ҚЎШНИЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИ
24 июн 2020 й.
1272 марта ўқилди.

 

ҚЎШНИЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИ

Халқимизда “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги кўшни яхши”, - деган, ажойиб нақл бор. Чунки яхши-ёмон кунда инсонга биринчи ёрдамчи қўшниси бўлади. Қўшнининг қўшнига қилган яхши муомала муносабати, энг аввал ўзига қилган яхшилик ҳисобланади. Албатта, орадаги яхши муносабатлар кейинги хайрли ишларга, меҳр - оқибатга сабаб бўлади. Бунинг натижасида маҳаллада, жамиятда, халқ орасида аҳиллик, иноқлик, хурсандчилик ҳукм суради.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мўмин киши ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч қўймайди”. (Имом Ахмад ривояти).
Қўшничилик ҳақларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирма-бир айтиб ўтганлар: “Эй уммати Муҳаммад, қўшнилар ҳаққи ушбулар: сиздан ёрдам сўраса, ёрдамлашинг, қарз сўраса, қарз беринг, камбағал бўлса, кўмаклашинг, касал бўлса, бориб кўринг, вафот этса, жанозасида иштирок этинг, шодонлигида муборакбод этинг, ғамгинлигида кўнгил сўранг, далда беринг. Уйингизнинг томини уларнинг уйидан баланд қурманг, шамолга монелик қилган бўласиз. Агар у рухсат берса майли. Бирор тансиқ таом есангиз ёки тоза чиққан мевалардан келтирсангиз, қўшнингизга ҳам илининг. Чиқара олмасангиз, пинҳона енг. Бермоқчи бўлмасангиз уйингизга олиб келганингизни кўрмасин. Болангизнинг қўлига бирор мева бериб ташқарига чиқариб юборманг, қўшнининг боласини ҳавасини келтирмасин. Қўшниларга ошхонангиз тутуни билан озор берманг. Тутуни тарқалса, ўша таомдан қўшнига ҳам беришни унутманг. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, фақат Аллоҳнинг раҳматида бўлган кишигина қўшнининг ҳаққини адо қила олади. Билингки, қўшничилик ҳақларидан яна бири, беҳудага девордан унинг уйига қараманг, мабодо кўзингиз тушиб қолса, сирини сақланг, ошкора қилманг. Эшитишингиз керак бўлмаган нарсаларга қулоқ тутманг. Қўшнингизнинг маҳрами ва қизларига назар солманг. Мана шу мусулмончилик қоидаларидандир”.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, “Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Эй Расулуллоҳ, мен ўзимнинг яхши ёки ёмонлигимни қандай билсам бўлади?”, - деб сўради. У зот: “Агар қўшниларинг сен ҳақингда яхши гапларни гапираётган бўлса, демак сен яхшисан, аммо сен ҳақингда ёмон сўзларни айтаётган бўлса, демак сен ёмонсан”, - деб жавоб бердилар”.
Ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй аҳлим, намоз ўқинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг. Шояд Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса, деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин”, - деганлар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир”, - деганлар. (Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни қўшнилар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин! Қўни - кўшнилар билан самимий алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин!

Пешку тумани "Хўжа Пешку" жомеъ масжид
имом - хатиби Каримов Олимжон
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram