Масжид одоби
05 июн 2020 й.
1281 марта ўқилди.

 

Масжид одоби

Ислом динида одоб масаласи ўта муҳим масала ҳисобланади. Чунки, Аллоҳга яқин бўлишда, Аллоҳни розилигига эришишда одобнинг ўрни жуда ҳам муҳим. Биз-у сиз, азиз юртдошлар билан бугун фикр юритмоқчи бўлганимиз масжид одоби доирасидадир. Масжид сўзи луғатда "сажда қилинадиган жой, макон" маъносини англатади. Истилоҳда эса беш вақт намоз ўқиладиган жой масжиддир. Яна ҳурмат юзасидан Аллоҳни уйи Байтуллоҳ ҳам дейилади. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайхи вассалам: “Қачон жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз, сайил қилинг" - дедилар. Мен эй Аллохнинг расули жаннат боғлари нима? - дедим. У зот: "Масжидлар" - дедилар. Сайил нимадир, эй Аллоҳнинг расули - дедим. "Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи вала илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар" - дедилар.(Islom.uz) Демак, ким бу ёруғ дунёда масжидга кирса, жаннат боғига кирган бўлади. Ким масжидга кириб зикр қилса, жаннат боғида сайил қилган бўлади. Ушбу жаннат боғи ҳисобланган масжидга кирган ҳар бир инсон қуйидаги одобларга риоя қилишлиги лозим:
Масжидга борувчи Аллоҳ таолонинг зиёратига бораётганини эсдан чиқармаслиги лозим. Масжидни эҳтиром қилиши ва эьзозлаши керак.
Масжидга боришдан олдин таҳорат қилиб, ўзига оро бериб, покиза кийимларини кийиб, гўзал ҳолатга келиб олиш юксак одобдандир. Яна масжидга бориш пайтида жисмдан ва кийимларидан ноҳуш ҳидлар чиқмаслик чораларини кўриши керак. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким пиёз, саримсоқпиёз ва ёввойипиёз еса, масжидга асло яқин келмасин. Чунки, фаришталар одам болалари озор топадиган нарсалардан озор топадилар." - дедилар. Масжидга намоз ўкиш учун кетаётганда сокинлик билан шошмасдан беҳуда ҳаракатлар қилмай, қалбда хушуъ билан борилади. Масжидга киришдан олдин ўнг оёқ босилади ва "Ассаламу алайка я Расулуллоҳ, Аллоҳумма ифтаҳли абвабар роҳматика" дуоси ўқиб кирилади. Масжидга кирган одам ундаги тозаликка қаттиқ риоя қилиши, ўзидан бирор нопок нарса масжидга тушмаслигига аҳамият бериши керак. Масжидга кирган одам тупурмаслиги, бурнини қоқмаслиги ва балғам ташламаслиги гўзал одобдир. Масжидда беҳуда гаплар, беҳуда юришлар ва овозни баланд кўтариш одобсизликдир. Масжидда хусуматлашиш, дунёвий ишлар билан машғул бўлиш, олди-сотди қилиш, ҳикматсиз шеърлар айтиш, беодобликдир. Масжидда бармоқларини қирсиллатиш, бармоқларини ўйнаш ва оёқларини қучоқлаб ўтириш одобсизлик кўринишларидан биридир. Ҳа азизлар, шунинг учун гўзал динимизнинг гўзал одобларига риоя қилсак, ҳеч қачон қилган амалимиз зое кетмайди. 
Аллоҳ ҳаммамизни, ҳар бир қилаётган амалимизни динимизда таълим берилганидек, гўзал одоб ва гўзал ахлоқ доирасида амалга оширишимизни насиб қилсин! 

Ғиждувон туман "Фришкент" жомеъ масжид
имом-хатиби Мамадиев Маҳмуд
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram