ҚАБР АЗОБИ ҲАҚ
07 август 2020 й.
1065 марта ўқилди.

 
ҚАБР АЗОБИ ҲАҚ

Сўнгги пайтларда айрим ижтимоий тармоқлар орқали қабр азобига доир маълумотлар ҳақида гап кетганда, кимлардир уни ҳақ деса, яна кимлардир инкор этишаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Зоҳиран олиб қараганда, бу бир томондан қизиқ туюлса, бошқа томондан аянчли ҳолдир. Чунки бир нарсани икки хил талқин қилиш ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келмайди. Бу нарса жамиятда ихтилоф ва турли низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.
Биз ҳар қандай нарсани тасдиқлаш ёки инкор этишдан олдин бу ҳақда мўътабар манбаларда нима дейилганига, алломаларимиз қандай фикр билдиришганига эътибор қаратишимиз лозимдир. Шаръий масалаларда асоссиз гап-сўзларга учган, нақлни ахтариб кўрмай, ақлига суянган киши, албатта, хатога йўл қўйиши табиий. Чунки шариат аҳкомлари ақллар устига бино қилинмаган.
Тарихга назар ташласак, жаҳмий ва мўътазилий оқими тарафдорлари ақлини устун билиб, нақлларга қиё боқмасдан, қабр азобини инкор этишган. Улар жони йўқ жасадни азобланади, деб эътиқод қилиш мутлақо мантиққа тўғри келмайди, дейишган. Таассуфлар бўлсинки, бугунги кунда уларнинг издошлари бўлмиш айрим оқимлар ҳам ушбу эътиқодни илгари сурмоқдалар. 
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган икки мўъжиза Қуръон ва Суннатдир. Мусулмонман деган банда бу иккисига имон келтириши вожиб саналади. Буларни инкор этиш эса куфрдан нишона.
Ким суннатни ёлғон санаса, у ҳеч шубҳасиз, Қуръонни ёлғон санабди. Ким суннатни инкор этса, у Қуръонни инкор этибди.
Қуръони карим оятларида айнан қабр азоби ибораси зикр қилинмаган бўлса-да, баъзи оятларнинг ботиний маъноси қабр азобининг борлигига далолат қилади. Буни айнан Пайғамбар алайҳиссаломнинг шахсан ўзлари айтиб ўтганлар. Оятларнинг зоҳирига суяниб, ботинини англаб етмаган тоифалар бу борада ҳам катта хатога йўл қўйишаётганлари аниқ бўлади.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилдинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ имон келтирганларни дунёда ва охиратда устивор сўз билан собитқадам қилади» (Иброҳим сураси, 27-оят) қабр азоби ҳақида нозил бўлган. Унга: «Роббинг ким?» дейилади. У: «Роббим Аллоҳ, диним ислом», дейди. Бу «Аллоҳ имон келтирганларни дунёда ва охиратда устивор сўз билан собитқадам қилади» деган оят(га мувофиқ)дир» (Насаий ривояти).
Демак, Қуръони Карим оятларининг ботинига назар ташласак, кўп ҳақиқатлар рўёбга чиқади. Унинг зоҳири билан машғул бўлиб қолиш эса мубҳамликларни келтириб чиқаради.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон маййитни дафн қилиб бўлсалар, унинг тепасида туриб: «Биродарингизга сабот (мустаҳкамлик) сўранглар. У ҳозир сўроқ қилинади», деб айтардилар» (Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Мунзир ривояти).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййит қабрига қўйилиб, асҳоблари қайтаётганида, у банда уларнинг ковушлари тақиллашини эшитади. Икки фаришта келиб, уни ўтирғизади ва: «Мана бу одам (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақида нима дер эдинг?» дейишади. Шунда мўмин: «Унинг Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига гувоҳлик бераман», дейди. Унга: «Дўзахдаги жойингга назар сол. Аллоҳ унинг ўрнига сенга жаннатдан жой берди», дейилади. У икки жойни ҳам кўради», дедилар» (Бухорий ривояти).
Кўриб ўтган ҳар иккала ҳадисимизда ҳам маййит қабрга қўйилгач, унинг жасадига руҳи қайтиши ва фаришталар томонидан сўроқ қилиниши айтиб ўтилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ҳамиша қабр азобидан паноҳ сўрар эдилар. Агар қабр азоби ҳақ бўлмаганида, У зот бу ишни қилмасликлари ҳаммага бирдек аён-ку.
Ҳишом отасидан, отаси холасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнасидан, жаҳаннам азобидан, қабр фитнасидан, қабр азобидан, бойлик фитнасидан, камбағаллик фитнасидан ва масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман», деб дуо қилардилар» (Бухорий ривояти).
Аҳли сунна вал жамоа имомларидан бирортаси қабр азобини инкор этишмаган. Улар бир овоздан унинг ҳақлигига имон келтиришган.
Ҳанафий мазҳабининг имоми Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи машҳур «Ал-фиқҳул акбар» асарида: «Қабрда жоннинг жасадга қайта киритилиши ҳақдир!» деганлар.
Ҳанбалий мазҳабининг асосчиси Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи: «Қабр азоби ҳақдир, уни инкор қилувчи киши адашган ва адаштирувчидир», деганлар.
Қолган икки мазҳаб соҳибларининг фикрлари ҳам худди шундай.
«Ақийдатут Таҳовия» асари шарҳида Имом Ибн Абул Изз раҳимаҳуллоҳ шундай ёзганлар: «Билингки, қабр азоби барзах азобидир. Ҳар бир инсон вафот этаркан, агар азобга ҳақли бўлса, хоҳ қабрга қўйилсин, хоҳ қабрга қўйилмай, ваҳшийларга ем бўлган, ё куйиб, кулга айланган, ё денгизга чўкиб кетган бўлсин, ўзига тегишли бўлган азобни олмай иложи йўқ».
Имом Қуртубий ва Имом Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Қабр азобини фақат мулҳидлар (динсиз-атеистлар), зиндиқлар, хаворижлар, айрим муътазилийлар ва фалсафа йўлини тутган кишиларгина инкор қилишди, барча аҳли сунналар уларга мухолиф бўлдилар», деганлар.
Хулоса шуки, қабр азоби ва неъмати ҳақида инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўплаб саҳиҳ ва мўътабар хабарлар келган. Бизнинг вазифамиз уларни ўрганиш, ишониш ва паноҳ сўрашдан иборат. Аҳли сунна вал жамоа эътиқоди бўйича қабр азоби, икки фариштанинг савол-жавоб қилиши ҳақ. У инсон руҳи ва жасадига биргаликда бўлади. Бунга иймон келтириш вожибдир. Инкор қилганлар, Аллоҳ асрасин, диндан чиқади.
Азизлар, кўзингизни очинг, ҳақиқатга тик боқинг. Кўринган кишининг гапига учиб, фитнасига алданиб, осмондек беғубор, қордек оппоқ, ойнадек покиза, сувдек шаффоф имонингизга асло путур етказманг. Йиллар давомида мисқоллаб тўплаган савобингизни нотўғри эътиқод сабаб бир кунда йўққа чиқарманг. Қуръон ва ҳадисдаги ҳам зоҳирий, ҳам ботиний масалаларга бирдек бўйсунинг. Билмасангиз, биладиганлардан сўраб ўрганинг.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram