КАСБГА САДОҚАТ
09 апрел 2026 й.
1787 марта ўқилди.
КАСБГА САДОҚАТ
Дарҳақиқат, инсон касб қилиш билан аввало ўзининг моддий эҳтиёжларини қондиради. Қолаверса, оила аҳлининг нафақаси, қарамоғидагиларининг таъминотини амалга оширади. Хуллас инсон ким бўлишидан қатъий назар, моддий ҳаётини йўлга қўйиши учун бирорта касб билан шуғулланишга мажбур. Аллоҳ таоло бизларни ҳалол касб билан шуғулланишга, ҳаромдан юз ўгиришга буюрган.
Бақара сурасининг 172- оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ”Эй имон келтирганлар! Сизларга биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар”.
Касблар турли хил бўлади. Ҳалол покиза касблар ҳам бор, ҳаром касблар ҳам бор. Шариъатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳолда ҳалол маблағдан бўлишига чақиради. Ҳалол касб-ҳунар орқали тирикчилик қилиш ҳам ибодат саналади. Эрта тонгдан кечгача ҳалол ризқ билан оила аҳлини боқиш мақсадида ишлаб ҳорган кимсанинг гуноҳлари кечирилади, дейилган ривоятлар ҳам бор.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир”, дедилар. Имом Байҳақий Шуъабул -иймон китобида ривоят қилган.
Албатта ҳалол касб қилишнинг кўплаб дунёвий ва ухровий манфаатлари бор. Жумладан, ҳалол касб қалбга нур, дилга сурур бахш этади. Инсонда хотиржамлик ва ҳаловат пайдо қилади. Аъзоларни ибодатга моил этиб, амалларни мақбул бўлишига сабаб бўлади. Ризқда ва умрда барака пайдо қилади. Асосийси, Аллоҳнинг ризосига ва дуоларнинг ижобат бўлишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғ саҳобий Саъд ибн Аби Ваққосга қилган насиҳатларининг бирида шундай деган эдилар: “Эй Саъд! Таомингни ҳалол бўлишига эътибор бергин, дуоси қабул бўладиганлардан бўласан”. (Имом Табароний ривояти)
Инсон бирор касб-ҳунар билан шуғулланар экан, уни пухта ва холис бажармоғи лозим бўлади. Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон борки, у ўқитувчи ёки шифокор бўладими, олим ёки оддий ишчими, тадбиркор ёхуд хизматчими, қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар, Ватаннинг равнақи йулида Юртимизнинг келажаги ва ривожланиши йулида астойдил хизмат қилиши керак. Ўз ишига муҳаббати бўлмаса, садоқати бўлмаса, унинг на ишида, на касбу корида барака бўлади. Шунинг учун ҳар биримиз ўз касбимизга муҳаббат билан, меҳру – садоқат билан ёндашмоғимиз лозим ва шартдир. Аллоҳ таоло барчамизни касбига садоқатли, муҳаббатли бандалардан айласин!
Бухоро шаҳар “Маҳмуд Таробий” жомеъ масжид
имом-хатиби Камолов Шуҳрат
«орқага














