Маросимлардаги исроф ва риёдан сақланайлик.
26 сентябр 2016 й.
«орқага
2944 марта ўқилди.
Маросимлардаги исроф ва риёдан сақланайлик.
Биз ўзбек миллатини бошқа миллатлардан афзал фазилати меҳмондўстлигидадир. Юртимизга чет давлатдан ташриф буюрган кўпкина меҳмонларини ҳам лол қолдирган нарса кўпчиликни чақириб қиладиган эҳсонимиз, саховатпешалигимиздир.
Ҳакимларимиз айтадилар: “Ҳар бир нарса ҳаддидан, меъёридан ошса зиддига айланади” деб. Қиладиган эҳсонларимизни динимиз, урф-одатларимиз, қадриятларимизга мувофиқ ҳолда ўтказадиган бўлсак ҳам бу дунёмиз ҳам охиратимиз учун фойдалик бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳар бир нарсанинг ўртачасини афзал билиб биз умматларини ҳам қиладиган тоату-ибодат, хайру-саховатда ўртача йўл тутишни таълимини берганлар. Роббимиз бандаларини бахиллик ва исрофдан қайтариб ўртаҳолликка чақирган.
Аллоҳ таоло каломи Қуръонда марҳамат қилиб айтади: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз”. (Исро сураси, 29-оят).
Аллоҳ таоло ҳидоят китобида марҳамат қилиб айтади: яъни: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”. (Фурқон сураси, 67-оят).
Халқимиз орасида турли сабаблар билан қилинадиган эҳсонлар кўп. Булар орасида “Бибисешанбе”, “Бибимушкулкушод” ёки авлиёларга атаб сўйиладиган жонлиқлар каби динимиз ва эътиқодимизга зид бўлган бидъат, ширк, катта гуноҳ амаллари ҳам мавжуд.
Мушкулни осон, ҳожатни раво қиладиган ҳам, умримиз, ризқимиз, касбу-ҳунарларимизга барака берадиган ҳам, шифо, фарзанд, бахт берадиган ҳам Аллаҳ таоло эканини унутмаслигимиз ва шу эътиқодга мустаҳкам туришимиз шарт.
Ҳар бир амалимизни Ягона Аллоҳ таоло ва Унинг розилиги учун қилишимиз лозим.
Аллоҳ таоло каломи Қуръонда марҳамат қилиб айтади: “Бас Роббинга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”( Кавсар сураси 2- оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамaт қилиб айтадилар: “ Мозорларга, азиз авлиёларга атаб қурбонлик қилиш исломда йўқдир” ( минг бир ҳадис - 980 ).
Муқаддас ислом дини уламолари халқимиз, инсонлар орасида ўтказиб келинадиган маросимларни ўрганиб чиқиб шариатимизга мувофиқ келадиган бир нечталарини аниқлаб ўз китобларида баён қилишган. Булар қуйидаги маросимлардан иборатдир:
1. Валийма – ( никоҳ тўйи) келин тушириш маросимидир.
2. Азийра – хатна муносабати билан ўтказиладиган маросим. ( Хатна қилишлик суннатдир. Суннат тўйи қилишлик эмас.)
3. Хурса – бола туғилиши муносабати билан ўтказиладиган маросим. ( халқимиз орасида аёлларимиз ўзаро ўтказадиган маросим бўлиб ҳар жойда ҳар хил ном билан номланади масалан: “ қовурдоқ”, “ беш кеча” каби.)
4. Вакийра – янги ҳовлига кўчиш муносабати билан ўткалиладиган маросим.
5. Нақийъа – бировнинг узоқ сафардан келиши муносабати билан ўтказиладиган маросим.
6. Ақийқа – туғилган бола 7,14,21 кунлик бўлганда ўтказиладиган маросим.
7. Вазийма – мотам муносабати билан ўтказиладиган маросим. ( 3,7,20,40, йил деб кун саналмайди. Ота вафот этиб вояга етмаган етим болалари қолса уларнинг эҳсон қилишлари ҳаром бўлади. Бориб уларни овқатини ейиш эмас етимларга овқат едириш лозим бўлади.)
8. Маъдаба – оддий ҳолда, кўнгилга яқинларни чақириб ўтказиладиган маросим.
9. Ҳизоқ – Қуръонни ёдлаб бўлганлиги муносабати билан ўтказиладиган маросим.
10. Туҳфа – бирор улуғ кишининг шарафига ўтказиладиган маросим.
11. Бало – офатдан қутилганлиги сабабидан қилинадиган маросим.
12. Бирор бир ютуққа, мувоффаққиятга эришганда ўтказиладиган маросимлар.
Бу юқоридаги санаб ўтилган эҳсон маросимларидан фақат “Валима”- яъни никоҳ тўйи зиёфатини ўтказишлик суннат ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланганларида бир қўй сўйиб тўй қилганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “ Набий алайҳиссаломга Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу “ Эй Аллоҳнинг расули, бир аёлга данак вазнидаги тилло ( маҳр бериб) уйландим”, деди у. Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй билан бўлса ҳам валийма қилгин”, дедилар.
Қолган барчаси мустаҳаб яъни савоблик амал. Шукрона сифатида, имконимиз, шароитимиз бўлса, исроф қилмасдан, шариатга мувофиқ ҳолда ўтказсак бўлади, инсонларга таом беришимиз, саховатимиз учун савоб оламиз. Агар имконимиз бўлиб туриб қилмасак дунёда гунаҳкор, охиратга эса жавобгар бўлмаймиз. Аммо иқтисодий жиҳатдан етишмовчилигимиз бўлиб одамлар қиляпди мен ҳам қилмасам бўлмайди деб, қарз олиб ёки оиламиз, фарзандларимизни нафақасидан, ризқидан камайтириб, уларни муҳтож қилиб эҳсон қилсак гунаҳкор бўламиз. Сабаби оилани нафақа ( уй-жой, кийим-кечак, озиқ-овқат) билан таъминлаш эркакнинг зиммасида вожибдир. Вожиб амални бажариш вазифаси турганда мустаҳабга амал қилинмайди. Аллоҳ таоло бандаларига тоқатидан зиёда нарсани юкламаган. Аммо инсонлар иқтисоди, қуввати етмайтуриб ҳам Аллоҳ таоло буюрмаган, бандадан талаб қилмайдиган ортиқча эҳсонларни, ишларни қилиб ўзларига ўзлари қийинчилик, машаққатни сотиб олмоқдалар.
Бугунги кунда орамизда кўп учрайдиган маросимлардан 63 ёшга тўлган кексаларимиз “пайғамбар оши” ёки Умра, Ҳаж сафаридан қайтганда қилинадиган эҳсонларимиз ҳам мавжуд. Бу эҳсонлар ҳам шариатимизда йўқ. Динимизни бирор бир ибодатдан кейин катта бир жамоатни, халқни йиғиб эҳсон қилиб, ошкор қилсин деган талаби йўқ. Бу эҳсонни шукрона сифатида, исрофдан узоқ, ихлос билан, ихчам, хонадонда, оила-қариндошлар даврасида қилса бўлади. Бунга динимизнинг қаршилиги йўқ. Аммо бугунги кунда улуғ бир тоат ҳисобланган ҳажни адо қилиб келгандан кейин катта дабдабабозлик қилиб, бир нечта мошиналарда, барча қариндошлар қўлларида гуллар билан чиққан, , на катта-кичикни, на ёшу-қарини, на олиму- устозларни, ходиму-хизматчиларни ҳурмат қилмай йўлларни тирбанд қилиб, шовқин –суронлар билан, карнай-сурнайлар садоси остида, маҳалланинг бошидан оёқ тагида тўшалган гиламлар устидан юриб келиб, 500-1000 одамни чақириб 100-200 кг гурунчни овқат қилиб эҳсон қилишлик исроф, риё ва манманликдан бошқа нарса эмас. Бунақанги хўжакўрсин каби ишлардан сақланмоғимиз лозим. Ибодатимиз ҳали қабул бўлдими ёки йўқ буни Аллоҳдан бошқа ҳеч бир ким билмайди. Бу ишлар исломнинг бирор бир одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келмайди.
Исроф сўзи араб тилидан олинган бўлиб “ ҳаддан ошиш”, “ чегарадан чиқиш” деган маънони англатади.
Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “ Исроф арзимаган нарса учун кўп мол сарфлашдир. Инфоқда, миқдорда ҳаддан ошишдир ”.
Роғиб Асфиҳоний айтадилар: “ Инсон қиладиган ҳар бир ишида ҳаддан ошиш исрофдир”.
Аллоҳ таоло каломида: “ Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилгувчиларни севмайди”. ( Аъроф сураси 31- оят).
Набий алайҳиссалом айтадилар: “ Енглар, ичинлар, кийинглар ва садақа қилинглар аммо исроф ва мутакаббирлик қилманглар”- дедилар. ( Насоий ва Ибн Можа ривояти).
