Лудомания иллатидан сақланинг!
Ҳозирги кунда техник тараққиётлар кун сайин ўзгариб бормоқда. Ҳаттоинки уяли телефонлар ёши кексаларимизда бўлишлиги ажабланадиган ҳолат бўлмай қолди. Биз ва фарзандларимиз ҳам замонамиз тараққиётларига ҳамнафас бўлиб бормоқдамиз. Замонавий тараққиётлардан бири имкониятлари кенг бўлган интернетдан барча фойдаланмоқда. Аммо биз мусулмонлар ҳар бир берилган неъматлардан Худои таолога гуноҳкор бўлмайдиган даражада фойланишимиз зарур. Чунки фақат ҳалол нарсаларгина инсон ҳаёти учун фойдали, акси эса зарар.
Ҳар қадамда интернет кафе ёки компьютер клуби. Ўзига тўқроқ оилалар эса фарзандларига компьютер совга қилишяпти. Ачинарли томони эса ушбу замонавий техника ютуғини болаларимиз ўйин ўйнайдиган ёки кино кўрадиган восита сифатида қабул қилишади. Исталган компьютерхонага киринг, ҳали мактабга бормайдиган миттивойлардан тортиб, дарсдан қочган «қуён»ларгача берилиб ўйин ўйнашаётган бўлишади. Дунёқарашларининг кенгайиши ҳамда илм савиясининг кўтарилишига сабабчи бўладиган китоб ўқиш қайда қолди.
Аллоҳ таоло Таҳрим сурасининг 6-оятида шундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. »
Мазкур ояти карима бизларга ҳар бир оила бошлиғи ўз оиласига Худони танитиб, Унинг розилиги йўлида тарбиялаши бу Аллоҳнинг олдидаги бизнинг бурчимиз ва вазифасимиз эканлигига ёрқин далил бўлиб турибди.
Ушбу оят нозил бўлганда, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
- Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)! Ўзимизни сақлаймиз. Бола-чақаларимизни қандай сақлай оламиз? - дея сўраганларида. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша, уларни ўтдан сақлаш бўлади», деб жавоб берганлар.
Яқин ўн йил ичида тиббиёт ходимлари дунёда янги бир касаллик пайдо бўлганини аниқлашди. Лудомания – худди пиромания каби руҳий касалликдир. “Кибернетик лудомания” тушунчаси жаҳон медицина амалиётига расман киритилган касаллик номи. Киберлудомания – компьютер ўйинбозлиги. Компьютер ўйинларига ҳаддан ортиқ боғланиб қолишнинг асоратлари ёшларнинг ҳаёт тарзида, жисмоний ва маънавий соғлиғида намоён бўлади.
“Ота-оналар болаларини телевизорда бериладиган ёмон нарсалардан чалғитиш учун уларга Game Boy ўйин мосламасини олиб беришади. Бизнингча боғланиш ана шундан бошланади. Киберлудомания ҳатто 8 ёшли болаларда ҳам кузатилмоқда”, - дейди Голландия киберлудоманиядан даволовчи касалхона бош врачи Кит Бэккер.
Бэккер госпиталига тушган касалларидан бири – 28 ёшли Хан ван дер Хейден: “Мен 8 ёшимдан видео ўйинларига боғланиб қолганман. Бир кунда 14 соатгача ўйнардим. Ўзимни тутиб туриш учун наркотик истеъмол қилардим”, деган.
Маълумотларга қараганда, энг “геймерлашган” мамлакатлардан бири – Кореяда ҳар йили ўйинбозликдан 7 киши ҳалок бўлаётир. 38 ёшли бир киши ўн кун узлуксиз ўйнаган. Фақат ухлаб олишга танаффус қилган, холос. Шифокорлар уни юраги ёрилиб... ўлган ҳолда топишган.
