Кечиримлилик юксак фазилат
06 феврал 2025 й.
«орқага
132 марта ўқилди.
Кечиримлилик - юксак фазилат
Аллоҳ таоло бандаларини гуноҳини кечирувчи Зотдир. Кечиримлилик қанчалик буюклигини Одам алайҳиссалом тавбасини қабул қилгандан билса бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини ҳам бир-бирларини айбнуқсонларини, хато-камчиликларини кечиришга буюрган: “...балки (уларни) авф қилиб кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизларми.! (Нур, 22).
Юксак хулқ соҳиби бўлган Пайғамбаримиз бу борада энг катта ибрат бўлганлар. Оиша онамиздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини ё хотинларини ёки ходимларини қўллари билан урмадилар... Ва яна бирор киши томонидан ўзларига етган озорга ўч олмадилар. Фақатгина Аллоҳ муҳтарам қилган нарса беҳурмат қилинса, Аллоҳ учун ўч олардилар” (Муслим ривояти).
У зотниинг ниҳоятда кечиримлилик бўлганликлари, У кишини бошларига оғир кунларни солган мушриклар раҳнамоси бўлган Абу Суфённи ҳам, амакилари Ҳамзани ўлдирган Ваҳшийни ҳам кечириб юборганликлари кечиримлиликнинг олий намунасидир.
Афсуски, ҳозирда кундалик ҳаётда ўта қаттиққўл, мутакаббир инсонлар учраб туради. Улар бировларни айб нуқсонларини, хато камчиликларини қидириб, уларни ёмонлашни, тамбеҳ беришни яхши кўрадилар. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олийжаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан унинг мартабасини янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Уббода ибн Собит розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандаларини даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми, дедилар. Саҳобалар: “Ҳа айтинг”, дейишди. Шунда Он ҳазрат: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни авф қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг”, деб марҳамат қилдилар.
Ислом динида ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўлган ва бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб-билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликлар қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.
Аллоҳ таоло ҳаммаларимизда шундай кечиримлилик фазилатига эриштирсин.
Алламурод Раҳмонов,
Жондор туман Навработ жоме масжиди имом-хатиби
Жондор туман Навработ жоме масжиди имом-хатиби