Аллоҳ тайёрлаб қўйган буюк салтанатлар
10 июл 2016 й.
3120 марта ўқилди.

 Аллоҳ тайёрлаб қўйган буюк салтанатлар

Инсон нафсини жиловлаб сиротал мустақим йўлидан юрмоқлиги лозимдир. Солиҳ, тақводор, собир мусулмонлар дунё ҳаётида ана шу сифатларга амал қилиб яшаб ўтганлар охиратда  Аллоҳ тайёрлаб қўйган буюк салтанатдан жой топишади. У манзилларда шундай қадр-қиймат, иззат-икром, роҳат-фароғат топадиларки, бошқа жойга кўчишни зинҳор истамайдилар. Агар жаннат васфларини, қандайлигини билмоқ истасанг Қуърон ўқи. Аллоҳнинг изоҳидан ортиқроқ изоҳ ҳеч қаерда йўқ.
Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жаннатда юзта даража бордир. Икки даражанинг ораси осмон билан ерчаликдир. Фирдавс унинг энг олий даражасижир. Ундан жаннатнинг тўрт анҳори отилиб чиқадир. Унинг устида Арш бўлади. Агар Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, Фирдавсни сўранг», дедилар». Термизий ва Бухорий ривоят қилган.
1.Фирдавс жаннати;
"Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир"(Каҳф сураси,107-оят).
Фирдавс жаннатига кирувчилар сифатлари:  “Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир. Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қилгувчилардир. Улар намозларини муҳофаза қилувчилардир. Ана ўшалар ворис бўлгувчилардир. Улар Фирдавсни мерос олурлар, улар унда абадий қолгувчилардир” (Мўъминун, 1-11).
2. Адн Жаннати;
Луғатда “истиқомат жойи, неъматга бой истиқрор ўрни” деган маънони билдиради. Қуръони каримнинг “Фотир”,“Раъд”, “Баййина” ва бошқа сураларида Адн жаннати тавсифи келтирилган.
"У  Aдн жаннатидир. Унга кирганларида остидан анҳорлар оқиб турар, улар учун у ерда истаган нарсалари бор. Аллоҳ тақводорларни ана шундай мукофотлар" (Наҳл сураси, 31 оят).
3. Жаннатул маъво;
"Ҳа, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга, бас, уларга қилиб ўтган амаллари учун жаннатул маъваа манзилдир" (Сажда сураси, 19 оят).
Аллоҳ таоло: «Сидратул мунтаҳо-(тугаш дарахти) олдида. Унинг ҳузурида маъво жаннати бор», деган. Сидра-дарахт, мунтаҳа-интиҳо, тугаш демакдир. Бу дарахтнинг тугаш дарахти деб номланишининг сабаби бор. Осмонда фаришталар ўша дарахт олдигача бора олар эканлар, холос, ундан нарига ўта олмас эканлар. Ундан нариги томонда нима борлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмас экан.
«Унинг ҳузурида маъво жаннати бор». 
4.Наъим жаннати;
"Улардан ҳар бир киши наъим жаннатга киритилишни тамаъ қиладими?" (Маъoриж сураси, 38 оят).
5. Райён;
Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Жаннатнинг саккиз эшиги бўлиб, улардан бир эшик Райён деб номланур. Ундан фақатгина рўзадорлар кирурлар», дедилар». Икки Шайх ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда охиратда Рўза ибодатининг фазли бошқа ибодатлардан кўра қандоқ намоён бўлиши баён қилинмоқда. Қиёмат куни рўзадорларни жаннатга киришлари учун алоҳида «Райён» исмли эшик очилар экан.
6. Ровзa;
"Бас, иймон келтириб, яхши амалларни қилганлар, улар (ровза) жаннатда шодланурлар". (Рум сураси, 15 оят).
Соҳибини яхшиликларга бошлаган иймонгина иймон ҳисобланади. Бошқаси иймон эмас. Иймонга келиб, яхши амаллар қилганларни эса, Аллоҳ таолонинг Ўзи доимо ҳидоятга йўллаб туради. Ўша ҳидоят, иймон ва яхшиликлари туфайли жаннатга кирадилар.
7. Хулд жаннати;
 «Жаннатул хулди»-мангулик жаннатидир. Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида:
«Бу яхшими ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган хулд-мангулик жаннати яхшими?» У (жаннат) улар учун мукофот ва қайтиш жойидир», деган.
Қани, солиштириб кўрилсин-чи?! Дўзах ва ундаги даҳшатли азоблар яхшими ёки мангулик жаннати яхшими? Нозу неъматларга тўла жаннатларда абадий қолиш яхшими?
Мушрик ва кофиру осийларга даҳшатли азобларга тўла дўзахни тайёрлаб қўйган Аллоҳ мўмин-мусулмон ва тақводор бандаларига мангулик жаннатини ҳам тайёрлаб қўйган.
8. Дорус салом;
"Уларга Роббилари ҳузурида Дорус салом (тинчлик уйи) бордир. У зот қилган ишлари учун уларнинг дўстидир" (Анъаам сураси, 127 оят).
Аллоҳ таоло ҳузурида. Бу дунёга қилган яхшиликлари учун унга дўст бўлурлар. Аллоҳга дўст бўлиш ҳар бир мўминнинг олий мақсади.
 
 
 Азизжон Жамолов – Шофиркон тумани
“Шайҳи Дарвеш” жоме масжиди имом-хатиби.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:35
Куёш: 07:15
Пешин: 13:10
Аср: 16:10
Шом: 17:45
Хуфтон: 19:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram