КИБЕР ФИРИБГАРЛИКДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!
02 июл 2024 й.
«орқага
176 марта ўқилди.
КИБЕР ФИРИБГАРЛИКДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!
Динимизда бировнинг молини алдов, фирибгарлик, ноҳақ йўл билан ўзлаштириш қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган. “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан еманг” (Бақара сураси, 188-оят).
Фирибгарликнинг турлари кўп бўлганидек, бугунги асрмизда кўпайиб бораётган жиноятлардан бири Кибер фирибгарликдир.
Кибер фирибгарлик – бу Интернет тармоғи орқали биров молини ўзлаштириб унга зарар етказишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким бизни алдаса, у биздан эмас”, дедилар. Имом Муслим ривояти.
Демак, алдов, фирибгарлик, бирор нарсани сохталаштириш мусулмоннинг иши эмас.
Албатта биз бундай ишларни мусулмонлар қилишига ишонмаймиз, аммо шу каби фирибгарлар домига мусулмону ғайридин тушиб қолишининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бугун биз яшаб турган жамиятда инсонлар, хусусан мусулмонлар ҳар қайси даврдан кўра кўпроқ ҳушёр, зукко ва огоҳ бўлишга мажбур.
Мусулмон киши маҳкам ушлаши лозим бўлган гўзал ҳислатлардан бири зийраклик ва ҳушёрлик бўлиб, бу инсон учун берилган улкан неъматлардан биридир. Чунки инсон ҳаётида турли хил воқеа ва ҳодисаларга дуч келади.
Агар мўмин киши керакли жойда хушёр ва закий бўлмас экан, бошига турли хил фитналар, кўнгилсизликлар келиши мумкин.
Бир гапни эшитганимизда ёки ҳодисага гувоҳ бўлганимизда, бирор маълумот ўқиганимизда тафсилот ва воқеъликни аниқ билмагунимизча хулоса қилишга ва муносабат билдиришга шошилмаслик, мўмин кишига хос хислатлардандир.
Аллоҳ таоло барчамизни зийраклик ва мўминларга хос фаросат билан сийласин!
Жобир домла Элов
Бухоро вилояти бош имом-хатиби,
Мир Араб олий мадрасаси ректори