ЖАННАТГА КИРМАЙ ҚОЛИШ АМАЛ ТУФАЙЛИДИР.
29 апрел 2021 й.
1069 марта ўқилди.

 
ЖАННАТГА КИРМАЙ ҚОЛИШ АМАЛ ТУФАЙЛИДИР.

Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларга чуқур назар соладиган бўлсак, банданинг жаннатга киришдан маҳрум бўлиши ҳам унинг қилган баъзи амаллари туфайли бўлади. Аллоҳ таоло шуни ирода қилган. Мўмин банда ўзи қилган баъзи гуноҳлар туфайли маълум муддат жаннатга киритилмаслиги маълум. У мазкур гуноҳнинг жазосини ўтагунича жаннатга киришдан маҳрум қилинади. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда баъзи катта гуноҳларни қилиш жаннатга киришни ман қилиши ҳақида хабарлар бор.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا

"Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, жазоси жаҳаннамдир. Унда мангу қолувчидир. Аллоҳ унга ғазаб қиладир, уни лаънатлайдир ва унга улкан азобни тайёрлаб қўядир", деган (93-оят).
Яна шу суранинг аввалида:

إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَىٰ ظُلْمًا إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَارًا ۖ وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيرًا

"Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўт-оловни ейдилар, холос. Ва шубҳасиз, ловуллаган дўзахга кириб, куюрлар", дейилган (10-оят).
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қариндошлик алоқасини узувчи жаннатга кирмайди", дедилар".
Имом Муслимнинг ривоятида: "Ёмонлигидан қўшниси омон бўлмаган одам жаннатга кирмайди", дейилган. (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).
Ҳаммам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Ҳузайфа билан бирга эдик. Бас, унга "Бир киши гапни Усмон розияллоҳу анҳуга олиб бориб туради", дейилди. Шунда Ҳузайфа унга: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Чақимчи жаннатга кирмайди", деганларини эшитганман", деди". (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Демак, баъзи бир амаллар ўз эгасининг жаннатга киришига монеъ бўлиши мумкин экан. Албатта, мўмин банда диндан чиқмаса ва шариатнинг фарзу вожибларини инкор қилмаган, ҳалол ва ҳаромни инкор қилмаган бўлса, қилган гуноҳига яраша жазосини олганидан кейингина жаннатга киритилади.
 

Бухоро шаҳар “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Рахимов Абдулбосит. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:40
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram