизда йўл топадиган миқдорда юлдузлар илмини ўрганинг, қолганидан ўзингизни тийинг", деганлар.
Аллоҳ таоло барчамизни ёмон иллатлардан узоқлаштирсин. Бу шайтоний амаллар билан шуғулланадиган инсонларга инсоф берсин.

Бухоро шаҳар Сайфиддин Бохарзий жомеъ масжид

имом - хатиби Камолов Равшан. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:15
Куёш: 06:51
Пешин: 13:10
Аср: 16:35
Шом: 18:20
Хуфтон: 20:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram