Тавба қилишга шошилинг
27 октябр 2018 й.
2210 марта ўқилди.
Тавба қилишга шошилинг...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Жоним измида бўлган Зотга қасам, агар гуноҳ қилсангиз, гуноҳингиз ер билан осмонгача бўлиб кетса ҳам, тавба қилсангиз, Аллоҳ таоло кечиради. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар сиз гуноҳ қилмасаларингиз Аллоҳ таоло сизларни йўқотиб ўрнингизга гуноҳ қиладиган бир қавмни келтириб қўярди. Улар гуноҳ қилиб, сўнгра мағфират сўрардилар. Аллоҳ уларни мағфират қиларди".
Инсон ҳеч гуноҳ қилмаса кибрланиб кетгани, гуноҳ қилмаябманку, деб Аллоҳга кечиришини сўраб ялинмай қўйгани учун Аллоҳ инсонни хато қиладиган қилиб яратди. Хато қилсинда кейин Роббисидан кечиришини сўрасин.
Банда модомики, ҳаёт экан олдинги гуноҳларига тавба қилиши вожибдир.
Аллоҳ таоло Қуръонда қуйидагича амр қилади:
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, ҳой мўминлар. Шоядки шунда нажот топсангиз… (Нур 31-оят).
Агар гуноҳ Аллоҳ таолонинг ҳаққи билан боғлиқ бўлса, ундан тавба қилишда учта нарса шарт бўлади:
1. Қилган ишидан афсус-надомат қилиш;
2. Дарҳол ўша гуноҳни тарк қилмоқ ва ундан чекинмоқ;
3. Қайта такрорламасликка астойдил қасд қилмоқ.
Мана шу тарзда қилинган тавбага “тавбаи насуҳ” дейилади. Мабодо юқоридаги учта шартдан бирортаси топилмаса бу тавбани соғлом-саҳиҳ тавба дейилмайди.
Агар гуноҳ банданинг ҳаққига доир бўлса, бу ҳолатда ундан тавба қилиш учун тўртта шарт бор. Юқоридаги уч шарт ва тўртинчиси ҳақдорни рози қилиб қўйиш. Агар масалан бировнинг молини тортиб олган бўлса, юқоридаги учта шартни бажаргач, ҳақ эгасига унинг молини қайтариб бериш лозим бўлади. Мабодо бировни ҳақорат қилган ё тан жароҳат етказган бўлса, бу гуноҳдан тавба қилишда юқорида қатор санаб ўтилган учта шартни адо қилгач, жабрланувчига ҳам худди шундай қилишга имкон беради ё ундан кечирим сўрайди. Агар ғийбат қилган бўлса, унга ошкор қилиб ризолик сўрайди. Мана шу шартлар топилгач тавба қилувчининг тавбаси насух тавба бўлиб гуноҳдан иншааллоҳ фориғ бўлади.
Аммо бир инсон, мен ҳеч гуноҳ қилмайман, тавба қилиб ялинмасам ҳам бўлаверади деса, демак у энг катта хатони қилган ҳисобланади. Замонамизда бор шундай кишилар гуноҳ қилмаймиз деб даъво қилади.
Аллоҳ таоло сизни ва бизни кўп тавба қилувчи инсонлардан қилсин.
Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" жомеъ
масжиди имом хатиби
«орқага