Қўшничилик ҳақида
13 март 2019 й.
1638 марта ўқилди.

 

Қўшничилик ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
   Ислом дини қӯшнилар билан қандай муносабатда бӯлиш борасида ӯз кӯрсатмаларини биз мусулмонларга билдириб ӯтган. Жумладан атрофимиздаги қӯшниларимизнинг биздаги ҳақлари, уларга бӯлган муносабатларимиз ва муомаларимиз ислом шариатига мос ва хос бӯлмоғи даркор.
Яхши ва гӯзал хулқли инсон қӯшнисини ҳурмат қилади,  яхшилик қилади, унга ёмонликни асло раво кӯрмайди. Болаларига ҳам доим қӯшни ҳаққи, унга зиён етказмаслик, уларга одоб билан муомала қилиш ҳақида насиҳат қилиб боради. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам ): "Ким Аллоҳ таолога ва Қиёмат кунига имон келтирган бӯлса, қӯшнисини ҳурмат қилсин", "Кишининг ёмонликларидан қӯшниси омон бӯлмаса, у жаннатга кирмайди", деганлар. Дарҳақиқат, инсон асл Ватани яъни жаннатга қайтишни хоҳласа қӯшнисига яхшилик илинжида бӯлмоғи керак.
      Бир куни Расулуллоҳдан(саллаллоҳу алайҳи васаллам ) доимо ибодат билан машғул, лекин қӯшнилари билан яхши муомалада бӯлмай, хунук ва қӯпол гапирадиган инсон ҳақида сӯралганида, У зот: "Унда ҳеч яхшилик йӯқ. У жаҳаннамга киради", дедилар. Ушбу ҳадисдан амаллар қабул бӯлишида ва жаннатга эришишда яхши қӯшничиликнинг аҳамияти беқиёс экани маълум бӯлади.
Қӯшничилик ҳақлари борасида қуйидагиларга ҳар бир мусулмон амал  қилмоғи даркор: Қӯшни мадад сӯраса ёрдам қилиш, қарз сӯраса бериш, бемор бӯлса ҳолини сӯраш, бирор яхшилик етса табриклаш, мусибат етса кӯнгил сӯраш қайғули кунларида тасалли бериш, вафот этса жанозасида қатнашиш, у рози бӯлмаса деворни унинг уйи деворидан баланд қилмаслик, тансиқ таомлар пиширилганида қӯшниларга ҳам улашиш, қӯшни бирор жойга кетса уйидан хабардор бӯлиш ҳамда уйига чақирса кириш қӯшничилик ҳақларидандир.Ушбу қӯшничилик ҳақларни адо қилишни ҳар биримизга Аллоҳ насиб айласин. Юқоридаги айтиб ӯтилган насиҳатларга амал қилсак ҳаётимиз ва охиратимиз обод бӯлади.
         Ислом дини таълимотига кӯра, қӯшничиликда миллат, дин ва насабнинг ахамияти йӯқ. Қӯшни ким бӯлишидан қатъи назар, ҳурмат қилиш, ҳаққини адо қилиш вожиб, унга озор етказиш эса жоиз эмас.
        Ҳазрати Умар ӯғли Абдуллоҳнинг (Аллоҳ икковларидан ҳам рози бӯлсин) бир яҳудий қӯшниси бор эди. Абдуллоҳ бир куни туя сӯйди. Хизматкорига: "Қӯшнини унутма", деди. Бир оз вақт ӯтиб яна: "Қӯшнини унутмадингми?" деб сӯради. Хизматкор: "Унга гӯшт ажратиб қӯйдик" деди. Бироздан кейин Абдуллоҳ яна сӯради. Шунда хизматкор: "Узр, нега қӯшни ҳақида бунча қайғурасиз?" деди. Шунда Абдуллоҳ (Аллоҳ рози бӯлсин): "Мен Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам ): "Жаброил (алайҳиссалом) менга ҳамиша қӯшни ҳақида васият қилар эдики, мен яқинда қӯшнига мерос ҳам берилса керак, деб ӯйлардим", деганларини эшитганман деди".
         Кишига қӯшниларини берган баҳоси энг тӯғри баҳодир. Бир киши: "Ё Расулуллоҳ, яхшилик ё ёмонлик қилганимни қандай биламан?" деб сӯради. Унга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Агар қӯшнинг яхши қилдинг деса, яхшилик қилган, ёмон қилдинг деса, ёмонлик қилган бӯласан", дедилар.
         Ҳазрати Умар (Аллоҳ рози бӯлсин) айтадилар: "Кимни қӯшниси, яқинлари ва йӯлдоши мақтаса, унинг яхшилиги ҳақида шубҳа қилманг".
        Ҳасан Басрий (Аллоҳ рози бӯлсин) айтдилар: "Қӯшнига азият бермасликнинг ӯзи яхши қӯшничилик эмас, балки яхши қӯшничилик қӯшнидан етаётган азиятларга сабр қилишдир".
       Борини қӯшнилар билан баҳам кӯрилса, қӯшнида бор нарсадан тама қилинмаса чиройли қӯшничилик юзага келиши тайин. Қӯшничилик чегараси ҳақида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам ): "Билиб қӯйинглар, қирқ ҳовли қӯшнидир", деганлар. Динимиз ва шариатимиз пешволари,  уламолари бу ҳадисни шарҳлаб: "Олди томондан қирқ ҳовли, орқа томондан қирқ ҳовли, ӯнг томондан қирқ ҳовли, чап томондан қирқ ҳовли қӯшнидир" дейишган.
 
Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий” 
жомеъ масжиди имом-хатиби,
Тасаввуф мактаби тингловчиси Камолов Равшан
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram