Жаннатнинг ярим кафолати.
02 январ 2017 й.
2267 марта ўқилди.

 Жаннатнинг ярим кафолати.

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла росулиллаҳ, ва баъд.
Аҳсанул холиқийн бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолога Ўзининг яратган махлуқлари сонича ҳамду санолар бўлсин. Умматларига мушфиқ шафоатчимиз,  пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу аълайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин. Бизгача илмни омонат билан етказган барча уламолардан Аллоҳ рози бўлсин.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таъала инсонни йўқдан бор қилди ва уни мукаммал суратда халқ қилди. Инсон ўз танасининг ҳар бир аъзоси шукри учун умрини охиригача ҳамд айтса озлигини бироз ақл юритган ҳар бир банда билади. Инсон танасидаги энг эътиборли аъзолардан бири бу шубҳасиз унинг тилидир.
Тилнинг бошқа аъзолардан муҳимлиги у билан қилинадиган амалларнинг муҳимлигида. Тил билан дунё ва охират саодатини ҳам, дунё ва охиратда хорлигини топиш ҳам осон. Аҳли сунна вал жамоат эътиқодининг Ашъария йўналишида тил билан иқрор иймон шартларидан бири эканлиги ҳам бу аъзонинг танадаги даражасини билдириб туради (Бизнинг Мотурудия йўналишида бу шарт эмас қалб билан тасдиқ кифоя).
(يَوْمَ تَشْهَدُ عَلَيْهِمْ أَلْسِنَتُهُمْ وَأَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ)
"У кунда тиллари, қўллари ва оёқлари қилиб юрган амаллари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берур." (Нур 24-оят) 
Оятда Аллоҳ таъоло бежизга тилни биринчи зикр қилмади. Ушбу оятда Аллоҳ таъоло очиқ ойдин қилиб эрта Қиёматда бандани зарарига энг кўп қарши гувоҳлик берадиган аъзо бу унинг тили эканини яъни энг катта ва кўп гуноҳлар банданинг тилидан эканлигини билдирди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва у туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади», – дедилар». (Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.) Юқоридаги ҳадисни билган баъзи салафларимиз ҳар бир гапларини қаттиқ сарҳисоб қилишган. Айниқса бирор динга таъаллуқли масала сўралганда хато сўзлашдан қўрқиб жавоб беришда жуда эҳтиёт бўлишган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким менга икки ияги-(жағи) орасидаги, ҳамда икки оёғи орасидаги нарсаларнинг кафолатини берса, мен унга Жаннатнинг кафолатини бераман» (Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисда зикри келган икки муҳим аъзолардан бири тилдир. Инсон икки оёғи орасидаги нарсанинг кафолатини бериши осонроқ аммо тилни бошқариш энг қийин амаллардан ҳисобланади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Инсонлар тонгга етгач, бутун тана аъзолари тилга. Бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз фақат сенга боғлиқмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғримиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгримиз” (Имом Термизий ривояти)
Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Қалб тўғри бўлмагунча кишининг имони тўғри бўлмайди. Тили тўғри бўлмагунча эса қалби тўғри бўлмайди” (Имом Аҳмад ривояти).
  Бу борада асримиз авлиёларидан Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари шундай деганлар: 
"Қайси банда сўзларида эҳтиёт бўлмаса, амалларида ҳам эҳтиёткор бўлолмайди".
Аллоҳ барчамизни тилларимизни Ўзининг зикри билан банд қилсин ва хато сўзлашдан асрасин. Амин.
 
Файзи обод масжиди имом хатиби
О. Авезов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram