ЖУМА КУНИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
15 феврал 2024 й.
286 марта ўқилди.
ЖУМА КУНИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ
Жума –ҳар бир дақиқаси Аллоҳнинг марҳаматига тўла бўлган кундир. Баъзан биз бу кунни бошқа кунлар сингари оддийгина ўтказамиз, эътиборсизлик қилиб қанчадан-қанча савоблардан бебаҳра қолаётганимизни англамаймиз. Бинобарин,жума куни: “Дуолар ижобат бӯлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни дуоларининг ижобат бўлиши ҳақида: “Бу кунда шундай фурсат борки, мусулмон банда намоз ўқиш учун шу вақтга дуч келади ва Аллоҳдан нимани сӯраса, истаганини шубҳасиз беради”, дедилар. (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловотлар айтилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлар учун энг хайрли кун –жума кунидир. Шундай экан бу куни кўп саловотлар айтинглар, чунки бу кунги саловотлар менга кўрсатилади”, деб айтганлар. (Абу Довуд ривояти)
Жума куни қадамлар остидан нурлар чиқади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Қаҳф”сурасини жума куни ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади”, деганлар.
Масжид сари ташланган ҳар бир қадам нафл рўза ва ибодат қилганга тенглаштирилади Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки жума куни ғусл қилиб, масжидга яёв борса, жума хутбасини чалғимасдан эшитса ва намоз ўқиса, масжид сари босиб ўтган ҳар бир қадами учун бир йиллик (нафл) рўза ва (нафл) тунги намозининг ажри берилади”, дедилар.
Жума кунида гуноҳлар мағфират этилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки ғусл қилиб, покиза кийим кийса ва мушк билан хушбўйланса, масжидга шошмасдан борса имомнинг маърузасини бўлмасдан эшитса ва намоз ўқиса, бу киши уйига ўтган жумадан бери қилган гуноҳларидан фориғ бӯлган ҳолда қайтади”, дедилар
Бошқа бир ҳадисда “Кимки жума намозидан сӯнг оёғини алмаштирмасдан туриб қуйидаги сураларни 7 мартадан ўқиса: Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечиради ва уни мукофотлайди”, деганлар.
Жума кунида масжидга жума намозини ӯқиш учун биринчи борган киши туя қурбонлик қилган ажрига ноил бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким жума куни ғусл қилиб, масжидга биринчи бӯлиб борса, битта туя сўйгандек бўлади. Ким иккинчи бӯлиб борса, худди битта сигир суйгандек, ким учинчи бӯлиб борса худди битта шохдор қўчқор суйгандек, ким тўртинчи бӯлиб борса, худди бир товуқ суйгандек, ким бешинчи бӯлиб борса худди бир тухум атагандек бўлади ва Имом минбарга чиққанда эса фаришталар хутбани эшитишга ҳозир бўладилар”, дедилар. (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти)
Яратган Аллоҳ барчамизга жума кунининг фазилатларини насиб қилсин!
Ғолиб домла Очилов,
“Анжир Фағнавий” масжиди имом-хатиби
«орқага