Жаннатнинг дунёдаги эшиклари
29 август 2015 й.
«орқага
2826 марта ўқилди.
Жаннатнинг дунёдаги эшиклари
وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَآ أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيمًا (23) وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا (24)
“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Раббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт” (Исро сураси, 23-24-оятлар).
Аллоҳ таоло мазкур оятда ота-онага яхшилик қилишни Ўзига ибодатдан кейинги ўринга қўйганининг ўзиёқ бу нақадар муҳим вазифа эканини билдиради.
Яхшиликдан мурод ўзига раво кўрганни уларга ҳам исташ, уларнинг истакларини ўз хоҳишидан устун билиш назарда тутилган. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш кифоя: “Улар олдида кийимингни қоқма, чанги тегиб озор беради”.
Яхшилик қилишга буйруқларини нафл ибодатдан устун билиш ва итоат этиш, қайтарган нарсаларидан қайтиш, совға-саломлар улашиш, истакларини бажариш, хизматларига шай бўлиш, олдиларида одоб сақлаш, овозини уларнинг овозларидан баланд кўтариб гапирмаслик, исмлари билан чақирмаслик, хавотирга солмаслик, уятга қўймаслик, уларнинг олдиларидан эмас, балки кетларидан юриш, содир бўлган хатоларини кечириш, ҳар қандай вазиятда ҳам сабр қилиш, улар ухламасларидан ухламаслик, ўтирмасларидан ўтирмаслик, йиғлатмаслик ва шу каби солиҳ амаллар киради.
“Уфф” сўзи арабча бўлиб, тафсир китобларида унинг кўп маънолари келтирилган. Жумладан, “ёмон сўз”, “жирканч гап”, “қулоқ ва тирноқдаги кир”, “сассиқ”, “ҳақорат”, “камситиш”, “оғир олиш”, “енгил санаш”, “сиқилиб кетдим”, “тўйиб кетдим”, “чарчаб кетдим”, “безор бўлдим” ва шу каби маънолари санаб ўтилган. Яъни, “сиз кирсиз”, “ифлоссиз”, “жирканчлисиз” деганидир. Оятда уларга нисбатан умуман “уфф” демаслик назарда тутилмоқда. Ҳатто улардан ёмон ҳид сезилганда ҳам “уфф” дейиш асло мумкин эмас. Кексайиб, ўзлари ҳожатларини чиқара билмай қолсаларда, уйда ҳожат чиқарадиган ҳолатга борсаларда, уларга нисбатан “уфф” демаслик, асло жирканмаслик керак. Негаки, бир пайтлар биздан такрор-такрор шу ҳолатлар содир бўлганида улар жирканишмаган, қўллари билан ювиб тозалашган. Бу борада уларни тўлиқ рози қила билмаймиз.
“Уфф” сўзи уч ҳарфдан иборат бўлса-да, гуноҳи нақадар оғир. Демак, уларни йиғлатиш, жаҳлларини чиқариш, хафа қилиш, сўзларини тингламаслик, итоат этмаслик, гап қайтариш, ёмон кўз билан қараш, ғийбат қилиш ва ҳаттоки қўл кўтариш ҳаром. Буларни бажариш ота-нага озор бериш саналади. Мазкур оятда айнан шу нарсадан қайтарилмоқда.
“Озор берма” дейилганда, уларга терс ўгирилиб кетма, урушма, жеркима, қўпол гапирма, қўлингни силтама, бошингни сарак-сарак қилма, бақириб гапирма, юзига ўқрайиб қарама деган маънолар англанса, “Яхши сўз айт!” дейилганда, исмларини айтиб чақирмаслик, “отажон”, “онажон” деб мурожаат қилиш, олдиларида юрмаслик, келганларида ўриндан туриш, сўкиш олиб бермаслик, бисотдаги ширин сўзларни аямаслик тушунилади.
Ота-оналаримиз жаннатнинг дунёдаги эшиклари саналишади. Уларни рози қилиш Аллоҳни рози қилиш, уларни хафа қилиш Аллоҳни хафа қилиш билан баробардир. Уларнинг дуолари сабаб жаннатга киришимиз лозимлигини унутмайлик.
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси