Кибр – хорлик ва ҳалокат
17 март 2020 й.
1661 марта ўқилди.

 

Кибр – хорлик ва ҳалокат

Ёмон хулқнинг аломатлари кўп. Уларнинг бири кибрдир. Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларининг бири кибр ва манманликдир. Кибр ва манманлик бир бирига яқин ва ўхшаш салбий сифатлардир. Кибр, такаббур, кибриё сўзлари луғатда катталик маъносини билдиради ва ўзини бошқалардан катта, устун ва афзал ҳисоблаш сифатига эга шахсга нисбатан ишлатилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
«Эсла, фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» дедик, бас, сажда қилдилар, фақат иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди» (Бақара, 34-оят).
Имом Ғаззолий кибрни: «У ўзини улуғ санаш ва қадрини бошқанинг қадридан устун қўйиш» деб таърифлаганлар. Имом Ғаззолий «Иҳъёу улумид Дин»да кибрни бадбахтлик калити эканини қуйидагича баён қилади: «Саодат калити ҳушёрлик ва фаҳму фаросатдадир. Бадбахтлик манбаси кибр ва ғафлатдадир.
Кибрнинг турлари:
Аллоҳ таолога кибр қилиш. Бу энг ёмон кибрдир. Бу Фиръавн ва Намруднинг кибрига ўхшаш, Аллоҳ таолога банда бўлишдан ўзини олиб қочишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кибр қилиш.
Бу Макка кофирлари қилганга ўхшаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўйсунишдан жоҳиллик ва саркашлик ила кибр қилишдан иборатдир.
Бандаларга кибр қилиш. Бунда ўзини бошқалардан устун қўйиб, ўзгаларга ҳақорат назари билан қарашдан иборатдир.
Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтади:
I. Кибр инсоннинг қалбида қарор топган бўлади. У ўзини бошқалардан афзал деб билади. Аммо у тиришиб тавозеъ кўрсатади. Бу одам қалбида кибр дарахти экилган, лекин унинг шохлари кесилган шахсдир.

II. Бир киши ўз ҳаракатлари билан мажлисларда баландпарвозликни, тенгдошлари ўртасида пешқадамликни ва ўз ҳаққи камситилишига инкорни ошкор қилади. Олим бўлса, одамлардан юз ўгиргандек бўлиб, обид бўлса, худди одамлардан норозидек бўлади. Бу иккиси Аллоҳ таоло Ўз набийсига «Ўзингга эргашган мўминларга қанотингни ёзгин» деб, берган одобни билмаган жоҳиллардир.

III. Бир киши тили билан даъво қилароқ, фахрланиш ва ўзини мақташ ила кибр қилиши. Шунингдек насаби билан.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Илоҳингиз ягона илоҳдир. Охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари инкор қилувчидир, ўзлари эса мутакаббирдирлар. Шубҳасиз, Аллоҳ нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор қилаётганларини биладир. Албатта, У мутакаббирларни хуш кўрмас», деган (22-23-оятлар).
Хулоса қилиб шуни айтамизки, такаббурликнинг охири хорлик ва ҳалокатдур.


Ромитан туман “Мулло Нарзи” 
жомеъ масжиди имом-хатиби  
Суннат Фахриев
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:48
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram