КОРРУПЦИЯ – ЮКСАЛИШГА ТЎСИҚДИР.
25 март 2021 й.
827 марта ўқилди.
КОРРУПЦИЯ – ЮКСАЛИШГА ТЎСИҚДИР.
Жамиятда яшаган кимса борки, аввало, ҳалолликка, покликка интилади. Ҳар ким оила аъзосини ҳалол едириб, ҳалоллик билан рўзғор тебратишга ҳаракат қилади.
Аммо минг афсуслар бўлсинки, орамизда ҳаромдан ризқ излайдиганлар ҳам кам бўлса-да топилади. Улар бу ўткинчи дунёнигина ўйлайдилар, охиратни, Аллоҳнинг олдида жавоб беришларини мутлақо хаёлларига келтирмайдилар. Ана шундай разил иллатлардан бири коррупция саналади.
Барчамизга маълумки, коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Табиийки, коррупция ортида мўмай даромад топиш илинжи ётади. Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир.
Бунинг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида» ги қонуни (2017-йил 4-январдан) кучга кирди. Юртбошимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ҳаракати бошланди. Ваҳоланки, муқаддас динимизда ҳам бунга қарши курашилган. Ояти карима ва ҳадиси шарифларда бу ишлар қаттиқ қораланган. Уларни ижро этувчиларга аламли жазолар тайин қилинган.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
«Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ - ҳаром йўллар билан емангиз! (Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ – ҳаром йўллар билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!». (Бақара сураси, 188-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар». (Имом Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронта ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин», - дедилар». (Имом Табароний ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ҳукмдаги пора куфрдир. Одамлар орасидаги эса ҳаромдир», - деганлар. (Имом Табароний ривояти).
Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир биродари учун воситачилик қилса-ю, бунинг эвазига унга ҳадя берганда ҳадяни қабул қилса, батаҳқиқ, у судхўрликнинг катта эшикларидан бирига яқинлашибди», - дедилар». (Имом Абу Довуд ривояти).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Биродарингнинг ҳожатини билиб, уни раво қилсанг-у, (бунинг эвазига) сенга ҳадя берганда, қабул қилсанг, бу ишинг ҳаромдир», - деганлар. «Гуноҳи кабиралар» китобидан.
Бу каби салбий иллатдан нафақат жамиятимизни, аввало, ҳар ким ўзини тозалаши керак. Негаки, инсон пок бўлса, жамият пок бўлади. Ҳар бир шахс жамиятнинг узвий аъзосидир.
Аллоҳ таоло бандаларини фақат ҳалолликка, ўзгалар ҳаққидан ҳазар қилишга ундайди. Ҳалолликни шиор қилганларга улкан мукофотлар ваъда қилган. Ҳаромдан луқма егувчиларни эса аламли азобдан огоҳлантирган.
Хулоса қилиб айтамизки, ҳар ким ҳалолликка интилса, ҳам жамият олдида, ҳам Яратганнинг олдида юзи ёруғ бўлади. Ким бунинг аксини тутса, ҳар икки оламда юзи шувут бўлиб қолаверади.
Бухоро шаҳар “Хўжа Исмат” жомеъ масжид
имом-хатиби Салоҳиддин Гадоев.
«орқага