МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛЛИК - ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ОМИЛИ
19 август 2022 й.
1424 марта ўқилди.

 

МАЪНАВИЙ БАРКАМОЛЛИК - ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ ОМИЛИ

Ислом динининг таълимоти бошқа барча илоҳий динлар каби зўравонлик ва босим ўтказишнинг ҳар қандай шаклларини тақиқлаб, кишилар ва халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенглик ва тинчликни тарғиб этишини кўп марталаб тушунтириб келмоқда. Чунки, дин маънавият, дин инсонни маънавий баркамолликка етаклайди. Исломнинг асл моҳиятини ва Аллоҳ томонидан Қуръони карим орқали туширилган ваҳий - кўрсатмаларни чуқур биладиган Ғарбдаги барча атоқли исломшунос мутахассислар: «Ислом» ва «террор» сўзлари ёнма-ён ишлатилиши мумкин эмас, бирорта илоҳий дин ҳар қандай зўравонлик ва зулмни оқламайди ва рағбатлантирмайди», деб таъкидладилар. Бутун дунё тинчлик ва меҳрибонлик дини бўлган, одамларга раҳм-шафқатли ва адолатли бўлишни, муҳаббат ва биродарликни буюрадиган Ислом дини тўғрисидаги ҳақиқатни тушуниб етган. Зотан, бирорта ҳам ҳақиқий иймонли киши, қайси диндалигидан қатъий назар, ўз ақидаси йўлида бегуноҳ одамларни ўлдирмайди.
Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг ғирт аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Шунинг учун барча террорчилик ҳаракатларининг манбаини художўйлик ва иймондан эмас, даҳрийлик ҳамда бидъатдан ахтариш керак. Бундай ҳолатларнинг илдизини фашизм, коммунизм, ирқчилик ва моддиюнчиликнинг бошқа шакллари тарғиб қилинган жамиятларда улғайган кишилар орасидан излаш даркор. Террорчиларнинг маълум исмлари (агарчи исломий номлар билан номланган бўлсада) ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас.
Инсониятга ислом неъматини ато этган илоҳий ваҳий - Қуръони каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша фавқулодда юмшоқ феълли, раҳм-шафқатли, адолатпарвар ва софдил бўладилар.
Умумий тушунчада «террор» дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий бўлмаган объектларга, тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг «бошқа томонда» бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди.
«Ислом» сўзининг маъноси Аллоҳга бўйсуниш, итоатни билдириб, унинг ўзаги тинчлик, сулҳ маъносидан олинган. Аллоҳ таоло ислом ақидасини нозил қилиш билан одамларга бемисл меҳрибончилигини ато қилган, буйруқларига бўйсунганларга тинчлик, осойишталик ва фароғат неъматларини ваъда қилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ер юзида юксак ахлоқ асосларига риоя қилишга, шайтоннинг йўлидан юрмасликка - зулм қилмасликка чақиради: «Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз!) Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» (Бақара, 208).
Қуръони карим таълимотига кўра, мусулмон киши ҳар бир хатти-ҳаракати учун Парвардигори олдида масъулдир, у адолатпарварлик ва раҳм-шафқат кўрсатиши, мусулмон ёки номусулмонлигидан қатъий назар, барча одамларга эзгулик олиб бориши, ожиз ва муҳтож кишиларни асраб-авайлаши ва ҳимоя қилиши, бошқаларни «ер юзида бузғунчилик» қилишдан қайтариши керак. Тинчликка, кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган барча хатти-ҳаракатлар, бошбошдоқлик ҳамда террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлар саналади. Қуръони каримда мусулмонларга шундай хабар берилган: «Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди» (Бақара, 205).
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади» – деган эди. 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш услубини дунё эътироф этди.
Демак, хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, террорчиликка қарши кураш йўлида зудлик билан қўйилиши керак бўлган биринчи қадам – бу жамиятда маърифат, маънавий ва диний тарбияни жорий этиш, одамлар онгидаги иймон ва динга бўлган хато андоза ҳамда тасаввурларни тузатишдир. Одамларда тақводорлик ва художўйликни тарбиялаш, Қуръони каримда нозил бўлган кўрсатмаларни тўғри англатиш орқалигина ана шу балони даф қилиш мумкин. Шу билан бирга мусулмонлар маънавий етуклиги, диний бағрикенглиги, тинчликсеварлиги ва камтарлиги билан бутун инсониятга намуна бўлиши даркор. 
 
Бухоро шахар “Умар ибн Хаттоб” 
жоме масжиди имом хатиби А.Нажмиддинов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram