ҚИЁМАТ ҚОИМ БЎЛГУНИЧА ЭКИШГА УЛГУРИНГ!
13 апрел 2020 й.
1267 марта ўқилди.
ҚИЁМАТ ҚОИМ БЎЛГУНИЧА ЭКИШГА УЛГУРИНГ!
Аллоҳ таоло инсонни улуғлаб, уни ер юзига халифа қилган экан, ўз навбатида У, ерга инсон ҳаёт кечириши учун, барча шароитларини муяссар қилди.
"Аллоҳ сизлар учун ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйган ва сизларга суврат (шакл) бериб, сувратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни пок нарсалардан ризқлантирган зотдир. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиз. Бас, (барча) оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ баракот соҳибидир". (Ғофир сураси, 64-оят).
Ер инсон учун гўё гўдакнинг бешиги каби қароргоҳ бўлиб, у аслида Аллоҳ томонидан оёғларимиз остига тўшалган гиламдир.
Ўсимликлар ва дарахтларнинг униб чиқиши, яшаши ва гуллаб мева бериши Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади. Шунинг учун Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида одамларга экаётган зироатларига бир назар ташлаб қўйишлари ва уни Ким ундираётгани ҳақида ўйлаб кўришларига буюрилади.
"Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!" (Воқеа сураси, 63-64 оятлар).
Ушбу оятларга таянган ҳолда айтиш мумкинки, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланиш шарафли вазифадир. Деҳқон-у боғбонларга доимо Аллоҳ таоло мадад беради. Чунки, улар ерга ниҳол ёки уруғ қадар эканлар, Аллоҳга таваккул қилиб, Ундан ҳосилининг унумдор бўлишини сўрайдилар.
Аллоҳ таоло барчамизни улкан бир синов билан синаб "COVID19" "Коронавирус" пандэмияси кенг тарқалиб карантин эълон қилинган бир пайтда, барчамиз баҳамжиҳат бўлиб хонадонимизда имкон қадар тоат-ибодатда бўлмоқлигимиз, бўш вақтларимизда эса албатта деҳқончилик, зироаткорлик билан машғул бўлиб, ўз томарқаларимиздан унумли фойдаланиб, эртамиз учун яхши ниятда бўлмоғимиз лозим. Яратганнинг ҳар бир берган кунига шукроналар қилайлик.
Сайфул Яманий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек: "Аллоҳнинг бандадан юз ўгирганининг аломати уни манфаатсиз нарсага машғул қилиб қўйганидир".
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қиёмат қоим бўлса-ю, бирортангизнинг қўлингизда кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин", дедилар. Демак ҳар бир дақиқамиз ғанимат,азизлар. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам деҳқончиликнинг фазилати борасида жуда кўп маротаба тўхталиб ўтганлар. Жумладан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, ушбу ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Мусулмон киши кўчат экса, кейин бирор қуш, инсон ёки ҳайвон ундан еса, бунинг учун эккан кишига садақа қилганнинг савоби ёзилади". (Муслим ривояти)
Демак, кўчат ўтқазган ва экин эккан кишининг меҳнати ҳеч қачон зое кетмайди. Ер юзига халифа бўлган инсон, унинг гўзаллигини нафақат авайлаб асраши, балки унинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Зеро, деҳқончилик ҳам икки дунё саодатидандир.
Манбалар асосида тайёрланди.
Ромитан тумани “Мулло Нарзи” жомеъ масжид
имом - хатиби Суннат Фахриев
«орқага