Энг зарарли фитнадан огоҳ бўлинг
20 ноябр 2018 й.
1651 марта ўқилди.
Энг зарарли фитнадан огоҳ бўлинг
Бу фитна шундай зарарли фитнаки, шу сабабли қанчадан-қанча соғлом касал бўлган,
- Қанчадан-қанча бой гадога айланган
- Қанчадан-қанча тақводор фосиққа айланган
- Қанчадан-қанча тинч оила хонавайрон бўлган
- Қанчадан қанча толиби илм илмдан воз кечган
- Қанчадан-қанча азиз хорга айланган
- Қанчадан-қанча мағрур ўрни йўққа айланган. Бу, аёл фитнасидир. Ҳар сизга жилмайиб боққан, кўзингизга чиройли кўринган, ўзини кўз-кўз қилган, умуман сизга ҳалол бўлмаган аёлдан ўтдан қўрқандай ҳайиқинг. Чунки, фитна каби уқубат йўқ, маҳрам бўлмаган аёлдай зарарлироқ фитна йўқдир.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Ўзимдан кейинги умматларим эркакларига аёллардек зарарлироқ фитна қолдирмадим".
Устозларимиздан бири ҳамиша ёш толиби илмлар учун такрорлайдиган насиҳатларидан бири: "Ҳар бир мусулмон йигитга мурожаътим: Эй мўмин йигит. Сенга Юсуф алайҳиссалом намуна бўлсин. Юсуф алайҳиссалом умрининг баҳорида, куч-қуввати, чиройи бўлган бир вақтда Миср маликаси фитнага солиб, уй ичида ўзига чорлади. У нима деди шунда? "Аллоҳ асрасин", деди. Сен модомики тўғри экансан, модомики Аллоҳдан қўрқар экансан, модомики ота-онанга яхши қарар экансан, модомики ҳаромдан узоқ юрар экансан, модомики илм олар экансан қўрқма. Келажагинг порлоқ сени. ИншаАллоҳ ҳалол, солиҳа жуфтга уйланасан, Аллоҳ сенга бойлик ҳам беради. Модомики тақво қилар экансан, қўрқма келажагингдан. Инсонлар нима деса деяверсин. Қимматчилик, ишсизлик кўпайганидан қўрқма, Аллоҳ тақводор бандасини ташлаб қўймайди".
Бугун ўзини кўргазмага қўйган ялонғочлар даврида кўзингизни қанчалик тийманг, шунчали Аллоҳга яқин бўлиб бораверасиз. Сиз фақатгина Аллоҳ учун тиясиз кўзингизни. Бу жуда улкан амалдир. Аллоҳ мукофотсиз қўяди деб ўйлайсизми? Ўйламанг, Аллоҳ бу ғаризани бериб, яна уни бўғиб қўйган экан, деб. Фақатгина чегара қўйиб қўйди, ҳалолигагина рухсат берди. Бу эса, Унинг Ўзига янада яқин бўлишимиз учундир. Номаҳрамдан кўзингизни тийиб Аллоҳга бир яқинлашасиз, ҳалолига боқиб ҳам Унга бир яқинлашасиз. Охиратини дунёси эвазига сотиб олган ялонғочлар ўз савдоларига сизни ҳам шерик қилиб қўйишига йўл қўйманг.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир". (Нур, 30-оят)
Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку"
жомеъ масжиди имом хатиби.
«орқага