Екатеринбурглик бир ўсмир 12 соатлик узлуксиз ўйиндан кейин мия инсультидан вафот қилган. “Болаларда миянинг бундай жароҳатланиши камдан кам учрайди. Ўйин пайтидаги узлуксиз руҳий зўриқишдан бола миясининг қон билан таъминланиши бузилган. Боши айланган. Бироқ, жазавага тушган ўсмир ўзини ўйиндан тўхтата олмаган. У ўзининг ўлаётганини билиб турса ҳам ўйинни тўхтатмаган. Зўриқишдан мия томирлари ёрилиб кетган. Мияга қон келмай қолган. Ўсмир ўлаётиб ҳам ўйнайвергани кишини ҳайратлантиради, - деган Екатеринбург болалар касалхонасининг наркология бўлими мудири Алексей Сулимов.
Ўрни келганида компьютер ўйинларининг яна бир зарари ҳақида тўхталиб ўтсак. Интернет кафеларига ёки плэйстэйшн клубларига борсангиз болалар ўйнаётган ўйинларга бир назар солиб кўринг, даҳшатнинг ўзгинаси. Ўйинларнинг аксарият қисми жанговар руҳда бўлиб, мақсад рақибни қириш. Тиш-тирноғигача қуролланиб, ҳужум уюштириш ва душманнинг қизил қони ҳар томонга сачраши болаларга олам-олам завқ бағишлаяпти. Руҳшуносларнинг фикри, бундай ўйинлар бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатади, уни асабий ва тажовузкор қилиб қўяр экан.
Зарарли ва таъқиқланган ўйинлар деганда ҳаёсиз, аврати очиқ аёл-қизлар ёки ошиқ-маъшуқлар иштирок этадиган, ўпишадиган, хочни улуғлайдиган, сеҳргарларни зўр қилиб кўрсатадиган, мусулмонларга қарши урушадиган ўйинлар назарда тутилади. Қиморбозлик, бераҳмлик, қотиллик ва босқинчиликни тарғиб қиладиган ўйинлар эса ёшлар онгида салбий асоратлар қолдиради. Бундай ёлғон тўқималар болаларнинг тасаввурини чулғаб олади ва ўзидаги бор қобилиятни ривожлантиришдан чалғитади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга сузишни, чавандозликни ва мерганликни, қизларингизга эса тикишни ўргатинглар”, деганлар.
Ҳадис шарифдан қуйидаги манфаатлар кўзда тутилган:
1. Сузиш энг афзал жисмоний тарбия. Одамнинг мушаклари бақувват, тана аъзоларининг ўсиши бир хил мутаносиб бўлади. Томирдаги қонларни яхши юргизиб, қон босими нормалашади ва юрак қувватланади.
2. От минишда нафас йўллари ва қон йўллари фаоллашади. Юрак уриши мўътадил бўлади. Одамнинг асаблари тинчланади. Ички аъзолар тетиклашади.
3. Мерганликда қўрқмас бўлади, диққатни бир жойга жамлашни ўрганади, сабрли бўлади.
Бу ҳадиси шарифдан бизларга маълум бўлдиким, бошқа бир ҳадисда “Қирқта кучсиз мўминдан битта кучли мўмин яхши” деганларидек, ўғил болаларни спорт билан шуғуллантириб жисмонан бақувват қилиш ва қизларимизни эса албатта бир касбни ўргатиб, уларни шуғуллантириб қўйиш керак. Бу билан қизларимиз келин бўлиб тушганларида шу касблари билан машғул бўлиб қоладилар. Албатта, аёлларимизнинг ўқимишли ва ҳунарли бўлишлари бу оилаларимизнинг тинчлигидир.
Ўзимизнинг миллий ўйинларимиз болаларимизнинг феъл-атвори, жисмоний ва маънавий шаклланиши учун “машқ майдони” вазифасини бажарган. Фарзандларимиз дўстлик, мардлик, қийналиб бўлса-да ғалабага эришишнинг илк нашидаларини туйишган.
Ёшларимиз ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлса, келажагимиз бахтли ва порлоқ бўлади.
“Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
“Масжиди Калон” жомеъ масжидининг имом хатиби
Мавлонов Жамол
«орқага