ҚУРБОНЛИК ИБОДАТИ
08 июн 2024 й.
703 марта ўқилди.

 
ҚУРБОНЛИК ИБОДАТИ

Мўмин-мусулмонлар одатда ҳар йили Зулҳижжа ойида қурбонлик қилади. Унинг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, бу Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён давом этиб келаётган ибодатлардан биридир. Қурбонлик қилиш билан банда Роббисига яқин бўлади, Пайғамбарларнинг суннатини адо этади, ёру дўстлар, қавму қариндошлар ўртасида меҳру муҳаббат улашади.
Қурбонлик қилишдан мақсад – банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсиниши ва тақвосини намоён этишдир. Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри бўлиши, амалини холис Аллоҳ таоло учун қилиши лозимдир. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. Ундан ташқари қурбонлик қилишда биз учун бошқа фойдалар ҳам бор. Дунёвий фойдаси ейиш, ичиш бўлса, ухровий фойдаси эса чексиз савобдир.
Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эдик. У зот: «Эй одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили қурбонлик лозимдир», дедилар» (Сунан эгалари ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: «Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.
Яна бир ривоятда: «Ким имкониятга эга бўлиб туриб, қурбонлик қилмаган бўлса, зинҳор намозгоҳимизга яқинлашмасин», деганлар (Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Можа ва Ҳоким ривояти).
Демак, имкони бор одамлар ҳар йили қурбонлик қилишлари керак. Имконияти бўла туриб қурбонлик қилмаган киши гуноҳкордир. Қурбонлик банданинг ихтиёридаги нарса эмас, балки Аллоҳ таолонинг амридир. Аллоҳ таоло Кавсар сурасида Қурбонлик қилишни амр этган:

فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ

«Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!» (Кавсар сураси, 2-оят).

Пайғамбар алайҳиссалом ҳам унинг фазилатлари, тартиби ҳақида тушунча берганлар. У зот қурбонлик қилганлар, қолаверса, қурбонликларини ўз қўллари билан сўйганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳда ҳозир бўлдим. У зот хутбаларини тугатиб, минбарларидан тушганларида бир қўчқор келтирилди. Уни ўз қўллари билан сўйдилар ва: «Бисмиллаҳи, Аллоҳу Акбар! Бу мендан ва менинг қурбонлик қилолмаган умматимдан», дедилар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссаломнинг умматларига нақадар меҳрибонликларини қаранг. Бундан ҳар биримиз ибрат олсак арзийди. У зот келтирилган қурбонликни ўз қўллари билан сўйганлар, шу орада қурбонлик қила олмайдиган умматларини ҳам эслаб ўтганлар. Қурбонликнинг савобини уларга ҳам илинганлар. 
Баъзи ривоятларда у киши битта қўчқорни ўзларининг номларидан, яна бирини эса қурбонликка имкони бўлмаган умматларининг номларидан сўйганликлари айтиб ўтилган. 

عَنْ أَبِي رَافِعٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم كَانَ إِذَا ضَحَّى إشْتَرَى كَبَشَيْنِ سَمِيْنَيْنِ أَقْرَنَيْنِ أَمْلَحَيْنِ، فَإِذَا صَلَّى وَخَطَبَ النَّاسَ أُتِىَ بِأَحَدِهِمَا وَهُوَ قَائِمٌ فِي مُصَلاَّهُ، فَذَبَحَهُ بِنَفْسِهِ بِالْمُدْيَةِ، ثُمَّ يَقُولُ: "اللَّهُمَّ هَذَا عَنْ أُمَّتِي جَمِيعًا، مِمَّنْ شَهِدَ لَكَ بِالتَّوْحِيدِ، وَشَهِدَ لِي بِالْبَلَاغِ..." رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонликка иккита семиз, шохдор, оқ-қора рангли қўчқорни сотиб олган эдилар. Намозни ўқиб, одамларга хутба қилиб, намозгоҳда турганларида улардан бири олиб келинди. Шунда у зот уни пичоқ билан сўйдилар ва «Эй Аллоҳим, бу Сенинг ягоналигинг ва мени (Сен тарафингдан нозил бўлган нарсаларни) етказганимга гувоҳлик берган барча умматим номидан», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
У зот қурбонликнинг гўштларидан атрофдаги муҳтож саҳобаларга тарқатганлар, шу билан уларнинг ҳам хонадонларига байрам шукуҳини киритганлар, уларнинг қозонлари қайнашига ҳисса қўшганлар.
У зотнинг йўлларидан юрган аждодларимиз ҳам айнан шу усулни тутишган. Биз ҳам ажр умидида қурбонлик қилган вақтимизда, фақат ўзимизни ўйламасдан, қўни-қўшни, таниш-билишларимизни эсга олсак, хусусан муҳтож оилаларга ундан улуш ажратсак, ниҳоятда савобли амалга қўл урган бўламиз.
 

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram