Жума аҳли – жаннат аҳли
23 ноябр 2018 й.
«орқага
1711 марта ўқилди.
Жума аҳли – жаннат аҳли
Жума мусулмонлар байрами, мискинлар ҳажи сифатида қадрланиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони крим суралариинг бирини айнан ушбу ном билан номлагани ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Ушбу сурада мўминларга хитоб қилиб, жума азонини эшитган заҳоти масжидга шошилиш, Аллоҳнинг зикрига интилиш, дунёвий нарсаларни вақтинча тарк этиб туришга урғу қаратган.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِي لِلصَّلَاةِ مِن يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ
«Эй иймон келтирганлар! Қачон жума куни намозга нидо қилинса, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар ва савдони тарк этинглар. Агар билсангиз, ана шундоқ қилмоғингиз сиз учун яхшидир» (Жума сураси, 9-оят).
Бу ояти каримада жумага боришликка амр қилиняпти. Феълнинг буйруқ майли эса вожибликка далолатдир. Айни намоз вақти тижорат ва бошқа машғулотни тарк этишга бўлган буйруқ унинг бажарилиши зарурлигини таъкидлайди. Зеро, у намозларнинг афзали ва бу умматга берилган мукофотдир.
Муфассирларимиз ушбу оятнинг тафсирига тўхталар экан, ушбу кунни ғанимат билиш, унинг қадрига етиш, улуғлаш, орзу-ҳавасларни, ўйин-кулгиларни намоз вақтида тарк этиш, Аллоҳнинг зикри ва тоатига интилиш ҳар бир банданинг зиммасидаги вожиб амаллардан эканига алоҳида эътибор қаратишган.
Зеро, ҳадиси шарифларда жума куни айрим амалларни бажарган кишиларга тўғридан-тўғри жаннат башорати берилганига гувоҳ бўламиз.
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир кунда беш амални қилишга эришса, жаннат аҳлидан бўлади. Касални зиёрат қилса, жаноза намозида иштирок этса, рўза тутса, жумага борса, қул озод қилса”, – деганларини эшитдим» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Аллоҳ хоҳлаган бандасига дард беради ва унинг шифосини ҳам Ўзи беради. Беморлик пайтида сабр қилган банданинг гуноҳлари кечирилади, хатолари ўчирилади. Соғлом бўлган пайтда қилган амалларининг савоби узилмасдан ёзиб турилади. Уларнинг дуоси фаришталарнинг дуоси каби мустажоб бўлади. Уларнинг зиёратига келган кишилар гўё Аллоҳнинг раҳматига шўнғийди. Шунинг учун бошқалар уларнинг зиёратига ошиқадилар, дуоларини олишга интиладилар, кўнгилларини кўтариб, ғамларини енгиллатишга ҳаракат қиладилар. Бу ҳам мусулмоннинг зиммасидаги муҳим бурчлардан саналади.
Мусулмон киши мабода бирор яқини вафот этиб қолса, унинг жанозасида иштирок этади, таъзия изҳор этади. Дафн маросимига қатнашади, маййитдан ибрат олади, ўлимнинг ҳақлигини яна бир бор кўз олдиган келтиради. Ҳадиси шарифда жаноза намозида иштирок этган одамга бир қийрот, дафн маросимида ҳам қатнашганларга эса икки қийрот савоб ёзилиши айтиб ўтилган. Қийрот – Уҳуд тоғи баробаридаги савоблиги ҳам айнан ҳадис лафзида зикр қилинган.
Рўза тутган киши нафси билан курашади, уни танг ҳолга солиб қўяди. Аллоҳ розилиги учун очликка сабр қилади, чанқоқликка чидайди. Бошқа кундагидан кўра кўпроқ тоатга, зикрга, тиловатга боғланади. Бу билан битмас-туганмас савобларга эга бўлади.
Айтиб ўтганимиздек, жума мусулмон аҳли учун байрам саналади. Бу кунда кўплаб хислатлар пайдо бўлган. Бу ҳақда Абу Лубоба ибн Абдулмунзир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Унда бешта хислат бордир: Аллоҳ таоло унда Одам алайҳиссаломни яратди, сўнгра уни ерга жума куни туширди, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни мана шу кунда вафот қилдирди, унда бир вақт бор, банда Аллоҳ таолодан нимани сўраса, ўшани унга беради, агар ман қилинган, ҳаром қилинган нарсани сўрамаса, унда қиёмат қоим бўлади» (Аҳмад ривояти).
Қул озод қилишдан мақсад – қулдан қуллик тамғасини олиб ташлаб, Аллоҳ учун ҳурга айлантириш. Ким мусулмонни маънавий хорликдан чиқарса, бошига тушган мусибатини аритса, қийинчилигини кетказса, солиҳ амалларни бажаришда унга ёрдам берса, иншааллоҳ, қул озод қилганнинг савобига эришади.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу Исломга кирганларидан бошлаб, умрларининг охиригача ҳар жума куни Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир қул озод қилардилар. У зот бу ишни ўзларига вазифа қилиб олган эдилар. Агар озод қилгани қул топа олмасалар, кейин топиб бўлса ҳам, озод этар эдилар.
Гувоҳи бўлганимиздек, ушбу амалларнинг ҳар бири алоҳида фазилатга эга. Ушбу амалларин бажарган кишиларга мукаммал савоб ато этилади. Мукаммал савоб – ҳаммамиз орзу қиладиган, тушларимизга кириб чиқадиган жаннатдир. Шундай экан, бу каби хайрли амалларни бажариш пайида бўлиб, Аллоҳнинг дийдори насиб этадиган жаннатга дохил бўлишга интилайлик.
Фарҳод ЖУМАЕВ,
Бухоро шаҳридаги “Дилкушо” жомеъ
масжидининг имом-хатиби