Жамиятнинг маънавий баркамоллигида имомларнинг тутган ўрни
03 июн 2021 й.
766 марта ўқилди.
Жамиятнинг маънавий баркамоллигида имомларнинг тутган ўрни
Республикамизда фаолият кўрсатаётган барча масжид имомлари Мустақилликдан кейин Ватанимизда амалга оширилган ишлар, қайта тикланган қадриятларимиз ҳақида кўпроқ мавъиза қилиб, ҳозирги кунда Республикамизда мавжуд диний конфенсиялар ва улар ҳақида маълумотлар бериш билан бирга турли ғаразли мақсадларда чиқаётган миссионерларнинг қора ниятларини баҳоли қудрат тушунтириб бормоқлик мақсадга мувофиқдир.
Дин қадим-қадимдан аксарият маънавий қадриятларни ўзида мужассам этиб келади. Миллий ва диний қадриятларнинг асрлар оша безавол яшаб келаётгани ҳам уларни бир-бирлари билан яқин муштарак мақсадларга эгалигидадир. Чунки дунёдаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади, яхшилик, тинчлик, дўстлик каби фазилатларга таянади. Одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат ва бағрикенгликка даъват этади. Ҳозирги заминда бу ғоя эзгулик йўлида, нафақат диндорлар, балки бутун жамият аъзоларининг ҳамкорлигини назарда тутади, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Масалан, азал-азалдан диёримизда турли диний таълимотлар ёнма-ён яшаб келган. Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков, хонақоҳларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир.
Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг динлараро бағрикенглик ғоясига амал қилиб яшаб келганларидан далолат беради.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда 17 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ўз фаолиятини амалга ошириши ва мамлакат ҳаётида иштирок этиши учун ҳамма шарт-шароитлар яратилган. Бу борадаги ҳуқуқий асослар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топган. Ана шу асослар мамлакатимиздаги барча дин вакилларининг ҳамкор, ҳамжиҳат бўлиб, улуғ ва муштарак ғоялар йўлида ҳаракат қилиши учун имкон яратади.
Тарихимизнинг ҳар қайси даврида дин доимо одамларда яхши хислатларни кўпайтириб, ёмонларидан халос бўлишга чорлаган. Юксак умуминсоний қадриятларга асосланган. Бугунги кунда маънавий ва диний жабҳаларда кечаётган мураккаб жараёнда барча миллат ва дин вакиллари бир-бирларига нисбатан ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига амал қилишлари доимий барқарорликнинг муҳим омилларидан биридир.
Илгари сурилган мазкур ғояни амалга оширишда бугунги кунда икки муҳим масала, бир томондан, тинчлик ва эзгулик, дини исломни “сохта исломчи”лардан, яъни маърифий исломни сиёсийлашган жангари исломдан ҳимоя қилиш, иккинчи томондан, кўп миллатли, кўп динли жамиятимизда эътиқод эркинлиги кафолатланган шароитда айрим жамоаларнинг миссионерлик руҳида фаолият юритишларининг олдини олиш муҳимдир. Бу ўз навбатида, юртимиздаги миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлайди.
Сўнги йилларда бутун дунё, шу жумладан, минтақамизда кучайиб бораётган диний ақидапарастлик ва жангарилик исломнинг асл моҳияти бўлган бағрикенгликка зид бўлган ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳаракат ва ғаразли оқимларнинг номлари ва шиорлари турлича бўлишига қарамай, мақсадлари бир – диндан ниқоб сифатида фойдаланиб, давлат сиёсатига аралашиш, ҳокимиятни қўлга киритишдир.
Биз учун энг асосийси мамлакатда эътиқод эркинлиги коститутсавий асосда кафолатланди. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Истиқлол йиллари диёримиз мусулмонларининг ақидавий бирлиги янада мустаҳкамланади.
Шукирким, бугун барчамиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алайҳнинг мазҳабларида эмин – эркин ибодат қиламиз, амри – маъруф, наҳий – мункар қиламиз, фиқиҳий масалаларни ҳал этамиз.
