КАМБАҒАЛЛИК АЙБ ЭМАС
08 май 2020 й.
«орқага
1108 марта ўқилди.
КАМБАҒАЛЛИК АЙБ ЭМАС
Қўшни маҳаллага жаноза ўқиш учун масжидга йиғилдик. Майит ҳали келтирилгани йўқ. Тўрт беш киши ўтирган жойга бориб, бўш ўринга мен ҳам ўтирдим. Ҳамма бир-бирини танийди. Шу пайт ёши олтмишлардан ўтган, соддадил, камбағал, меҳнаткаш бир киши ўриндиқ кўтариб олдимиздан ўтиб қолди. Орамиздан бир киши, "ҳаа фалончибой;" деб қошу кўзлари билан мазаҳ қилиб, масхараомуз кулди. Унга қўшилиб кўпчилик кулишди.
- Мен: "Мени шу кишига ҳавасим келади;" дедим.
-"О буни нимасига ҳавас қиласан?",- деди у.
-Мен: "Шу одамга 40 минг сўмлик ишни 15 минг сўмга қилдирса ҳам рози бўлади;" дедим.
-У одам: "Ҳа бўлади",- деди.
-Мен яна: "Тушликка овқат бермай, бир бош узум ёки битта қовун едирса ҳам кўнади;" дедим.
-У одам "Ҳа кўнади",- деди.
-Мен: "Мени бунга кўндириб бўлмайди;" дедим.
-У одам: "Ҳа тўғри",- деди.
"Ана энди асосий ҳавасим келадиган жойи, бу кишини юзига қараб, камситиб, устидан кулиб, мазах қилсангиз ҳам, хафа бўлмай табассум қилиб тураверади;"
Дедимда ич-ичимдан ачиниб, халқимиз нақадар "МАЪРИФАТГА" муҳтож эканлигини англадим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Фақирлик дунёда машаққат, охиратда хурсандчидикдир. Бойлик дунёда хурсандчилик, охиратда эса машаққатдир", деганлар. Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: "Аллоҳ учун энг яхши одамлар камбағаллардир".
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким бойни икром қилиб, камбағални хорласа, лаънатлангандир".
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: "Бой биродарларимизга адолат қилмадик. Улар ейдилар, биз ҳам еймиз, ичадилар, биз ҳам ичамиз, улар қийналадилар, биз ҳам қийналамиз, уларнинг кўп моллари бор, унга қарашади, биз ҳам улар билан бирга у молларига қараймиз. Улар ҳисоб беришади, аммо биз ҳисоб беришдан озодмиз". Маънавий кўзимиз кўр бўлиб, бойлик, мансаб, кибр ҳаво сабабли ўзимизни бечораҳол, камбағаллардан устун қўймайлик. Чунки уларни қадри, Аллоҳ наздида бениҳоя баланддир. Оҳ деб дуо қилсалар, нолалари даргоҳи илоҳий ҳузурида дарҳол қабул бўлади. Аллоҳ ўзи адаштирмасин!
Шофиркон тумани "Қори Фазлиддин" жомеъ масжид
имом-хатиби Мустақим Исоев.