Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши
11 июл 2020 й.
1032 марта ўқилди.

 

Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши

Олдини олиб, тезроқ тавба қилинмаса, кичик гуноҳлар катталашиб кетиши турган гап. Гуноҳи сағийраларнинг катталашувига бир қанча сабаблар бор.
1. Улардан бири гуноҳда қатъий туриш бўлса, бошқаси гуноҳда бардавом бўлишдир. Бу борада аҳли илмлар “Қатъият ила сағийра қолмайди, истиғфор ила кабира бўлмайди”, -  деган қавлни келтирадилар. Банданинг бардавом қилиб юрган гуноҳидан кўра, тавба қилиб такрорламаган кабира гуноҳининг авф бўлишидан умидворлик кўпроқ. Бу худди тошга тўхтамасдан томиб турган сув томчисига ўхшайди. У бориб-бориб тошни ёриши мумкин. Аммо ўша томчиларни жамлаб, тошга бир марта қуйилса, таъсир қилмайди.
2. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири гуноҳни арзимас санашдир. Қачон банда гуноҳни арзимас санаса, Аллоҳ таоло уни катта санайди. Аксинча, қачон банда гуноҳни катта санаса, Аллоҳ азза ва жалла уни кичик санайди. Агар банданинг қалбида гуноҳга нисбатан нафрат ва ёмон кўриш бўлса, уни катта санаган бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин гуноҳларини ўзи тагида ўтирган ва бошига қулаш хавфи бўлган тоғ каби кўради. Фожир эса гуноҳларини бурнига қўнган пашша каби кўради”, - дедилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Банданинг қалбида Аллоҳ таолонинг жалоли ҳақида илм бўлса, гуноҳ катта бўлиб кўринади. Агар кимга осий бўлаётганини англаб етса, кичик гуноҳни катта кўради.
3. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири гуноҳи сағийрани қилганидан хурсанд бўлиш ва у билан мақтанишдир. Бунга баъзи ноўрин тасарруф қиладиганларнинг “Фалончининг обрўсини бир пул қилиб ташладим, ўзиям бошини кўтаролмай қолди”, деб мақтанишларини мисол қилиш мумкин. Шунингдек, баъзи тожирларнинг шерикларига: “Ўтмай қолган матоҳни мақташимни кўрдингми, гаранг харидорни алдашга менга етадигани бўлмаса керак”, деган гапига ўхшашлар ҳам шу жумладандир.
4. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири Аллоҳ таоло бандасининг айбларини фош қилмаётганини, ҳилмига олмаётганини ва фурсат бераётганини писанд қилмасликлари. Эҳтимол, Аллоҳ таоло уни “истидрож” учун тек қўйиб қўйгандир. Аллоҳ Таолонинг кофир ва осийларни дарҳол жазоламай, балки яхшилик қилиб тек қўйиб қўйиши “истидрож”-“даражама-даража олиш” деб номланади. Ўша кофир, золим ва осийларга бериладиган кенг ризқлар, узун умрлар, бадан офияти ташқаридан яхшилик бўлиб кўринади. Ичкаридан эса балодир. Чунки асосий мақсад уларни ўшалар туфайли иқоб ва азобга олишдир. Аллоҳ Таоло эса шошилмайди, мағрур банда ҳар гал гуноҳ қилганда унинг бойлигини ёки мансабини ошириб қўяди. Натижада банданинг айби кўпайиб боришига қарамасдан, ўзининг қаёққа кетаётганини сезмайдиган бўлиб қолади ва оқибатда оғир аҳволга тушиб қолади.
5. Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири қилган гуноҳини бошқалар олдида зикр қилишдир.
6.Кичик гуноҳларнинг катталашиб кетиши сабабларидан яна бири гуноҳкорнинг одамлар иқтидо қиладиган олим бўлишидир. Олимнинг гуноҳи ошкор бўлса, оламнинг гуноҳига айланади. Чунки омилар олимнинг қилган ишига тақлид қиладилар ва “Олимлар қилганда, биз қилсак нима бўлибди”,- дейдиганлар кўпаяди. Олим кишининг гуноҳидан ҳазир бўлиши алоҳида таъкидланган. У бошқалар қатори, гуноҳни тарк қилиши лозим, шу билан бирга, мабодо бандалик ила ундан баъзи гуноҳлар содир бўлиб қолса, уни жуда ҳам махфий тутиши керак. Олим киши содир этган гуноҳларга одамлар эргашса, унинг жазоси бир неча баробар бўлгани каби, у қилган яхшиликка одамлар эргашса, савоби ҳам бир неча баробар зиёда бўлади. Олим киши ҳар бир руҳсат берилган нарсада ўртача бўлишга ҳаракат қилмоғи зарур. Чунки одамлар унга назар солиб турадилар. Айниқса, одамлар ундан ўрнак оладиган нарсаларда жуда ҳам эҳтиёт бўлиши лозим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
"Руҳий тарбия" китобидан

Ромитан туман “Хокимулломир” жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Муротов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:59
Пешин: 13:10
Аср: 16:20
Шом: 17:55
Хуфтон: 19:35
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram