Либос кўзгу каби
16 июн 2022 й.
«орқага
502 марта ўқилди.
Либос кўзгу каби
Агар оддий либос бадан авратларини тўсиб, жисмни зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб инсоннинг қалбини зийнатлайди. Агар инсоннинг кийим-боши жисмдаги авратларини пинҳон тутиб, унга зийнат бағишласа-ю, тақво либоси кетиб, маънавий авратлари очилиб турса, ундан ёмони йўқ. Ҳозирги кунда кўплар ўзининг тақво либоси башангалигини даъво қилиб, устки авратларининг очилиб қолганига эътибор ҳам қаратишмайди. Бу жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Агар кимнинг тақво либоси ўрнида бўлса, зоҳирий либоси ҳам албатта дуруст бўлади. Зеро, ҳар икки либос - хиссий авратни тўсадиган либос ҳам, тақво либоси ҳам.
Лекин исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зебу зийнатлари бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишига, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак.
Шунинг учун ҳам Ислом дини бу ишларда ўз таълимотларини жорий килган. Тананинг рангини билдирадиган даражада шаффоф кийим кийиш жоиз эмас.
“Ҳафса исмли бир аёл Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига шаффоф рўмол ўраб кирганида Оиша розияллоҳу анҳо рўмолини йиртиб ташлаб, қалин рўмол ўратиб қўйган эканлар”.
Одамларнинг одатига хилоф кийим кийиш ҳам яхши эмас. Одатда бу каби кийимлар шухрат учун кийилади. Бу каби кийим кийганларни бошқалар ғийбат қилади, уларнинг гуноҳларига кийган одамнинг ўзи хам шерик бўлади.
Жоҳилият даври аёллари иффат ва шарм-хаё билан кийинишни билмас эдилар. Чиройларини кўз-кўз қилишда мусобақалашар эдилар. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчокларини, ҳатто кўксиларини очиб юрар эдилар. Аллоҳ таоло бундай ҳолат аёлларга хос фазилат эмаслигини баён этиб оят нозил қилганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга ўтишган.
Ҳозирги кунда ёш йигит ва қизларнинг айримларинииг кийиниш маданияти ана шу давр аёлларининг кийинишига ўхшаб кетаётганининг гувоҳи бўламиз. Аёл кишининг либоси, танасини билинтириб турадиган даражада юпқа ва тор бўлмаслиги лозим._
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мусулмон ва муслима аёлларнинг кийимлари дунёдаги энг гўзал, энг чиройли, энг одобли, мухими эса - Аллоҳнинг амрига мувофиқ кийимлардандир. Бундан ортиқ шараф бўлиши мумкин эмас.
“Хожа Ориф Ревгарий Моҳитобон” жомеъ масжиди
имом-хатиби Миржон домла Эгамбердиев
имом-хатиби Миржон домла Эгамбердиев