Ибн Ҳажар Асқалоний риёга ( одамлар кўрсин деган сўзга) таъриф бериб айтадилар: “ Риё одамлар кўриб, эгасини мақташлари учун ибодатни изҳор қилишдир ”.
Анас розияллоҳудан ривоят қилинади: “ Набий алайҳиссалом айтдилар: Аллоҳ таоло айтдики: “ Мен фақат розилигим учун ( риёсиз, ғаразсиз) қилинган ишларнигина қабул қиламан”.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов 1998 йил 28 октябрда тўй-ҳашамларимизни меъёрда ўтказиш бўйича фармонлари қабул қилинган эди. Фармонда қуйидаги фикрлар айтилган: “Кейинги вақтларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, марака ва маросимларни марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда мамлакатимизнинг кўп жойларида шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик,ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган инсонларни инобатга олмаслик каби эскидан қолган асоратларга йўл қўйилмоқда. Энг ачинарли томони шуки, бундай сохта хўжакўрсинлик одатлари ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда, кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлмоқда. Улар бу каби номақбул анъаналарга чек қўйиш ҳақидаги талабларни билдирмоқдалар. Ўзларининг эҳтиёжларидан ортиқ маблағларни халқимизнинг азалий одатларига амал қилиб, хайру-эҳсон, меҳр-мурувват кўрсатиш, муҳтожларга, бева-бечораларга ёрдам бериш, турар жойларни обод қилиш, йўллар, кўприклар қуриш, ишлаб чиқаришга сарф қилиш – шундай олийжаноб саъй-ҳаракатлар орқали эл-юрт олдида ўзларига ҳақиқий обрў орттириш юзасидан таклиф ва маслаҳатлар бермоқдалар”- деб.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси “ Маҳалла” хайрия жамғармасига: Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, маҳаллий ҳокимлар, тегишли жамоат ва давлат ташкилотларига бу ишларни олдини олиш ва чек қўйиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишни тавсия қилган эдилар.
Ҳақиқатда юқоридаги фиклар исмларига мувофиқ исломий талаб бўлган десак адашмаган бўламиз.
Ҳақиқатда, динимиз таълимотига назар ташласак ўз манфаатимиздан инсонларнинг, халқ ва миллатнинг эҳтиёжи устун туришига гувоҳ бўламиз. Ҳозирда халқимиз жуда тўқ, фаровон ҳаётда яшаяпди. Эътибор қилсак эҳсонларимизга келган меҳмонларнинг 80% то овқат тортилгунига қадар қўлларини дастурхондаги неъматларга узатишмайди. Бугун инсонларга овқат едириш ва кетма-кет зиёфатдан устма-уст ейилган таомларни ҳазм қилиш муаммо бўлаяпди. Яна аксар ҳолда доимгидек очлар кам, ёки кўринмайди тўқлар эса етарлича топилади. Шунинг эътиборидан топганимизни доим еб-ичишга, хатми-худойиларга эмас жамиятимиздаги етимларни ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишига, бева-бечораларни уст-бошига, касалмандларнинг шифо топишига, ҳовлисиз ижарама-ижара қийналиб юрганларни уйли-жойли қилишга, илм, каб-ҳунар ўрганиш талабидаги иқтидорли ёшларимизни салоҳияти, ўқиб жамият, юрт, бутун дунёга нафи тегадиган комил инсон бўлишига, ҳаммамизни доимий эҳтиёжимиз тушиб турадиган масжид, мадраса, мактаб, кутубхона, шифохоналар таъмири, йўллар равонлиги, кўприклар мустаҳкамлиги, ариқлар тозалиги, шаҳримиз, маҳалла-қишлоқларимиз ободлиги, кўчаларимиз гўзаллиги ва ёруғлиги каби инсон вафот этиб кетгандан кейин ҳам доимий савоб ва ажр етиб турадиган садақаи жория ишларига сарфласак ҳам бу дунёмизда фаровон яшаймиз ҳам у дунёмиз обод, қабримиз жаннат бўлади.
Мусулмон шундай инсонки дунёда яшаб Аллоҳ таолонинг розилиги учун, ўзини охирати ободлиги учун амал қилади. Шу амали туфайли инсонлар, халқига фойда келтириб дунёси ҳам обод бўлади. Роббимиз барчамизга ҳалолдан ризқ бериб Ўзи рози бўладиган жойларга сарф қилишга муваффақ қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни яхшиликларга бардавом қилсин. Ортимиздан фақат яхшиликлар қолмоғини насиб айласин.
Ғиждувон туман
« Соктари » жомеъ
масжиди имом хатиби: Жасурбек Латипов.