Истиқлол йиллари илоҳий дастурмиз Қуръони карим маъноларининнг ўзбекчага таржималари “Ал-жоме ас-Саҳиҳ”, “Ҳидоя”, “Танбеҳул ғофилин” каби ислом дини асослари ва тасаввуфига оид ўнлаб китоблар нашр этилди. Бугунги кунда халқимзнинг севимли журналига айланган “Имом Ал Бухорий сабоқлари”, “Ҳидоят” ва “Ислом нури” рўзномаси ҳам ана шу истиқлол меваларидан бўлди.
Бугунги бунёдкорлик ишларимизда фаол иштирок этаётган, давлатимиз сиёсатини қўллаб – қувватлаётган, ҳар ибодатида Ватанимиз тичлиги, халқимиз омонлигини Яратгандан илтижо қилиб яшаётган миллиёнлаб соф ниятли мусулмонлар бор. Уларнинг ўз диний эҳтиёжларини бундан буён ҳам эмин – эркин адо этишлари учун ҳеч қандай монелик қилинмайди”. Аллоҳ таолодан элимизга тинчлик, омонлик, миллатимизга Ватанимизга, динимизга улкан равнақлар тилаймиз. Омин.
Маълумки, имомлик шарафли вазифа бўлиб, бундай улуғ ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, хулафои рошидинлар ва табаррук зотлар адо этишган. Бу вазифани чиройли амалга оширган ва бу йўлда қунт билан ҳаракат қилган кишилар катта ажрларга эга бўлади. Баъзи саҳобаи киромлар имомликдаги фазилатни билганлари учун Муҳаммад алайҳиссаломга: “Мени қавмимнинг имоми қилиб тайинланг”, деб айтганлар (Имом Абу Довуд).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам имомлик шарафли вазифа экани ҳақида айтилади. Жумладан, Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч киши қиёмат куни қўрқувга тушмайдилар, ҳисоб-китоб қилинмайдилар, Аллоҳ бандаларни ҳисоб қилиб бўлгунча улар мушкли тепаликда бўладилар: Аллоҳнинг розилигини истаб Қуръон ўқиган ва у билан бир қавмга имом бўлган ҳамда улар ундан рози бўлган киши; Аллоҳ розилиги учун беш вақт намозга чақирган киши; ўзи ва Рабби ўртасидаги муносабатни жойига қўйган, ўзи ва хожалари муносабатини яхши қилган қул”, деб айтдилар”.
Айни пайтда унутмаслик керакки, имом-хатиблик ниҳоятда масъулиятли ишдир. Бинобарин, бу вазифадаги киши аввало Аллоҳ таоло, кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номидан сўзлашини доимо ҳис этиши керак.
Имом-хатиб инсонларга панду насиҳат қилиб, уларни ҳидоятга бошлайди ва уларга тўғри йўлдан оғишмай, собитқадам юришларида кўмакчи бўлади. Динга хизмат қилиш фазилати ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللَّهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ
“Эй имон келтирганлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (динининг ривожи учун ҳаракат қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит (барқарор) қилур”. (Муҳаммад сураси, 7-оят). Имом-хатиблик вазифасида турганлар одамларни яхши амалларга буюриб, ёмон ишлардан қайтарадилар. Бунда, аввало, ўзлари бошқаларга ўрнак бўлишлари лозим. Сўз билан амални жам қилган имом, солиҳ бандалардан ҳисобланади.
Имом-хатиблар нафақат ибодатда, балки бошқа хайрли ишларда ҳам кишилар эргашадиган ва ўрнак оладиган шахс бўлиши лозим. Зеро, бошқаларга раҳбарлик қиладиган, уларни яхшиликка буюрадиган ва одоб-ахлоққа чорлайдиган шахс, аввало, ўзи ана шу юксак хулқлар билан зийнатланган бўлиши керак.
