КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ УЧУН МУДҲИШ ХАВФ
10 март 2025 й.
114 марта ўқилди.
КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ УЧУН МУДҲИШ ХАВФ
Коррупция – ҳар қандай жамиятни ичидан емирувчи жиддий иллатдир. У адолатсизликни кучайтиради, давлатга ва жамиятга ишончни сўндириб, иқтисодий ва ижтимоий тараққиётни секинлаштиради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай бузғунчиликка қарши огоҳлантириб, шундай дейди:
"Аллоҳ фасодни (бузғунчиликни) яхши кўрмайди." (Бақара сураси, 205-оят)
Коррупция – бу мансаб ёки мавқени шахсий манфаат учун суистеъмол қилишдир. Бу кўпинча пора олиш, мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик ва фирибгарлик каби ҳолатларда намоён бўлади.
Коррупция нафақат иқтисодий ва сиёсий тизимларни издан чиқаради, балки ахлоқий ва маънавий бузилишларга ҳам олиб келади.
Адолатсизлик ва камбағалликни кучайтиради
– Коррупция туфайли ҳақиқат ва ҳаққоният поймол бўлади. Камбағаллар ҳеч қандай ҳимоясиз қолади, бойлар эса ноқонуний йўллар билан янада бойиб кетаверади.
Иқтисодий тараққиётга путур етказади
– Давлат ресурсларининг ноўрин сарфланиши ва коррупция туфайли ривожланиш секинлашади. Бюджет маблағлари ўғирланиши оқибатида йўллар, мактаблар ва шифохоналар сифатсиз бўлади.
Жамиятда ишончсизлик ва норозиликни келтириб чиқаради
– Коррупция кенг тарқалган жойда одамлар давлат тизимига ишонмай қўяди. Бу эса жамиятда беқарорлик ва тартибсизликка олиб келади.
Исломда коррупцияга муносабат
Ислом шариатида пора ва коррупция қаттиқ қораланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: "Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир." (Имом Термизий ривояти)
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, пора олиш ва бериш ҳамда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши қатъий ҳаром қилингандир. Зеро, коррупция нафақат пора берувчи ва олувчига, балки бутун жамиятга зарар етказади.
Коррупцияни йўқотиш учун қуйидаги чораларни кўриш зарур:
Ахлоқий тарбияни кучайтириш
– Одамларда ҳалоллик ва адолат руҳини шакллантириш, айниқса ёш авлодни ҳалолликка ўргатиш муҳимдир.
Ҳалол меҳнатни рағбатлантириш
– Ҳалол меҳнат ва ҳалол бизнес шароитини яхшилаш орқали одамларни коррупцияга мойилликдан қайтариш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, коррупция жамиятнинг энг хавфли касалликларидан биридир. Унга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир. Қуръон ва ҳадисларда коррупция ва пора қатъий ҳаром эканлиги таъкидланган. Шунинг учун, жамият сифатида фақат қонун эмас, маънавият ва ахлоқ орқали ҳам унинг олдини олишимиз керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳалоллик ва адолат йўлида сoбитқадам қилсин! Омин.
Отабек Раҳимов,
Ромитан туман бош имом-хатиби
«орқага