КЎП ГАПИРИШ ОҒИР ЮК
15 декабр 2020 й.
1649 марта ўқилди.
КЎП ГАПИРИШ ОҒИР ЮК
Кўп сўз айтиб бўлдим пушаймон
Айтмаганимдан доимо шодман.
(Абу Абдуллоҳ Рўдакий)
Тил - кўнгилнинг таржимони. Фикр тўғри бўлса, айтар сўзимиз фойдали бўлади. Фойдасиз сўз зиён келтиради. Давраларда, одамлар орасида шундай эзма кишилар бор, ҳеч кимга сўз бермайди, одамлар ундан хуноб бўлаётганини сезмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бундай деганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, банда яхши-ёмонлигини ўйламай баъзи сўзларни гапириб юборади, оқибатда дўзахнинг машриқ ва мағриб ўртасидаги масофадан ҳам узоқроқ жойига тойилиб кетади”.
Маҳмаданалик, эзмалик ва сергаплик динимизда қораланади. Фойдасиз гап-сўзлар одамларнинг вақтини олади, фойдали ишлардан қолдиради. Кайфиятни бузади. «Банда ёмон сўзлардан тилини тиймагунича ҳақиқий мўмин бўлолмайди», деган ҳадис бор. Ўтган азизлар: «Кўп ўйла, оз сўзла, бўлмаса тек тур», дейишган. Сергаплардан безор бўлган Аҳмад Яссавий ҳазратлари бундай деганлар: «Оғзи очуқ, нафси улуғ мисли лаққа, нодонлардин қўрқуб Сенга келдим мано».
Доно одамларнинг суҳбатини тинглаб, вақти келганида ўринли жавоб қайтара билиш кишига ҳурмат келтиради. Ҳеч ким кўп сўзлаб, доно бўлган эмас. Аммо кўп эшитиб кўпчиликка бош бўлганлар қанча. Камгаплик доноликнинг бошидир. Сергап одамни вайсақи деб аташади. Унинг билим ўрганишга вақти қолмайди.
Тарихда саҳобалар, алломалар кам гапириб, кўп эшитишган, тилга эрк беришдан қочиб оғизларига баъзан тош солиб юришган. Уларнинг бу одатлари биз учун ибрат. Афлотун айтади: “Баданнинг қуввати овқат, ақлнинг қуввати эса ҳикматли сўзлар, донолик ва донишмандликдир. Овқатсизлардан бадан ҳалок бўлгани каби ақл ҳам яхши, ҳикматли сўзлардан айрилса ҳалок бўлади”. Ҳисса шуки, ақлли, доно бўлишни истаган киши ўрганади, диққат билан қулоқ солади, мулоҳаза ва андиша билан сўзлайди.
Сўзловчи тингловчининг ҳолига эътибор бериши лозим. Меъёридан ортиқ сўзлаш фойдасиздир. Чунки тинглашнинг ниҳояси бор. Маълум даражадан ошган сўз нафратга сабаб бўлади. Бузург-меҳрнинг “Зафарнома” асарида бундай тўхтам бор: «Дедим: “Оқилким?” Деди: “Кам гапириб, кўп тинглайдиган, кўп биладиган одам”». Аллоҳ барчамизни беҳуда сўзлардан сақланиб, хикмат ила лафз этмоқликка мушарраф айласин!
Когон шаҳар “Алишер Навоий” жомеъ масжид
имом – хатиби Камалов Афзал
«орқага