Ҳар бир имом-хатиб минбарга чиқиб, Қуръони каримдан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларидан ва уламоларнинг ҳикматли сўзларидан насиҳат қилар экан, биринчи галда ўзи ҳар бир айтаётган сўзига эътибор бериши, амал қилиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтганига ўзи амал қилмайдиганларни ояти каримасида бундай итоб қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفْعَلُونَ كَبُرَ مَقْتاً عِندَ اللَّهِ أَن تَقُولُوا مَا لَا تَفْعَلُونَ
“Эй имон келтирганлар! Сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қилдик ёки қиламиз деб) айтурсиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишингиз Аллоҳ наздида катта нафрат (боиси)дир”. (Соофф, 2-3 оятлар).
Имом-хатиблар масалаларни китобларда қандай келтирилган бўлса, одамларга шундай етказиши керак. Чунки, инсонлар уч тоифага бўлинади: оми, олим ва толиб. Имом-хатиб мана шу уч тоифа одамнинг ҳар бирига мос равишда мавъиза қила билиши лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатимизда исломий-диний ташкилотларнинг ягона бошқарув органи бўлиб, мўмин-мусулмонларнинг эътиқодий бирлигини таъминлашга хизмат қилади. Мана шу нарсани доимо ёдда сақлаш лозим. Имом-хатиблар мўмин-мусулмонлар иттифоқлиги, эътиқодий бирдамлигига раҳна соладиган ёки фитна келтириб чиқарадиган нарсалардан ўзларини эҳтиёт қилишлари зарур. Жамиятда юзага келадиган ихтилофли масалаларда диний идора билан маслаҳатлашган ҳолда жавоб бериш мақсадга мувофиқдир.
Бугун шиддат билан ўзгараётган ҳаёт талаблари борган сари ортиб, қатъийлашиб бормоқда. Мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжи олдимизга янги-янги, кутилмаган масалаларни қўймоқда. Бу шиддат эса имом-домлаларни сергакликка, ўз устида тинимсиз ишлашга ундайди. Шунингдек, халқимиз билан мулоқотга киришиш ва уларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, муаммоларига ечим топишда астойдил ғайрат қилиш мажбурияти ҳам давримизнинг талабидир.
Бугун хонадонларда, кўча-кўйда ёки таълим масканларида бўладими, қаерда бўлмасин, барчамизнинг келажагимиз бўлган ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, фарзандларни тўғри йўлдан чалғитадиган турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш учун масъул эканимизни ҳеч қачон унутмайлик. Бу борадаги бепарволик эл-юртимиз олдида, тарих ва келажак олдида хиёнат эканини англайдиган вақт келди. Бугун фаол изланиш ва ҳаракатдан тўхтаган, фидоийлик ва ватанпарварлик ҳисси бўлмаган имом-хатиб ҳамда ўз ишига лоқайдлик ва бепарволик билан ёндашадиган диний ходим учун орамизда ўрин йўқ. Шунинг учун ҳам имомлар ўз устида мунтазам ишлаши, касб маҳорати, билим савияси ва дунёқарашини ошириб бориши зарур. Зеро, бугун имом-домлаларга “маърифат ва маънавият тарғиботчилари” дея қаралиб, хизматлари қадр топаётганини ҳар биримиз чуқур англашимиз, шунга муносиб бўлмоғимиз лозим.
Жамиятимизда иллат бўлиб турган жиноятчилик, эстремистик, ақидапараст оқимларга қўшилиб қолиш, ўз жонига қасд қилиш каби салбий ҳолатларнинг фожиавий оқибатларини эл орасида юриб, кенг жамоатчиликка тушунтириш керак. Халқ билан мулоқот қилсак, албатта уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Муҳтарам имом-хатиблар, халқимизнинг имон-эътиқоди бутунлиги тараққиёт гаровидир. Айниқса, ҳозир бунинг аҳамияти жуда ҳам катта. Чунки ҳозирги замон, аввало, ҳамжиҳатликни, ўзаро аҳилликни талаб этмоқда. Халқимизни имон-эътиқод, адлу инсоф, меҳр-оқибатга ва эл-юрт фаровонлиги йўлида ҳалол меҳнат қилишга даъват этиш, ҳукуматимиз олиб бораётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.
“Ҳожа Маҳмуд Анжир Фағнавий”
масжиди имом-хатиби Очилов Ғолибжон
«орқага