КЕКСАЛИКДАН ОЛДИН ЁШЛИКНИ ҚАДРЛАЙЛИК!
09 октябр 2024 й.
88 марта ўқилди.

КЕКСАЛИКДАН ОЛДИН ЁШЛИКНИ ҚАДРЛАЙЛИК!

     Ҳар бир ота-она ўз фарзанди бахтли, жамиятда ўз ўрнига эга, ақлли, жисмонан салоҳиятли киши бўлишини истайди. Албатта бундай фарзанд ўз-ўздан етишиб чиқмайди. Балки бу борада ота-она ва устоз-мураббийларнинг ўрни катта. Фарзандининг тарбияси билан жиддий шуғулланиб уни илм-фанга ёки спорт билан шуғулланишига ё ҳунар олишига қизиқтирган, шароит яратиб берган ота-она албатта мақсадига эришиб, бу амали билан келажакда яхши натижаларни қўлга киритади. Фарзандларини юксак мақсадларга эришишидан чалғитувчи баъзи иллатлардан ҳимоя қилиш  улар тарбиясига масъул бўлган ота-она, устоз-мураббийларнинг асосий вазифаларидан саналади. 
     Вақтни беҳуда ўтказиш шундай иллатлардан бири саналади. Ўтмишда ўтган барча улуғ зотлар ёшликда олиниши керак бўлган барча илмларни ўз вақтида олганлар. Вақтини қадрламаган киши  дунё ва охиратда пушаймон бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишига насиҳат қилиб   шундай дейдилар:
     عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: قال رسولُ الله صلى الله عليه وسلم لرجلٍ وهو يَعِظُه:  اغْتَنِمْ خَمْسًا قبلَ خَمْسٍ: شبابَكَ قبلَ هَرَمِكَ، وصِحَّتَكَ قبلَ سَقَمِكَ، وغِناءكَ قبلَ فَقْرِكَ، وفَراغَكَ قبلَ شُغلِكَ، وحياتَكَ قبلَ موتِكَ
     “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг!” (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган). Вақтни ғанимат санмаган ёшлар умрларининг баҳорини кучга тўлган пайтини беҳуда бекорчи нарсалар билан совуриб юборади. 
    Қимор ўйнаш ва турли хил ақлни кеткизувчи нарсаларни истеъмол қилиш фарзандларимиз камол топишига тўсиқ бўлувчи иллатлардан саналади. Бу иллатларга ўрганиб ружу қўйган киши қаердан бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам пул топиш пайтига тушиб ҳар қандай разилликдан  қайтмайди. Бу ҳолат турли хил гуноҳ амаллар ва жиноятларни қилишга йўл очади. Шунинг учун  Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ичкилик ва қимор каби иллатларда узоқлашишга буюради. Жумлада Моида сурасида:
     قال الله تعالي: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
     “Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Моида сураси, 90-оят). Бугун қиморнинг интернет орқали ўйналадиган турли хил кўринишлар пайда бўлмоқди. Қимор ўйнаб бисотидан айрилган, ҳеч нарсасиз кўчада қолиб хонавайрон бўлганларнинг сони бугуни кунда оз эмас. Бу иллатларга асосан Аллоҳнинг оятларидан бехабар тез ва осон, машаққат чекмасдан бойишни орзу қилганлар киши чалинади. 
     Бугунги кунда фаҳш ва бузуқликларга ружу қўйиш ёшлар орасида тез тарқалиб бораётган энг хатарли маънавий иллатлардан саналади. Чунки интернетда ёш авлодни домига осонгина тортадиган сайт ва каналлар мавжуд. Ёшлигидан бундай вертуал зинога мубтало бўлганларни  бу разолат онгидан чиқиши қийин бўлади.        Аллоҳ таоло Исро сурасиди зинонинг ёмонлигидан бандаларини огоҳлантириб жумладан шундай дейди:
      قال الله تعالي وَلَا تَقۡرَبُواْ ٱلزِّنَىٰٓ إِنَّهُۥ كَانَ فَٰحِشَةٗ وَسَآءَ سَبِيلٗا
     “Зинога яқинлашманглар. Албатта, у бузуқлик ва ёмон йўлдир”(Исро сураси, 32-оят).
     Фарзандларни бу балолардан қутқаришнинг йўли уларни доимо назорат қилиб туриш билан бирга ёмон дўстлардан сақлаш. Уларни бўш қолдирмай турли хил спорт тўгаракларига қатнашишларини таъминлашдир.
     Фарзандининг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига бефарқ бўлмаган   ота-оналар доимо эл-юртига манфаат келтирадиган, юртини дунёга танитадиган, ота-онасига  раҳмат келтирадиган, инсофли ва тавфиқли   авлодни тарбиялайдилар.
Орифжон Тўқсанов, 
Бухоро шаҳар Абу Бакр Ас-Сиддиқ жоме масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:17
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:35
Хуфтон: 19:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram