Қуръонда зикри келган саккиз жаннат
10 феврал 2023 й.
775 марта ўқилди.

Қуръонда зикри келган саккиз жаннат
Аллоҳ таоло саккиз жаннат ва етти дўзахни яратди. Ҳоли ҳаётлик вақтида солиҳ амалларни қилган ва Пайғамбаримизга эргашган ҳар қандай мусулмонга жаннат башорати борлиги ҳақида ваъдалар бор. Шу ўринда савол туғилади: “Нима учун жаннатнинг сони саккизта? Битта ягона жаннат бўлса бўлмайдими?”, -деган савол кўпчиликни қизиқтиради албатта. Бунга бериладиган жавоб шуки, ҳар бир жаннатнинг ўзига яраша таровати бор, ўзига хос бўлган ҳиди бор ва номига хос бўлган маконлари бор ва энг асосийси ҳар бирининг ўзининг хос кирувчилари бор. Мана шу каби жиҳатлар билан бир-биридан фарқ қилади. 
Зотан, дунёда ҳар бир инсоннинг ўзига мос келадиган ўзи учун хос бўлган амали бордир. Мисол учун, бир инсон Қуръонни кўп ўқийди, унинг ортидан уни равон ўқийдиган бўлади. Бошқа бир инсон эса рўза тутишни хуш кўради ва уни доимий тутади. Инсонлар ичида олимлар бор, қорилар бор, ибодат қилгувчилар бор. Шулардан келиб чиқиб юқорида эсланган ҳар бир фазилат соҳиби учун уларнинг амалларига мувофиқ келадиган жаннатни Аллоҳ ҳозирлаб қўйган. Яъни, қорилар учун алоҳида, олимлар учун алоҳида, рўзадорлар учун алоҳида, эҳсон қилгувчилар учун алоҳида ва мана шуларни барчасини ўзида жамлаган зотлар учун алоҳида жаннат бор.
Келинг, Қуръони каримда зикри қилинган жаннатнинг саккизта номи ва уларга берилган даражаларни кўриб чиқамиз:
1. Фирдавс жаннати. «Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф сураси, 107-оят).
2. Адн жаннати. «Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшайдиган Адн жаннат (боғ)ларидаги пок масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси эса, (ҳаммасидан) каттароқдир. Ана шу (лар) улкан ютуқдир» (Тавба сураси, 72-оят).
3. Маъво жаннати. «Қасамки, (Муҳаммад Жаброилни) иккинчи бор кўрди. (Жаннат) чеккасидаги Нилуфар олдида. Маъво жаннати ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир» (Нажм сураси, 13–15 оятлар).
4. Наъим жаннати. «Яна мени Наъим жаннатининг ворисларидан қилгин!» (Шуаро сураси, 85-оят).
5. Хулд жаннати. «(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: “Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводорларга ваъда қилинган мангулик (Хулд) жаннатими?!” Улар учун (бу) мукофот ва натижа бўлур эди» (Фурқон сураси, 15-оят).
6. Қарор жаннати. «Эй, қавмим, бу дунё ҳаёти фақат бир (арзимас) матодир. Албатта, охиратгина (мангу) барқарорлик диёридир» (Ғофир сураси, 39-оят).
7. Дорус Салом. «Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир. Қилган (солиҳ) амаллари сабабли, У уларнинг дўстидир» (Анъом сураси, 127-оят).
8. Дорул Муқома. «У Ўз фазли билан бизларни мангу турадиган диёрга туширдики, бу жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар» (Фотир сураси, 35-оят).
Аллоҳ таоло каломи Қуръонда  мана шу саккиз жаннат номини бирма-бир зикр қилган. Ҳар бир инсон амалига мувофиқ мана шу даражага эришади инша Аллоҳ.
Лекин, биз билишимиз керак бўлган яна бир нарса бор. Бу зикр келган саккиз жаннатнинг энг олийси бу “Фирдавс” жаннатидир. Ҳадисда  Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Жаннатда юз даража бордир. Икки даража оралиғи ер билан осмон оралиғичадир. Фирдавс жаннати у даражаларнинг энг олийсидир. Ундан жаннат анҳорларининг тўрттаси отилиб чиқади. Унинг тепасида Арш бор. Агар Аллоҳдан сўрайдиган бўлсанглар, Фирдавс жаннатини сўранглар , деганлар. Аллоҳ таоло қалбида иймони жўш уриб турган ҳар бир мўмин бандани охирги ва абадий манзилини Фирдавс жаннатдан қилсин.
Яҳёев Нуруллоҳ 
Бухоро шаҳар “Саид по Банди Кушо” масжид  имом-хатиби 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram