Камтарлик — муқаддас сафардан қолган энг улуғ сабоқ
22 январ 2026 й.
304 марта ўқилди.

 Камтарлик — муқаддас сафардан қолган энг улуғ сабоқ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Аллоҳ таоло бандаларига иноят этган энг улуғ неъматлардан яна бири — Ҳаж ва Умра ибодатидир. Бу муборак сафарлар фақатгина муайян амалларни адо этиш эмас, балки инсоннинг бутун ҳаётини ислоҳ қилишга қаратилган улуғ мактабдир. Ҳаж ва Умра — қалбни поклайдиган, нафсни тийишга ўргатадиган, ихлосни мустаҳкамлайдиган ва бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган беқиёс ибодатдир. У зоҳирий сафардан кўра, ички тарбия ва ахлоқий камолот йўлидир.
Аслида, Ҳаж ва Умра инсонни камтарликка, сабрга, мулойимликка, соддалик ва тақвога етаклаши лозим. Чунки Аллоҳнинг уйига бориб, Унинг ҳузурида туриш шарафига муяссар бўлган инсон энди ўзини бошқалардан устун кўришдан узоқ бўлиши керак.
Афсуски, айрим ҳолларда Ҳаж ёки Умрадан қайтгандан сўнг, бу ибодатнинг асл моҳияти унутилиб, дабдаба, кўз-кўз қилиш, ортиқча эҳсон ва ҳашаматли мажлислар авж олаётгани кузатилмоқда. Ибодатдан кейин камтарлик ўрнига манманлик, ихлос ўрнига риё, шукр ўрнига мақтаниш аломатлари пайдо бўлиши эса Ҳаж ва Умранинг руҳига мутлақо зиддир.
Ҳаждан қайтган инсон “мен ҳаж қилдим” деб эмас, балки
“Аллоҳ мени Ўз ҳузурига чақирди, энди Унинг олдида масъулиятим янада ортди”, деган ҳис билан яшаши лозим. Бу ибодатдан кейин кийим-кечак эмас — ахлоқ ўзгариши, зиёфатлар эмас — муомалалар гўзаллашиши, ташқи кўриниш эмас — қалб покланиши асосий мезон бўлиши керак.
Эҳсон қилиш — улуғ ва савобли амал. Бироқ эҳсон ҳам ихлос билан, исрофсиз ва риёдан холи бўлгандагина қадрлидир. “Одамлар нима дейди?” деган хавотир билан қариндош-уруғ ёки қўни-қўшнини имконидан ташқари харажатга мажбурлаш, ортиқча дабдаба қилиш ибодатнинг баракасини камайтиради. Эҳсон кимнидир қийин аҳволга солмаслиги, балки енгиллик, меҳр ва барака олиб келиши лозим.
Бу масалада, айниқса, ҳурматли отинойиларимизнинг масъулияти беқиёсдир. Чунки отинойи — фақат сўз билан эмас, балки амали, ҳаёт тарзи, одоби билан тарбия берадиган шахсдир. Агар отинойи Ҳаж ва Умрадан кейин камтар бўлса, дабдабадан тийилса, ихлосни устун қўйса — ёшлар ҳам ана шуни ўрнак қилади. Агар эҳсонни сокинлик билан, кўз-кўз қилмасдан амалга оширса, жамият ҳам шу йўлдан боради.
Шунинг учун, аввало биз — отинойилар ўзимиздан бошлашимиз, ўз ҳаётимизни ислоҳ қилишимиз, ибодатдан кейинги ҳолатимиз билан бошқаларга намуна бўлишимиз шарт. Минбарда айтилган насиҳат уйда, маҳаллада, тўй ва эҳсонларда ҳам ўз аксини топсин. Сўзимиз билан амалимиз бир бўлса, тарғиботимиз самарали ва баракали бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг муборак ҳаётларига назар ташласак, у зотда дабдаба эмас, соддалик, манманлик эмас, камтарлик, исроф эмас, қаноат устун бўлганини кўрамиз. Агар биз чиндан суннатга эргашмоқчи бўлсак, айнан шу йўлни танлашимиз лозим.
Ҳаж ва Умра — унвон эмас, умрбод масъулиятдир. Бу ибодатдан кейин ёлғон тарк этилиши, ғийбат йўқолиши, исроф камайиши, кечирим, меҳр ва сабр кўпайиши керак. Ана шунда Ҳажимиз ҳам, Умрамиз ҳам нафақат шахсий ҳаётимиз, балки бутун жамиятимиз учун фойдали бўлади.
Азиз опа-сингиллар, ҳурматли онахонлар!
Келинглар, ибодатни дабдаба билан эмас, тақво билан улуғлайлик. Энг аввало ўзимиз амалимиз билан ўрнак бўлайлик. Ёш авлодга Ҳаж ва Умрани кўрсатиш учун эмас, ҳаёт тарзида намоён этиш лозимлигини англатайлик. Камтарликни шиорда эмас, амалда исботлайлик.
Аллоҳ таоло қилган ибодатларимизни ихлос билан қабул қилсин, қалбларимизни риё, манманлик ва исрофдан асрасин. Ҳаж ва Умра ҳаётимизни гўзал ахлоқ, сабр ва меҳр билан безасин. Омин.
Ризвоной Баҳрамова,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 07:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:15
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram